“МУХАДРАМ” КИМ?

“МУХАДРАМ” КИМ?

imon.uz 2025-03-30 08:02:38 26

Исломда ҳадис ровийларининг ишончлилигига катта эътибор қаратилади. Ҳар бир асрда динни етказувчи ишончли ровийлар бўлган. Улар бу диндан ҳаддан ошганларнинг адашувларини, ботил эътиқоддагиларнинг залолатларини, жоҳилларнинг таъвилларини, беҳуда қарашларни, ёлғончиларнинг ёлғонларини узоқ қилишган. Шунга кўра ҳадис олимлари ишончли ровийлар тўғрисида кўп китоблар ёзишган. Улар Аллоҳ таолонинг дини бизгача етиб келиши учун фидойилик кўрсатганлар. Шундай ровийлардан бир гуруҳи мухадрамлардир. 

“Мухадрам” деб ярим умрини жоҳилиятда, ярим умрини Исломда яшаган кишига айтилади. У саҳобаларни кўрганми ёки йўқми – фарқи йўқ.

Имом Жавҳарий айтади: “Мухадрам деб ҳам жоҳилият, ҳам Исломда яшаган Лабид каби шоирларга ҳам айтилади” .

“Қомус” китоби муаллифи айтади: “Мухадрам ярим умри жоҳилиятда, ярим умри Исломда ўтган ёки шу икки даврда яшаган киши ёхуд шоирдир” .

Муҳаддислар истилоҳида эса “мухадрам” – жоҳилият замонини кўрган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликларида яшаган тобеиндир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмагани учун саҳобий эмасдир.

Ибн Салоҳ айтади: “Тобеинлардан мухадрамлар жоҳилият замони ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида яшаганлардир. Улар мусулмон бўлишган, лекин саҳобий бўлмаганлар” .

Ҳадис олимларининг якдил фикрига кўра, мухадрамлар саҳобий эмасдирлар. Балки улар катта тобеинлардан ҳисобланадилар. Уларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоятлари мурсал саналади. 

Имом Муслим улардан йигирма нафарини санаган. Имом Ҳоким айтади: “Муслим билан Ҳажжож ўз дастхати ила ёзганларини ўқидимки, жоҳилият замонини кўрган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашмаган, лекин у зотдан кейин саҳобалар билан бир замонда яшаган кишиларни зикр қилибди” . Ҳофиз Абу Амр ибн Салоҳ мухадрамларга яна икки кишини қўшган . Кейин Ҳофиз Ироқий “Ат-тақйид ва ийзоҳ” китобида яна йигирма кишини қўшган .

Шу уч олимнинг қарашига кўра, уларнинг адади қирқ икки кишига етган. Булар тўғрисида Ибн Ажамий Ҳалабий алоҳида рисола ёзиб, уни “Тазкиратут толиб ал-муаллам биман юқолу иннаҳу мухадрам” деб номлаган. У ҳам мухадрамларга бир қанча кишиларни қўшган. Шунда уларнинг сони эркак ва аёллардан иборат бир юз қирқ кишига етган.

Мухадрамлардан Увайс ибн Омир Қараний, Аҳзоб ибн Усайд Абу Руҳм Самъий, Аҳмад ибн Қайс ибн Муовия, Асвад ибн Язид Нахаъий, Холид ибн Умайр Адавий Басрий, Рибъий ибн Ҳирош Кўфий, Руфайъ ибн Меҳрон, Шурайҳ ибн Ҳоний Ҳорисийларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид