130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
МАЗҲАБ ДЕСА, ЭНСАСИ ҚОТАДИГАНЛАР!
imon.uz 14-01-2020 719Хўп, мазҳабда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга эргашмас экансан, “мазҳаб” сўзини эшитсанг, энсанг қотар экан.
“Қуръон ва Суннатга эргашаман” деб бор овозинг билан бақирар экансан.
Қани менга айтчи, сен ўқиётган намознинг шаклини қаердан олгансан? Суннатдан деб шошқалоқлик қилма! Алдама! Сен фалончининг китоби ёки аудио суҳбатини эшитиб, ўшани бажаряпсан. Демак, мазҳабни тан олмаганинг билан барибир кимнидир мазҳабига, йўлига эргашяпсан-ку! Ўша одам айтган кўринишда намоз ўқияпсан-ку!
Энди савол: сен аудиосини эшитаётган, видеосини кўраётган ёки китобини ўқиётган киши илмлироқми ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаган даврда яшаган, саҳобаларни кўрган инсон илмлироқми?
Бунинг жавобини қалбингни тўрида бериб турибсан. Аммо кибринг, қайсарлигинг ўша жавобни тилга чиқаришга қўймаяпти.
Кўзингни каттароқ оч! Ҳаёт фақат фейсбукдан иборат эмас. Атрофингдаги маслакдошларингнинг “биродар”, “рижол” деган гаплари сени алдаб қўймасин!
Агар устоз муҳим бўлмаганда, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил қилиб қўйиб, бандаларга ўзлари ўқиб, тушуниб олишларини амр қилган бўларди. Лекин ундоқ қилмади. Ўша инсонларнинг ичидан бир инсонни танлаб олиб, унга бандаларига айтмоқчи бўлган амр ва наҳйларини юборди. Ўша танлаб олинган Пайғамбар Аллоҳ таолонинг бандаларига Аллоҳ таолонинг муродини, рисолатини етказиб, устозлик қилдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима амал қилганларини энг яхши билувчилар саҳобаи киромлардир. Саҳобаи киромларнинг амалларини энг яхши билувчилар тобеинлардир.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эса ўша тобеинларнинг бир вакилидирлар.
Савол:
Ким илмлироқ?
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Ибн Таймиями?
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Ибн Қаййимми?
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Албонийми?
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Ибн Бозми?
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Усайминми?
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳми ёки Фавзонми?
Бу саволнинг жавоби яна қалбинг тўрида деб ўйлайман! Қайсарликни бас қилиб, эътироф этилган уламолар, мужтаҳидлар йўлига эргаш!
Талашиб-тортишишни, бир-бирини ҳақорат қилиб, ерга уришни бас қил!
Аллоҳ таоло барчамизни уламоларга нисбатан беписандлик қилишдан асрасин!
Барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!
Нозимжон Ҳошимжон
Манба: Муслим.уз