Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидларининг хушбўйлиги

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидларининг хушбўйлиги

imon.uz 2023-09-22 01:57:04 432

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг ҳидларидан хушбўйроқ анбарни ҳам, мушк­ни ҳам ва бошқа нарсани ҳам ҳеч қачон ҳидлаган эмасман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра юмшоқроқ дебожни ҳам, ипакни ҳам ва бошқа нарсани ҳам ҳеч қачон ушлаган эмасман».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидлари дунёдаги барча нарсадан хушбўй бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юмшоқликлари дунёдаги барча нарсадан юмшоқ бўлган.

 

2684. Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаво исиган пайтда Батҳога чиқдилар ва таҳорат қилиб, намоз ўқидилар. Сўнгра одамлар туриб, у зотнинг қўлларини ушлаб, юзларига сурта бошладилар. Мен ҳам у зотнинг қўлларини тутиб, юзимга босдим. Қўллари муздан ҳам совуқ, ҳидлари мискдан ҳам хушбўй экан».

Бухорий ривоят қилган.

 

2685. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Пешин намозини ўқидим. Сўнгра у зот ўз аҳлларига чиқдилар. Мен ҳам бирга чиқдим. У зотни болалар қаршилаб чиқдилар. Бас, у зот бирма-бир уларнинг яноқларини силай бошладилар. Менинг ҳам яноғимни силадилар. Қўлларида совуқликни ва хушбўйликни топдим, уларни атторнинг халтасидан чиқаргандек эдилар».

 

2686. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига кирдилар. Ҳузуримизда қайлула қилиб, терладилар. Шунда онам бир шиша идиш олиб келиб, терни қўли билан сидириб, унга тўплай бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб:

«Эй Умму Сулайм, бу нима қилганинг?» дедилар. 

«Бу сизнинг терингиз. Биз уни ўз хушбўйимизга қўшамиз. У энг яхши хушбўйдир», деди».

Иккисини Муслим ривоят қилган.

 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид