Нафс ва унинг турлари, нафсни жиловлаш ҳақида

Нафс ва унинг турлари, нафсни жиловлаш ҳақида

Mimon.uz 2025-10-29 06:48:42 4

Ҳар бир ишда Ўзининг борлиги ва бирлигини намоён этиб қалбларга нурли йўл солган Зот — Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Яратган эгамнинг дийдорига фақат салим қалб билан етиш мумкинлигини башорат этган ва бу йўлда инсониятга намуна бўлган ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга, унинг аҳли байтлари ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин. Қуръони  каримда зикр қилинган нафс ҳолатга қараб турли сифатларга эга бўлади.

1. Гоҳида "хотиржам нафс" бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло "Фажр" сурасида: "Эй хотиржам нафс! Роббингга  сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт! Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жаннатимга киргин!" деган (27–30-оятлар).

Бундай нафс шаҳватлар ила курашда ғолиб бўлиб, сокинлик касб қилган нафсдир. Шунинг учун, у мутмаъинна – хотиржам нафс деб аталади.

2. Гоҳида "маломатчи нафс" бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло "Қиёмат" сурасида: "Ва маломатчи нафс билан қасам", деган (2-оят).

Маломатчи нафсдан мурод тақводор мўмин кишининг нафсидир. Чунки у ўз эгасини доимо маломат қилиб (тергаб) туради: гуноҳ иш қилса, "Нима учун гуноҳ қилдинг? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Охиратда нима жавоб берасан?" деб маломат қилади. Савоб иш қилса, "Бу озку, кўпроқ қилсанг бўлмайдими? Қанча кўп савоб иш қилсанг, ўзингга фойда-ку", деб маломат қилади. Тасаввуф мактабининг машҳур намояндаси Ҳасан Басрий: "Яхши одам доимо ўз нафсини маломат қилиб туради, фожир одам нафсини итоб қилмай юраверади", деганлар.

3. Гоҳида "ан-Нафсу амморатум биссувъи" – ёмонликка амр қилувчи нафс бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло Юсуф сурасида:   "Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи Зотдир",  деди",  деган (53-оят).

Демак, нафс турли ҳолатларда бўлиб, гоҳ, хотиржам, гоҳ маломатчи ва гоҳ,  ёмонликка буюрувчи бўлиши мумкин. Инсон айнан мана шу нафсга қарши кураша билиши ва уни жиловини қўлга ола билиши керак, чунки бундай ҳолатда нафсни ўз ҳолатига ташлаб қўйса  у уни турли ёмонликлар кўчасига етаклаши мумкин.
Хулоса қилинадиган бўлса  нафсини  тийиб  уни жиловлаган  кимсадан кучли кимса бўлмайди. Аллоҳ барчамизни ўз соҳибини гуноҳ ишларга бошлайдиган ёмон нафсдан асрасин!

Миролим Мансур

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид