Огоҳ бўлинг, шайтонлар энди ниқобда

Огоҳ бўлинг, шайтонлар энди ниқобда

imon.uz 2024-01-26 01:44:35 271

Ҳеч кимга сир эмас юртимиз ўз эркини қўлга киритганидан сўнг ҳар соҳада ривожланиш, янгиланиш ва юксалишлар бўлди. Шу жумладан дин соҳасида ҳам жуда кўп ютуқларга эришилди. Аммо мустабид тузумнинг чангалидан не-не қийинчилик ва машаққатлар билан қутилиб чиққан бу мазлум халқнинг кўкрагига озодлик шаббодаси текканини кўролмаган ғаламислар осуда халқнинг тинчлигини бир неча бор бузишга уриндилар. Бу билан улар ўзбек халқининг қалбини, йўлини минг йиллардан бери ёритиб келаётган бу халқнинг қалбидаги Аллоҳнинг нурини, Ислом чироғини ўчирмоқчи бўлдилар. Азалдан ўзининг лутфу иноятлари билан қўриган Аллоҳ ғанимлар фитнасидан ҳар гал омонда сақлаб келмоқда. Илоҳим доим шундай бўлсин.

Бундан ҳар бир инсоннинг қалби яйрайди, яратганга шукрлар қилади. Бироқ бу юртнинг тузини еб, шу муқаддас заминда яшаб туриб бу улуғ неъматга шукр қилмасликлари ҳаммамизни ғамга солади. Зеро Пайғамбаримиз алайҳис-салом “Ким инсонларга шукр қилмаса Аллоҳга ҳам шукр қилмабди”, деганлар.

Куни кеча Аллоҳнинг каломини тиловат қилиб ўтириб ундаги илоҳий ҳикматларни мулоҳаза қилдим. Юртимизда пайдо бўлиб бир қанча фитналарга сабаб бўлган ваҳҳобийлар ўзларининг разил мақсадларига етиша олмаганларидан сўнг, энди ҳанафийлик пардаси ортидан иш кўра бошладилар.

Уларнинг бу эътиқод ва амаллари, одамларни йўлдан чиқариш учун гапирадиган мулойим сўзлари қиёмат кунида нажот берадими?! Ҳаргиз фойда бермайди. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замони саодатларидаги мунофиқларнинг аломатлари бу тоифага бошидан оёқ тўғри келади. Агар у аломатлар қайсилар деб сўрасангиз, эшитинг.

Ҳақ таоло Қуръони каримнинг Бақара сурасида мунофиқларнинг аҳволларини шундай баён қилади: “Инсонлардан баъзилари Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик дейишади. Улар мўмин эмаслар”.

Мунофиқлар “Худога ва жазо кунига иймонимиз бор” дейишади. Аммо Ҳақ таоло уларнинг бу даъвосини ёлғонга чиқариб: “Улар мўмин эмаслар”, деб марҳамат қилади. Ўзларича Аллоҳ ва мўминларни алдадик деб ўйлашади. Ҳақ таоло бу даъвони раддига шундай марҳамат қилади:

“Ҳақиқатда ўзларидан ўзгани алдамайдилар, лекин ўзларини бу феълларини ёмонлигини билмайдилар. Уларнинг қалбларида нифоқ касаллиги бор. Бас парвардигор уларга шу касалликларини зиёда қилди. Ҳар вақт ул мунофиқларга ерда фасод қилманглар дейилса, албатта биз ислоҳ қилгувчилармиз дейдилар”.

Ваҳҳобийларнинг одати ҳам худди шунга ўхшашки, ўзларини дин ва шариат ҳомийлари деб биладилар. Парвардигор уларнинг бу даъволарини ҳам инкор этиб марҳамат қилади:

“Албатта улар муфсиддирлар лекин эътиқодларини фасодлигини ўзлари билмайдилар. Ҳар вақт мунофиқларга инсонларга ўхшаб ҳақиқий иймон келтиринглар дейилса, “нодон ва беақллар каби иймон келтирамизми?” дейдилар”.

Ваҳҳобийларнинг аҳволи ҳам мана шундай. Агар бир киши уларга: “Ботил эътиқодларингизни тарк қилинг ва Аҳли сунна каби амалларингиз ва эътиқодларингизни собит ва соғлом қилинглар дейилса, улар:  «Сизлар  нодон ва беақлсизлар, Аллоҳ ва расулининг каломини тарк қилиб “уни, буни” гапларига амал қиласизлар. Биз ҳаргиз сизларга ўхшаб иймон келтирмаймиз», дейишади.

Ҳақ таоло уларнинг бу сўзларини рад қилиб шундай марҳамат қилади: “Билингларки, улар ўзлари нодондурлар лекин ўзларининг нодонликларини билмаслар”. Бу ақлсизлар билмайдиларки, мазҳаб мужтаҳидларининг сўзлари Аллоҳ таъоло ва унинг расулининг сўзларига бошма бош мувофиқ келади, лекин ваҳҳобийлар мужтаҳидларнинг қиёсларини билмайдилар.

“Ҳар вақт мунофиқлар мўъминларга йўлиқсалар биз иймон келтирдик дейдилар. Агар ўзларининг шайтонлари (рафиқлари) билан ёлғиз қолсалар биз сизлар биланмиз, иймон келтирдик деб уларни масхара қилдик холос дейдилар”.

Ўзларини Ҳанафий кўрсатадиган ваҳҳобийларнинг ҳоли ҳам худди шунга ўхшайди. Ҳанафийларга биз ҳанафиймиз дейдилар. Агар ўзларининг раислари билан учрашсалар, биз сизлар билан биргамиз, фақат уларни алдаш учун Ҳанафийликни изҳор қиламиз холос дейдилар. Ҳақ таоло мунофиқларнинг раисларини шайтонлар деб айтган. Улар зоҳирда одам боласи бўладилар, аммо шайтоннинг ишини қилганликлари учун улар шайтондирлар. Ҳақ таоло уларнинг бу сўзларига жавобан шундай дейди:

“Ҳақ таоло уларни масхара қилади ва саркашликларида уларга муҳлат беради саргардон ва ҳайратда қолган ҳолларида. Ана улар ҳидоят баробарига залолатни сотиб олган кишилардир”.

Мазҳабга эргашмайдиганларнинг ҳоллари ҳам худди шундайдирки, гумроҳликни тўғри йўлдан маъқулроқ кўрадилар. Ҳақ таоло уларнинг бу ҳаридорликларининг натижасини шундай баён қилади:

“Мунофиқларнинг тижоратлари фойда бермади ва тўғри йўлни топа олмадилар”.

Ваҳҳобийларнинг ҳоли ҳам шундайдирки, улар бу фосид эътиқодларида тўғри йўлни топа олмадилар ва гумроҳ бўлдилар. Ҳар бир мўмин ўзини ва яқинларини бундай гумроҳларнинг суҳбати ва уларнинг тузоқларидан асраши шартдир. Аллоҳ таоло юртимизни ҳар турли офат ва балолардан, халқимизни гумроҳларнинг зарарларидан ҳамиша паноҳида сақласин.

 

Сайфуддин Йўлдошев — Андижон шаҳар “Зубайр ибн Авом” жоме масжиди имоми

Ўктамжон Абдуллаев — Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме масжиди имоми

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид