130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ЎХШАШНИНГ ЎЗИ НАЖОТ
imon.uz 2024-08-16 05:39:33 157Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга шундай дедилар:
"Бир киши йўлда кетаётиб қаттиқ чанқади. Қудуқни кўриб қолиб унга тушди. Сув ичиб ташқарига чиқди. Ташқарида бир ит чанқоқликдан нам тупроқни ялаётган эди. Ҳалиги киши: "Бу ит ҳам мен каби чанқабди", деб яна қудуққа тушди. Ковушига сув тўлдириб оғзида тишлаб ташқарига олиб чиқиб итга тутди. Унинг бу иши Аллоҳга мақбул келиб уни мағфират қилди".
Саҳобалар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бу буюк дарсни яхши ўзлаштиришди. Улар ҳам аслида Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳматларидан бир жуз эдилар. Уларнинг ҳайвонот оламига кўрсатган раҳмат намуналари олтин ҳарфлар билан кумуш саҳифаларга ёзилса арзийди.
Саҳобалардан Адий ибн Ҳотам Тоий розиёллоҳу анҳу уйлари орқасидаги чумолилар уяси олдида нон увоқларини майдалаб ташлар ва: "Улар бизнинг қўшнимиз, бизнинг гарданимизда уларнинг қўшничилик ҳаққи бор", дер эдилар.
Абу Дардо розиёллоҳу анҳу вафотларидан сал олдин тўшакда ётиб ҳовлидаги туяларига кўзлари тушди. Ундан тирикчиликда фойдаланган эдилар. Унга қараб: "Эй жонивор! Роббинг ҳузурида мен билан хусумат қилма. Мен сенга тоқатинг етмайдиган оғир юк юкламаганман", деган эдилар.
Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу бир куни балиқ егилари келиб қолди. Ходимлари Ярфаъга: "Бугун денгизнинг янги балиғидан егим келиб қолди", дедилар. Ходимлари Ярфаъ туяни миниб балиқ қидириб кетди. Тўрт кундан кейин балиқ олиб келди. Умар розиёллоҳу анҳу туяларига қарадилар. Унинг қулоқлари остидан тер оқар эди. Шунда Ярфаъга қараб: "Умарнинг шаҳвати ва истаги учун туяни азоблабсан. Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон балиқ емайман. Уни ўзинг егин!", дедилар.
Аллоҳга қасамки, бундан буюк дин йўқ. Мусулмон инсон фахр ўлароқ Аллоҳ ҳадя қилган бу динни бошига кўтарса арзийди.
Адий ибн Ҳотам Тоий розиёллоҳу анҳу чумолиларга қўшни бўлишгани учун уларга нон увоқларини майдалаб берса инсонлардан бўлган қўшниларига қанақа муомала қилган экан?!
Биргина туяга Абу Дардо розиёллоҳу анҳу шундай муомала қилган бўлса ходимларига, аҳлига қанақа муомала қилган бўлиши мумкин?!
Биргина терлаган туяга шунчалар шафқатли бўлган Умар розиёллоҳу анҳу инсонларга, раийятга нақадар шафқатли бўлган бўлишлари мумкин?!
Уларчалик бўла олмаслигимиз аниқ бўлсада, уларга ўхшашга ҳаракат қилайлик. Уларга ўхшашнинг ўзи нажотдир!