Олимликни даъво қилиш жоҳилликдир

Олимликни даъво қилиш жоҳилликдир

imon.uz 20-10-2027 483

Она диёримиз Ўзбекистон ўзининг мустақиллигига эришган илк дамларданоқ халқимизнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан муҳим ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Айниқса, кейинги икки-уч йил давомида инсон ҳуқуқлари ва эътиқод эркинлиги йўлида олиб борилган саъй-ҳаракатлар кўплаб олқишларга арзийди. Юртимизда диний-маърифий ислоҳотларнинг майин шабадалари етиб бормаган соҳа қолмади ҳисоб. Оммавий ахборот воситаларидан тортиб интернет тармоқларига қадар бу эркинликни ҳис қилиб турибмиз албатта. Янгидан-янги масжидлар, диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва шу кабиларнинг фаолияти йўлга қўйилгани ҳам бунинг ёрқин мисолидир.

Аммо ана шу эркинликни суйи истеъмол қилаётган кимсаларнинг ҳам топилиб тургани кишини афсуслантиради. Ўзларига “шайхлик” ва “олимлик” унвонини қўйиб олиб, ҳали у ҳали бу интернет сайтлари ёки ижтимоий тармоқлар орқали билиб-билмай диний мавзуда сўз юритаётган, ўйламай-нетмай фатво бериб юбораётган, бу ишлари билан мўмин-мусулмонлар орасига тафриқа солаётган, юртимиздаги барқарорликка путур етказишга уринаётган кимсалар кўпайиб кетди. Ўзининг соҳаси бўлмаган кишиларнинг дин соҳасидаги ўзлари билмаган масалаларни айтиб чиқаётгани, диний арбобларнинг камчиликларини ахтариб, пашшадан фил ясашга уринаётгани, инсонларда дин уламоларига бўлган ишончни йўқотиб, ўзларининг орқаларидан эргаштириш пайида бўлаётгани одамни чуқур ўйга солиб қўяди.

Аслида-чи? Аслида диний соҳа шунчалик осонми? У ҳар ким ўзи билганича гапирса бўладиган даражага эгасизми? Ана шу саволларга жавоб топиш учун бизга Ислом динининг етиб келишида энг асосий ролни ўйнаб берган саҳобалар, салафи солиҳлар ва бошқа уламоларнинг ҳаёт йўлларига назар соладиган бўлсак, ўзимизнинг қанчалар илмсиз, қанчалар нодон эканимизни англаб етамиз. Ҳар бир гапни гапиришдан олдин етти марта ўйлаб кўрадиган даражада эҳтиёткор бўлишга ўтамиз.

Салафи солиҳларимиз ўзлари билмайдиган нарсалар борасида “мен билмайман”, деган сўзни кўп ишлатишган ва бу сўзни айтишдан ҳаё қилишмаган. “Мен пайғамбарларнинг янгиси (биринчиси) эмасман. Мен (келажакда) на ўзимга ва на сизларга нима қилинишини билмасман”, демоқликка буюрилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу масалада уларга ўрнак бўлиб берганлар (Аҳқоф сураси 9-оят). Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашиш учун унинг олдига кирдилар. Шунда Умму Ало розияллоҳу анҳо: “Эй, Абу Соиб! Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Менинг сиз ҳақингиздаги шоҳидлигим шуки, Аллоҳ Сизни икром қилиб бўлди”, деди. Буни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом Умму Алога: “Аллоҳ таоло уни икром қилганини қаердан биласан?” дедилар. У: “Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ кимни икром қилиши мумкин?” деди. У зот жавоб бердилар: “Аммо унга (яъни Усмон ибн Мазъунга) келсак, унинг ажали келиб бўлди. Аллоҳга қасамки, мен унга фақат яхшиликни умид қиламан. Аллоҳга қасамки, ўзим Аллоҳнинг Расули бўлсам-да менга нима қилинишини билмайман”. Шунда Умму Ало: “Аллоҳга қасамки, бундан кейин бирор кимсани умуман мақтаб гапирмайман”, деди. Имом Бухорий ривояти.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уч марта: “Унинг салқини жигаримга қандай ҳам ёқимли-а!” – деди. Эшитганлар унга: “Эй, мўминлар амири, у нима экан?” – дедилар. “Киши ўзи билмаган нарсасидан сўралганида “Аллоҳ билувчироқ”, дейиши”, деб жавоб берди Али розияллоҳу анҳу. Доримий ривояти.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: “Кимда илм бўлса, унга қараб гапирсин. Кимда илм йўқ бўлса “Аллоҳ билувчироқ”, десин. Чунки Аллоҳ таоло ўзининг пайғамбарига: “Мен (пайғамбарлигим учун) сизлардан ҳақ сўрамайман ва мен (пайғамбарликни ўзимча) даъво қилувчилардан ҳам эмасман”, деб айтишни буюрган”. (Сод сураси, 86-ояти)

Бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳуга бир масала юзасидан савол берганида у: “У ҳақда менда илм йўқ”, деб жавоб берди. Бояги киши ортига қайтиб кетгач Ибн Умар: “Ибн Умар қандай ҳам яхши гапни гапирди! Ундан ўзи билмайдиган нарса ҳақида сўралганда у: “У ҳақда менда илм йўқ”, деб жавоб берди”, деди. Доримий ривояти.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу яна шундай деган: “Илм учтадир: гапирувчи Китоб, амалдаги суннат ва “мен билмайман” деган сўз”. Табароний ривояти.

Уқба ибн Муслим шундай дейди: “Мен ўттиз тўрт ой Ибн Умар билан бирга юрдим. Ўзига берилган саволларнинг кўпига у “Мен билмайман”, деб жавоб берар, сўнг менга қараб: “Уларнинг мақсадлари нима эканини биласанми? Улар бизни жаҳаннамга олиб ўтадиган кўприк қилишни истайдилар”, дер эди”. Ибн Абдул Бар ривояти.

Доримий ривоят қилган ҳадисда келишича, Шаъбий: “Мен билмайман” демоқлик илмнинг ярмидир”, деган.

Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан бир нарса ҳақида сўралганида у: “Мен билмайман”, деб жавоб берди. Сўнгра: “Билмайдиган нарсаси ҳақида “мен буни биламан” деган кишининг ҳолига вой бўлсин!”, деди. Ибн Абдул Бар ривояти.

Имом Молик розияллоҳу анҳу шундай дер эди: “Олим одам ўзи учун мушкил бўлиб қолган масала юзасидан “мен билмайман”, дейишни ўзига одат қилиб олсин. Ана шунда у яхшиликка эришса ажаб эмас”. Ибн Ваҳб “Ал-мажолис” номли китобида зикр қилган.

Имом Молик розияллоҳу анҳу яна шундай деган: “Мен учун ҳалол-ҳаромга оид масаладан савол берилишидан кўра оғирроқ бирор нарса йўқ. Чунки бу Аллоҳнинг ҳукми ҳақида қатъий қилиб гапиришдир. Мен юртимиздаги олимлар ва фақиҳларни кўрдимки, бирор масала юзасидан савол бериладиган бўлса худди ўлим келгандек хавотирга тушиб қолар эди. Замонамиз аҳлини кўрдимки, улар бу ҳақда гапириб фатво беришни жуда хуш кўрадилар. Агар улар эртанги оқибатларини билганларида кам гапирган бўлар эдилар. Умар ибн Хаттоб, Али ва кўплаб саҳобалар – ўзлари Пайғамбар алайҳиссалом билан замондош энг яхши аср вакиллари бўлишларига қарамай – диний масалалар юзасидан бирор савол берилганида Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларини тўплар ва ўша саволни ўртага ташлар, ана ундан сўнггина фатво берар эдилар. Аммо бугунги олимларимиз фатво бериш билан фахрланадиган бўлиб қолдилар. Ана шунга қараб уларга илм берилади”.

Абдураҳмон ибн Абу Лайло шундай деган: “Мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг мадиналик саҳобаларидан бир юз йигирма нафарини кўрдим. Улардан бировига диний масалада савол бериладиган бўлса, униси бунисига, буниси унисига ҳавола қилиб юборар, бориб-бориб биринчи савол берилган саҳобанинг ўзига қайтар эди”.

Яна бир ривоятда шундай деган: “Улардан ҳар бирлари ўзининг ўрнига биродари ҳадис ривоят қилишини истар эди. Ўзининг ўрнига биродари фатво беришини хоҳлар эди”.

Асрамнинг айтишича, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал кўп ҳолларда “мен билмайман”, деб жавоб берар эди.

Ҳайсам ибн Жамил шундай дейди: “Мен Моликнинг қирқ саккизта саволдан ўттиз иккитасига “мен билмайман”, деб жавоб берганини кўрдим”.

Яна шундай ҳолатлар бўлганки, имом Молик ўзидан сўралган элликка яқин масаланинг ҳеч бирига жавоб бермаган. “Киши бирор масала юзасидан жавоб бермоқчи бўлса, ўзини жаннат ва дўзах олдида тургандек ҳис қилсин. Дўзахдан қандай қилиб халос бўлишини ўйлаб кейин жавоб берсин”, дер эди Имом Молик.

Бир куни Имом Моликдан бир масала ҳақида сўрашганида у: “Мен билмайман”, деб жавоб қилди. Унга: “Ахир, осонгина бир масала бўлса!” дейишганида унинг ғазаби келиб: “Илмда осон нарсанинг ўзи йўқ!” деди.

Шотибий “Ал-Мувофақот” номли асарида келтиришича, Мусо ибн Довуд шундай деган: “Мен билмайман” сўзини Имом Моликдан кўра кўп ишлатган кишини кўрмаганман”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз ана шу буюк салафларимиздан ибрат олишимиз, уларга эргашишимиз лозим. Илмлари чексиз, тушунчалари кенг, илм-фанда уммон бўлишларига қарамай ўша уламолар кўп ҳолларда “мен билмайман”, деб жавоб берган эканлар биз бу сўзни ишлатсак улардан кўпроқ ишлатсак тўғри йўл тутган бўламиз. “Мен билмайман”, деб жавоб бериш кишининг комиллигига далолат қилади, бинобарин, бу сўзни айтишдан уялмаслик, ўртага ташланган масалани ўзидан кўра илмлироқ бўлган зотларга ҳавола қилиш ҳар бир аҳли илмнинг одати бўлиши лозим. Ана шунда мусулмонлар орасига тафриқа солиш, имон-эътиқодда, дин ва илм-фан хизматида яшаб ўтган аждодларимизни адашганликда айблаш, диний билимлардан бехабар бўлган ғўр ёшларимизни терроризм ва экстремизм балосига дучор бўлиш муаммоси ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

 илмий ходими Алоуддин Ҳофий

 

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид