130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Мусо алайҳис саломнинг кийимини олиб қочган тош қиссаси
imon.uz 12-11-2024 360Пайғамбаримиз
соллаллоҳу алайҳи васаллам одатдагидек саҳобалари билан бирга ўтирдилар ва
уларга Мусо алайҳис саломнинг
кийимини олиб қочган тош қиссасини айтиб бердилар. Эй болалар бу тош қиссаси
нималигини билишни хоҳлайсизларми? Унда келинглар биргаликда Пайғамбаримиз
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиб, шу қиссани ўрганайлик.
Бани Исроил шариатида
кишиларнинг яланғоч ғусл қилишлари жоиз эди. Улар бир-бирларининг авратларига
қарар эдилар. Лекин Мусо алайҳис салом жуда ҳаёли бўлганлари учун уларнинг
олдида ғусл қилишдан ҳаё қилардилар. Инсонларнинг кўзидан узоқда, ёлғиз ўзи
ғусл қилар, унинг танасидан ва авратидан бирон нарсани бошқалар кўрмас эди.
Биз биламизки ҳаё ислом
хулқларидан гўзал хулқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам
чимилдиқдаги янги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Мусулмон ҳаё билан
хулқланмоғи лозимдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаёнинг
ҳаммаси яхшиликдир”, деб марҳамат қилганлар.
Кунлардан бир куни Бани
Исроилнинг баъзи жоҳиллари: “Мусо алайҳис салом инсонлардан ҳаё қилганидан
эмас, танасида инсонлар кўришини ҳоҳламайдиган касали борлиги учун ёлғиз ўзи
ғусл қилади”, деб гап тарқатишди.
Бу гаплардан Мусо алайҳис
салом озор чекди, хафа бўлиб, сиқилди.
Аллоҳ таолонинг ҳузурида Мусо
алайҳис саломнинг даражаси улуғ. У Пайғамбарларнинг афзали бўлган беш улул- азм
(Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад уларга Аллоҳнинг саловати ва саломи
бўлсин) Пайғамбарлардан бири эди. Пайғамбарлар инсонларнинг кўз ўнгиларида ва
назарларида хулқи ва ташқи кўриниши энг гўзал суратда бўлмоғи керак. Аллоҳ Пайғамбарини
озор чекишига рози бўлмайди. Аллоҳ Мусо алайҳис саломни бу бўҳтон гаплардан
поклаш учун сабаб ҳозирлади.
Аллоҳ Мусо алайҳис саломни бу
бўҳтон гаплардан поклайдиган воқия қуюдагича юз берган эди:
Бани Исроил аҳли одатларига
кўра яланғоч, бир бирига қараб ювиниш учун кетишди. Мусо алайҳис салом ҳам
ювиниш учун ҳеч ким кўрмайдиган узоқ жойга борди ва у ерда ғусл қилди. Ғусул
қилиб бўлгач, тошнинг устига қўйган кийимларини олиб кийиш учун сувдан чиқди.
Шу пайт инсоннинг ҳаёлига келмайдиган иш содир бўлди. Тош Мусо алайҳис
саломнинг кийимларини олиб учди ва қочиб кетди.
Биз, тош ҳаракатланишга ёки
учушга қодир эмаслигини аниқ биламиз, чунки у жонсиз нарса. Лекин Аллоҳ таоло
тошни улуғ ҳикмати учун, биз билмайдиган йўл билан учадиган қилди. Бу ҳикмат
Бани Исроилнинг Мусо алайҳис саломга нисбатан айтган тўҳмат ва бўҳтон
гапларидан уни оқлаш эди.
Тош кийимларни олиб қочиши
Мусо алайҳис саломнинг ҳаёлига ҳеч келмаган эди. У кийимларини олиш учун
тошнинг орқасидан яланғоч ҳолда югурди. Тош эса кийимлар билан бирга учиб кетар
эди. Улар шу аҳволда одамлар тўпланадиган жойга етишди. Одамлар Мусо алайҳис
саломнинг бадани соғлом, зуваласи пишиқ ва танасида бирон бир айб йўқлигини
кўришди. Шу билан жоҳиллар тарқатган ёлғон, уйдурма гаплар барҳам топди. Тош
ана шу ерда тўхтади, Мусо алайҳис салом кийимларини олиб, кийиб олди. Кейин
асосини олиб, тошни қилган иши учун қаттиқ урди.
Мусо алайҳис салом тошнинг
ақли йўқлигини биларди, лекин уни бирор бир тош, ҳеч қачон қилмайдиган ишни
қилганлиги учун урди. Ажабланарлиси шунда эдики, Мусо алайҳис саломнинг асоси
чўпдан бўлишига қарамай, тошга таъсир қилди ва унда зарбаларнинг изи қолди.
Тошнинг устига бундай зарбаларнинг бир нечтаси тушди.
Бу қисса ҳақида Аллоҳ таоло
қуйдагича марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни
улар айтган нарсадан поклади. Ва у Аллоҳнинг наздида обрўли эди.”.[1]
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қиссани қуйидагича зикир
қиладилар: “Мусо алайҳис салом ғойатда ҳаёли бўлганидан, унинг танасидан
бирон жойини бирон кимса кўрмаган эди. Бани Исроилдан унга озор етди. Улар Мусо
алайҳис салом танасида айби бўлмаганда ўранмасди, айби борлиги учун ўраниб
юради, у ё мохов, ёки жинсий заиф, ёки баданига яра тошган деб айтишарди. Аллоҳ
Мусо алайҳис саломни у ҳақида айтилган бўҳтон гаплардан поклашликни ҳоҳлади.
Кунлардан бирида Мусо алайҳис салом ёлғиз қолди. Кийимларини тошнинг устига
қўйди сўнг ғусл қилди. Ғусл қилиб бўлгач кийимларини олиш учун келган эди,
ногаҳон тош кийимларни олиб қочиб кетди. Мусо алайҳис салом асосини олди ва
тошни яланғоч ҳолатда қува кетди. Аллоҳ уни қандай ҳам чиройли суратда
яратганлигини одамлар кўрди. Аллоҳ уни одамлар айтаётган бўҳтон гаплардан
поклади. Тош тўхтади, у кийимларини олиб, кийди ва асоси билан тошни ура
бошлади. Аллоҳга қасам тошнинг устида унинг зарбаси таъсиридан учта ёки тўрта
ёки бешта из қолди. Бу Аллоҳнинг каломи: “Эй иймон келтирганлар! Мусога озор берганлар каби
бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни улар айтган нарсадан поклади. Ва у Аллоҳнинг наздида
обрўли эди.”[2].
( Бухорий ривояти)
Қиссадан
олинадиган фойдалар:
1- Ҳаё исломда энг улуғ хулқлардандир. Ҳар бир мусулмон ҳаё билан хулқланмоғи лозим, чунки ҳаёнинг ҳаммаси яхшиликдир.
2- Ҳар бир замонда ва ҳар бир маконда фосиқлар, жоҳиллар солиҳларга
озор бериши, улар ҳақида турли миш-мишлар ва ёлғонларни тарқатиши ҳақ.
3- Мусулмон ўзи ҳақида айтилаётган миш-миш ва
бўҳтонларга ҳеч қачон эътибор қаратмасдан, балки тоатда ва даъватда бардавом
бўлиши лозим.
4- Аллоҳ иймон келтирганларни ҳимоя қилишлиги ва уларга етган бўҳтонларни барҳам топишига сабаб бўладиган
нарсаларни ҳозирлаб қўйишлиги.
Таржимон:
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани
“Яккақайрағоч” жоме масжиди имом-
хатиби Усмонали ОРАЛОВ