Миссионерлар найранглари

Миссионерлар найранглари

Mimon.uz 23-07-2020 759

Миссионерлар қандай йўллар билан одамларни ўз тузоқларига илинтиради? 

Миссионерлик ҳақида сўз борар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу сўз лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», яъни «вазифани бажарувчи» деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган бирор динни ўз юртидаги ёки ўзга юртлардаги бошқа диндагилар ўртасида тарқатиш соҳасидаги черков (яъни, католик ва протестантлар каби йўналиш) ташкилотларининг фаолиятидир. 

Миссионерлик – бу бошқа диний эътиқодга эга бўлган аҳолини ўз динига оғдириб олиш мақсадида диний ташкилотлар вакиллари томонидан амалга оширилаётган фаолият. 

Миссионерлик ҳам терроризм ва экстремизм каби маълум бир динга тааллуқли эмас. Лекин бизда асосан христиан динининг миссионерлик ҳаракатлари кўзга ташланмоқда. Улар кимлар томонидандир маблағ билан таъминланади, шу сабабли, янги аъзоларига маълум миқдорда мукофот пули бериш, кўнгилочар тадбирлар ташкил қилиш, чет тилларини бепул ўргатиш, бепул китоблар тарқатиш каби ҳаракатлари кўрилади.

Уларнинг мақсадлари:

-кундан-кун нуфузи ошаётган ислом динига путур етказиш;

-маълум бир халқларни маънавий жиҳатдан ўзларига қарам қилиш;

-мамлакат ичида фуқаролар урушини келтириб чиқариш;

-дин баҳонасида мулкка эгалик қилиш.

Ислом диёрларида маҳаллий аҳолини ўзга динларга, хусусан христиан динига, унинг баъзи секталарига миссионерлик йўли билан тарғиб этиш анчадан буён кузатиб келинаётган  ҳолдир. Бундай ҳаракат айниқса, собиқ иттифоқ ҳудудида кенг тарқалган. 

Шуни эслаб ўтиш жоизки, миссионерлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунибилан тақиқланади. Ушбу қонуннинг 5-моддасида- «...Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик ҳаракати ман этилади...», дейилади.

Миссионерлик қонун йўли билан тақиқланган бўлса ҳам, унинг таъсири мамлакатда ўз аксини кўрсатаётган экан, бунда ота-боболари ислом динига мансуб бўлган фуқароларининг эътиқод масаласидаги билим ва тасаввурларини бойитиш, уларга ислом динининг асл моҳиятини тушунтириш муҳим аҳамият касб этади. Лекин ўз динимизни яхши билишимиз билан бир қаторда миссионерларнинг ким эканлиги, уларнинг асл мақсадлари, миссионерлик тарихи ва бу ҳаракат вакилларининг бугунги даъволари ҳақида ҳам атрофлича маълумотга эга бўлишимиз шарт.

Миссионерлар даъват этаётган нарса ҳам кўринишидан чиройли бўлиши, миссионерларнинг мулойим гапларию хайр-эҳсонларининг чегараси йўқ бўлиб туюлиши мумкин, аммо мақсадлари ёвузлик ва шу йўл орқали ўз гуруҳлари сафини кенгайтиришдир.

Ҳозирда миссионерлик «табшир» (башорат бериш), «тансир» (насронийлаштириш) каби номлар билан аталади. Аммо улар асл фаолиятларини ниқоблаш учун турфа чиройли сўзлардан фойдаланадилар. Миссионерлар ўз мақсадлари йўлида ҳеч қандай воситани аямайдилар, уларнинг усул-найранглари доимо такомиллашиб боради. Мана улардан бир нечтаси:

1.  Инсоний ёрдамлар кўрсатиш. Бунга, албатта, моддий ёрдамлар (тиббиёт, озиқ-овқат) ва сўзсиз, «руҳий» ёрдамлар киради.

2.  Маҳаллий халқ тилида ўша халқнинг урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда, сифатли, рангли, расмли даъват китобчаларини бепул тарқатиш. Мусулмонлар учун чиқарилган бу китоблар кўпинча Қуръон оятлари билан «безалади».

3.  Насронийликни тарғиб қилувчи газета-журналлар чиқариш.

4.  Насронийликка қизиқтирувчи аудио-видео кассеталар тарқатиш. 

5.  Радио-телевидение орқали жонли кўрсатувлар тайёрлаш. Бу кўрсатувлар орқали аҳолини мулоқотга чорлаш, адреслар алмашиш.

6.  Турли мавзуларда тадбирлар ва анжуманлар уюштириш.

7.  Мусулмон ўлкаларга турли номлар остида (масалан, ҳамшира, тил ўргатувчи, тарбиячи) миссионер кадрлар жўнатиш.

8.  Якка шахсларга даъват хатлар жўнатиш.

9.  Ёшлар жамиятлари билан ҳамкорлик қилиш.

10.  Инглиз тили, компьютер ўргатиш ниқоби остида миссионерлик кутубхоналарини, клубларини ташкил этиш.

11.  Ўз сафларига қўшилганларни моддий рағбатлантириш, уларни чет элларга жўнатиш, иш билан таъминлаш.

12.   Ўз юртларига келган саёҳатчиларни ҳам назардан четда қолдирмаслик. 

Ушбу найранглар таъсири остида мусулмон кишида уч ҳолат кузатилади:

Мусулмон киши бошқа динни қабул қилади ёки бошқа динни ҳам ҳақ йўлда деб ўйлай бошлайди ё камида ўз динига бўлган садоқати йўқолади.

Баъзи ватандошларимизнинг уларга эргашиб кетаётганлигига  сабаб – ўз динимиз йўл-йўриқларидан мутлақо бехабарлик. Мана шу бўшлиқни миссионерлар уддабурронлик билан тўлдиришмоқда.

Яна бир сабаби – ён-атрофимиздаги кам таъминланган оилалардан, ногиронлардан, боқувчисидан айрилган қариялардан кўнгилдагидек тез-тез хабар ололмаяпмиз, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатолмаяпмиз. Миссионерлар бу йўл билан баъзи муҳтожларнинг кўнглини овлашяпти ва уларнинг ишончини қозониб, диний даъватни тарғиб қилишмоқда.

Миссионерлар асосан ёрдамга муҳтож ва ночор қолганларни излаб топиб, моддий ёрдам қилишади, кейин эса бепул китоблар тарқатиб, ўз динларига даъват эта бошлашади. Миссионерлар бу ишда турли хайрия ташкилотлари ва фондлар хизматидан фойдаланишади. Айни вақтда бундай ҳаракатлар нафақат Ўзбекистонда, балки дунёдаги деярли ҳар бир давлатда олиб борилмоқда.


Дўстлик туман бош имом-хатиби

Абдурасулов Аҳмад 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид