Миссионерлик ва ундан кўзлаганган асл мақсадлар

Миссионерлик ва ундан кўзлаганган асл мақсадлар

imon.uz 2021-03-09 11:43:01 533

Миссионер ҳақида гап кетар экан, аввал унинг маъносини билиб олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ушбу сўз лотинча “missio” сўзидан олинган бўлиб, юбориш, вазифа топшириш маъноларини англатади. Миссионер эса, вазифани бажарувчи деган маънони англатади. Миссионерлик эса, маълум бир динги эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.

Миссионерлик ҳаракатининг тарихи ўрганилса, миссионерлик буддизмда сайёр монахлар томонидан амалга оширилиб, милоддан аввалги III асрдан бошлаб тарқала бошлаган. Христиан миссионерлиги эса, милодий IV асрга келиб пайдо бўлиб, XIII-XIV асрларда Ҳиндистон, Хитой ва Япониягача кириб борган. Бу ҳаракат АҚШ га XIX аср бошларида кириб келганлигига гувоҳ бўламиз.  

Миссионерларнинг фуқароларнинг ишончларига кириш усуллари - хасталик туфайли моддий ночор аҳволга келиб қолган, турли таъсирлар сабабли оғир руҳий аҳволга тушиб қолган, оғир жудоликка учраган, ахлоқ тузатиш муассасааридан чиқиб келган моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож фуқароларга турли кўринишда моддий ёрдам кўрсатиб, маҳаллий аҳоли орасида ўзлари ҳақида ижобий фикр ўйғотиб олишдир.  Улар ўз иш фаолиятларида ўта ишонувчанлиги, ташқи таъсирга мойиллиги юқори бўлганлиги сабабли аёллардан фойдаланишга алоҳида эътибор беришади. 

Миссионерлик фаолиятининг энг баланд чўққиси прозелитизм ҳисобланади. Прозелитизм тўғридан-тўғри бирон динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечтириш ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборатдир. Прозелитизм жуда тез мева берадиган иллат ҳисобланади. Бир қанча муддат ислом динида юриб, кейинчалик миссионерлар таъсирида бошқа динни қабул қилган киши ҳалок бўлса, маййитни мусулмонлар қабристонига қўйишда муаммо пайдо бўлади. Маййитнинг яқинлари уни   мусулмонлар қабристонига қўйишни, ноисломий дин вакиллари эса ўз қабристонларига қўйишни даъво қилишади. Натижада ўша ерда бир миллат, бир динга мансуб халқ  орасида зиддият келиб чиқади. Аслида, миссионерликдан кўзланган асл мақсад ҳам шу эди. Яъни, бир миллат, бир динга мансуб бўлган халқни иккига бўлиб ташлаб, сўнгра эгалик қилиш.  

Жамият тараққиётга эришиб борган сари миссионерлик ҳам унга мос равишда замонавий фан-техника ва технологиялардан усталик билан фойдаланган ҳолда ўз иш услубларини такомиллаштириб бормоқда.

Улар бугунги кунда маҳаллий тилларда христианликни тарғиб қилувчи адабиётларни чоп қилиш ва тарқатиш, хайрия ёрдамлари уюштириш, тиббий ва таълим-тарбия соҳаларига махсус кадрлар юбориш, “Ғacebook” ижтимоий тармоғида, “Youtube“ видеопорталида, “Telegram“ ва “Instagram” мессенжерларида маълумотлар тарқатиш ва ўз гуруҳларига янги аъзолар жалб қилиш ишларига алоҳида аҳамият беришмоқда.

 Шунингдек улар ёшлар ва талабаларга катта эътибор беришади. Таниқли миссионер П.Джонстоун ўзининг “Дунё операцияси” китобида: “Бутун дунё универститет ва коллежларида 37 миллион талаба таҳсил олади. Уларнинг кўплари 20 йилдан сўнг йирик мансабларни эгаллашади”, деб ёзади.

Ҳозирги кунда “Халқаро христиан оромгоҳлари” ассоциациясига МДҲ нинг 7та мамлакатида 177 та оромгоҳ аъзо бўлган. Ушбу оромгоҳлар дастури шундай ишлаб чиқилганки, мавсум охирига бориб у ерда дам олган бола христиан динини қабул қилиб чиқиб кетади.

Мана, миссионерлар қандай режалар билан иш олиб боришмоқда. Тўғри, мамлакатимиз қонунчилигида миссионерлик ва прозелитизмга қарши нормалар ва бундай ҳаракатларга қарши жазо чоралари кўзда тутилган. Лекин, миссионерлик ва прозелитизмга қарши қўлланадиган жазо чоралари билан бу ҳаракат фаолиятига чек қўйиб бўлмайди.

Ёшларимиз миссионерлик ва прозелитизм ҳаракати таъсирига тушиб қолмасликлари учун ушбу соҳага дахлдор бўлган барча ташкилот ва идоралар масъуллари мақсадли, тизимли ва давомли иш режа асосида иш олиб боришлари лозим. Бунда ёшларимизнинг миссионерлик ва прозелитизм ҳаракати дастурига қарши мафкуравий иммунитети шаклланишига алоҳида эътибор берилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, ёшларимизни аждодларимиздан бизгача етиб келган бой миллий ва диний қадриятларимизга содиқлик руҳида тарбиялаш яхши натижалар беради.

Бахмал тумани бош имом-хатиби

Р.С.Маматқулов

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид