130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
МАСЖИДГА НИМАГА БОРАСАН ДЎСТИМ?
Mimon.uz 2025-11-02 12:54:45 12Икки дўст учрашмаганига ҳам анча бўлган экан. Тасодифан учрашиб қолишди. Иккиси ҳам аср намозига кетаётганларини дарҳол сезишди. Табиатан камгап бўлган дўсти ҳол-аҳвол сўрагач, секин бош эгиб масжид томон жим кетаверди. Аммо иккинчи киши гапиришда давом этди.
– Биласанми, ошна, эсимни таниганимдан бери шу масжидга бораман. Билсанг, “Масжиднинг узоғи, қабристоннинг яқини яхши” деган гап бор. Шунга масжидга пиёда боришни афзал кўрдим. Бўлмаса, уйда янги “инамарка”м турибди. Лекин бизга савоб муҳим, савоб. Эҳ, бу кўчаларни менчалик биладиган одам бўлмаса керак. Ҳов анави ерда иккита зўр ошхона бор, овқатлари сара-сара. Мана бу уйни эгаси цемент заводининг каттакони, бир-икки ёнма-ён намоз ўқиганмиз. Ҳов анави иккита уй битта одамга тегишли. Уй эгасини “заправка”си бор. Нақд тўртта. Хотинниям иккита қилиб олганлар брат. Мана шу иккита уйда иккита хотини яшайди. У киши билан ҳам ёнма – ён кўп намоз ўқиганмиз. Масжид орқасидаги Саъдулла акани танийсанми, ўртоқ? Биздан икки курс юқори ўқиган. Намозни роса маҳкам тутганлар. Лекин-чи, “парник” бизнеси билан роса танилиб кетдилар. Бир кунда ўзиям эллик миллионми, шунақа даромад қиларкан. Зўр-а?
Камгап дўсти секин бош ирғаб қўйди. Қўлидаги соатига бот-бот қараб жим эшитар эди суҳбатни.
– Масжидни қурган одамниям танимасанг керак хойна-хой. Лутфулла ака роса катта фирмаси бор. Ярми харажатни ўз ҳисобидан қилиб берди. Таҳоратхонадаги мис офтобаларни буюртмага ясаттирган. Ҳар бири биласанми қанча туради. Билмайсан... Мана шу одамни ёнида туриб намоз ўқиш, биласанми, қанчалик шараф. Бир сафар бирга овқатланишга ҳам таклиф қилганман. Овқатни пулини ўзи тўлаган, биласанми? Нақд беш юз мингни шундоқ чиқариб ташлаб кетган. Секин қайтимини ҳисобчилардан олганман. Йигирма беш мингга бизни алдамоқчи бўлган. Бировнинг ҳақидан қўрқмайди булар. Анави жойнамоз сотиб турган болани кўряпсанми? Ана шу болани амакиси шу ерда дўкон очган. Арабистоннинг ўзидан олиб келиб сотади ҳамма нарсасини. Манови жойнамозни шу одам совға қилган. Атайлаб олиб келаман. Кейин сиз берган жойнамозда намоз ўқийман бугун ҳам деб эслатиб қўяман ҳар сафар. Эҳ сен нимага бунча эътиборсизсан-а? Бундоқ ён-атрофга қара, одамларни тани. Масжидга нима учун чиқасан ахир бўлмаса?
Шунда иккинчи камгап дўсти секин билагидан тутиб, эски бир машинани кўрсатди. Тепа қисми ранглари кўчиб кетган.
– Мана шу машина кимники?
– Кулгимни қистатма! Бирорта эски-туски йиғадиган машинасини қолдириб, маҳаллани оралаб кетгандурда. Қаердан танийман уни.
– Билсанг, шу машинани эгаси мана шу масжиднинг имоми. Қироатларида сеҳр бор. Эшитсам, беихтиёр йиғлаб юбораман. Бу масжидга бойлар билан танишгани эмас, шу қироат эгасини овозини эшитиб, ортида туриб Аллоҳни фарзини бажаргани келаман, холос.
