Менга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман

Менга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман

imon.uz 2023-12-22 01:53:05 330

"Менга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман... "

(Ғофир сураси, 60-оят)

 "Аллоҳ фақат жазолайди"

 "Аллоҳ бизни яхши кўрмайди"

 “Аллоҳ раҳм қилмайди” ...

Бундай нолишлар қулоғимизга  тез-тез чалинади. Яратган Зот: “Менга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман...” (Ғофир сураси, 60-оят) десаю, бундай норозиликлар қилсак, исён бўлмайдими?! Инсонлар орасида бу каби норозиликларнинг пайдо бўлишига динимиз ҳақида нотўғри маълумотга эга бўлиш ёки хато маълумот тарқатиш сабаб бўлади.

Атрофингизга бир қаранг, баъзи инсонлар нималар қилмоқда? Зино, қотиллик, ҳаёсизлик, ўғрилик, алдов, порахўрлик... Дилингиз оғрийди. Қалбингиз қаттиқ ранжийди. Аммо Яратган Зот бандаларига Раҳмлидир, Ғофирдир. Тавба қилганни кечириб, жаннатига дохил қилади. 

Табиатни мукаммал кўринишда яратган Зот инсонни ҳам гўзал яратди: "Ва Биз Одамни энг гўзал суратда яратдик" (Тийн сураси,4-оят), Инсонни Ўзининг энг севимли мавжудоти қилди, одамларнинг энг яхшиси қилиб, расул ва набийларни, улар ичидан Муҳаммад алайҳиссаломни танлади. Алҳамдулиллаҳ, бизни Муҳаммад алайҳиссалом умматларидан қилди. Роббимиз бизларни бошқа умматлардан кўплаб неъматлар билан улуғлади, эъзозлади, эҳтиром кўрсатди. Ҳатто расуллар бизнинг умматдан бўлишни орзу қилишди. Муқотил ибн Сулаймондан ривоят қилинади. Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога илтижо қилди: "Мен Лавҳда: “Улар Аллоҳ ҳузурида шафоат қилинадилар ва улар учун Унинг ҳузурида шафоат сўралади" деган ёзувни кўрдим. Менинг умматимни шулардан қилгин", деди. Шунда Аллоҳ таоло: "Бу Муҳаммад алайҳиссалоту васалламнинг умматидир", деди. Мусо алайҳиссалом: "Ё Раббим! Мен Лавҳда беш маҳал намоз билан гуноҳлари ювилиб кетадиган умматни кўрдим. Менинг умматимни ўшалардан қилгин", дедим. Аллоҳ таоло: " Бу Муҳаммад алайҳиссалоту васаллам умматидир", дедилар. Мусо алайҳиссалом: "Мен Лавҳда кўрдим: етмиш минг мўмин сўроқсиз жаннатга мушарраф бўларкан. Ўшаларни менинг умматимдан қилгин", дедим. Аллоҳ таоло: "Бу Муҳаммад алайҳиссалоту васаллам умматидир", деди. Мусо алайҳиссалом: "Мен Лавҳда бир умматни кўрдим, улар яхшиликни ният қилсалар ҳам бир савоб ёзилар экан. Агар улар яхшилик қилишса, ўн савоб ёзилар экан. Менинг умматимни шулардан қилгин", дедим. Аллоҳ таоло: "Бу Муҳаммад алайҳиссалоту васаллам умматидир", деди. Мусо алайҳиссалом: "Ё Роббим! Мен ўша Расул умматидан бўлишни ҳоҳлайман", демагунча сўрайверди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: "Эй Мусо, Мен сени одамлар ичидан хабарим ва сўзим билан улуғладим. Бас, нима берган бўлсам, шуни олгин ва Менга шукр қилгувчилардан бўлгин" (Аъроф сураси), деди.  

Аллоҳ таоло бу умматни беш нарса билан улуғлади:

1. Гуноҳларни кам содир этиш учун Аллоҳ таоло оз умр берди.

2. Аллоҳ таоло умматни бўйларини пастроқ, гавдаларини кичикроқ яратди (камхарж, камсарф бўлиши учун).

3. Кибрланмасликлари учун жисмонан заиф қилиб яратди.

4. Қабрда ва Қиёмат кунида ҳисоб-китоб енгил бўлиши учун фақир ва муҳтож қилиб яратди.

5. Қабрда камроқ бўлишлари учун  охирги расул − Муҳаммад алайҳиссалом умматларидан қилди...

Ҳазрат Одам алайҳиссалом дедилар: "Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалом умматларини тўрт хислат ила мукофотлади. Ҳатто мен ҳам бу хислатлардан бенасибман.

1. Албатта, менинг тавбам Маккада қабул бўлди. Муҳаммад алайҳиссалом умматининг тавбаси эса ернинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар Аллоҳ таоло уни қабул қилади.

2. Мен кийимда эдим, лекин гуноҳ содир этганимда Аллоҳ таоло мени яланғоч қилди. Муҳаммад алайҳиссалом уммати эса яланғоч ҳолларида гуноҳ қилишади, лекин кийим пайдо бўлади (яъни Аллоҳ таоло тавбага имкон бўлиши учун ҳар қайси гуноҳдан кейин мол-мулкларидан жудо қилмайди).

3. Қачонки  мен гуноҳ содир этдим, Аллоҳ мени аёлимдан жудо этди, Муҳаммад алайҳиссалом умматини эса оиласидан айирмайди.

4. Ҳақиқатда мен жаннатда хато қилдим ва у ердан қувилдим. Муҳаммад алайҳиссалом уммати эса гуноҳлар қилишади, лекин жаннатга тавба билан пок ҳолларида киришади".

Аллоҳ таоло беш вақт намозни фарз қилди. Бу билан У Зот инсонни Ўзига мурожаат қилиш имконини берди. Ҳеч қайси умматга бундай неъмат берилмаган. Гуноҳкор инсон тавба қилишидан умидвор бўлиб Роббимиз бизларни гуноҳларимизни ёзиб борувчи малоикага гуноҳни олти соат давомида қайд этмасдан кутишларини буюрар экан. Тавба қилишимизга имкониятлар берган, энг яхши уммат ва хислат эгаларидан қилган Раббимизга исён эмас, қуллик қилайлик азиз биродарим! Зеро, неъматларга ношукрлик ҳам имондан эмас.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид