130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

Оилаларимиз – роҳат ва фароғат маскани бўлсин
Mimon.uz 2021-06-28 12:25:09 457Муқаддас динимиз кўрсатмаларида оила мустаҳкамлиги ҳақида қайғуриш фазилатли амаллар ичида энг савоблиси ҳисобланади. Чунки, оила – инсон ҳаловат ва фароғат оладиган маскандир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди” (Наҳл – 80 оят). Ҳақиқатда инсон ҳақиқий оромни ўз уйида топади. Даладан ишдан ҳориб келган киши уйига келиши билан, жажжи набирасини ўпиб эркалаган заҳоти унинг барча чарчоқлари чиқиб кетади.
Иш жойидан кайфияти бузилиб қайтган киши яқинда уйлантирган ўғли ва келинининг бир бирига бўлган ширин муомаласини кўрган вақтида, иш жойида бўлган воқеани унутади. Оиланинг ҳақиқий оромгоҳ эканлигига сон саноқсиз мисоллар бор. Туркияга саёҳатга бориб, ўн кун дам олиб қайтган ҳожи отанинг айтиб берган гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди. “Истанбул аэропортидан Тошкентга чипта олиб бўлгач, кампиримга телефон қилиб, ярим соатдан сўнг самолёт Тошкентга учади. Менинг боришимга набираларимни тўплаб қўйинглар. Улар билан маза қилиб бир овқатланай”, деган эканлар. Ҳожи ота Туркияда диққатга сазовор ерларни томоша қилганлар, энг шароитлари яхши меҳмонхоналарда дам олганлар, Туркиянинг тансиқ таомларидан тановул қилганлар. Шунча қулайликлар, ором олишлар, ҳордиқ чиқаришлардан сўнг, ўз уйида набиралари билан бир марта овқатланишни “маза” демоқдалар. Ҳа азизлар, Ҳақ таоло: “Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди”, деб ҳақиқатни айтган.
Аммо, оила ҳақиқий оромгоҳ бўлиши учун у ерда меҳр шафқат ҳукм суриши зарур бўлади. Муҳтарама ўзбек аёли - оналаримиз меҳр шафқат тимсоллари бўлишган. Бир оилада келин оғир оёқли бўлиб, туғруқ яқинлашганда юк оғирлигидан оёқлари оғриб юра олмай қолади. Шунда боқиманда бўлиб қолганидан хижолат тортган келин эрига “мени отамникига олиб бориб қўйинг, келин бўлиб хизмат қила олмай қолдим” деб турганини қайнона эшитиб қолиб: “Болам ундай деманг, сиз наслимиз давомчисини дунёга келтираман деб шу ҳолга тушдингиз, энди хизмат қилиш навбати менга келди”, деб келинига меҳр шафқат кўрсатади. Қайнонанинг мана бу меҳри ҳақиқий ўзбек аёлининг зийнати, меҳридир.
Бугунги кунда оилавий ажримларнинг сабабчилари ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган ёшлар эмас, балки келинларнинг озгина хатоларидан фил ясайдиган қайноналар ва қайноналарни ўз вақтида қайтариб, холисона насиҳатлар қилиб, муаммонинг ечимини топа олмаётган қайноталар бўлиб қолаётганлиги афсусланарли ҳолатдир.
Ҳаётий тажрибамда бир хизматкор, ҳаёли, иболи келинни ўғлига ёмонлаб, охири талоқ қилдирган қайнонани ва бу нохолис вазиятга ечим топмаган, ўз хотинини йўлдан қайтара олмаган қайнотани биламан. Ўша қайнонага келинига зулм қилганлигини такрор-такрор айтсам ҳам ўз фикридан қайтмади. Охир оқибат ўғли бешта хотин олиб, беш хотиндан бешта фарзанд қолиб, қирқ ёшида вафот этиб кетганлигини кўрганман. Бу аянчли оқибат хизматкор, итоаткор биринчи хотинга ўтказилган зулмнинг жазоси бўлса ажаб эмас деган фикрга борасан киши.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида мазлумнинг дуоси сўзсиз ижобат бўлиши ҳақида хабар берганлар.
Ноҳақ қувилган, тазйиққа учраган келин ўша олани, собиқ эрини, қайнона ва қайноталарни албатта дуои баъд қилиши аниқ. Мазлум келиннинг дуоси ижобат бўлиши ҳам аниқ. Шундай экан ўғлига келинини ёмон отлиқ қилиб кўрсатмоқчи бўлган қайноналар юқоридаги аччиқ ҳаётий воқеадан сабоқ олиб, келинларни ўз қизлари каби кўрсалар, иншааллоҳ оилалари тинч-тотув, ҳаётлари фаровон, уйлари роҳат ва фароғат масканига айланади.
Бахмал тумани бош имом-хатиби: Р. Маматқулов.