Ота-онангизнинг олдида телефонга қараманг!

Ота-онангизнинг олдида телефонга қараманг!

imon.uz 2024-08-21 12:08:14 107


Ота-онангиздан узоқда, алоҳида яшайсизми? Бугун уларни кўргани бордингизми? Сиздан илтимос, қўлингиздаги телефонни қўйинг! Улар сизни соғинишган, сиз билан гаплашиб ўтиргилари келади, ичларида сизга айтадиган гаплари бор. Илтимос, соғинчдан оғриган юракларига ширин суҳбатингиз билан бироз малҳам бўлинг!

Биласизми, улар сизни анчадан бери кутиб ўтиришган эди. Қадамларингизга кўзлари нигорон эди. Бугун улар кутган кун келди. Соғинган дилбандлари – сиз уларни зиёрат қилгани келдингиз.

Уларнинг кўзларига боқинг! Кўряпсизми? Кўзларидаги соғинч ва висолнинг қоришиб кетган асарини кўряпсизми? Хурсандликлари билинмаяптими?

Агар сиз уларнинг ҳузуридаям телефондан бош кўтармасангиз, эртага уларни йўқотиб, "Келдингми, болам" деган гапларига зор бўлганингизда уларнинг суҳбатини нақадар беназир ва мароқли суҳбат эканини ҳис қиласиз. Шу пайт қўлингиздаги телефон кўзингизга ёмон кўрина бошлайди. Шундай ноқулай вазиятга тушмаслик учун уларнинг ёнларида ўтирган чоғингизда телефонингизни токчага қўйиб қўйинг ёки ҳамёнингизга солиб қўйинг. Уларнинг ёнида умуман телефондан фойдаланмасингиз ҳам майли. Нима? “Ишхонадан телефон қилишади” дейсизми? Келишингиздан олдин ишхонангизга “Мен бугун ота-онамнинг зиёратига кетяпман. Телефоним ўчиқ бўлади. Қолган гапни келганимдан кейин гаплашамиз” деб айтмаганмидингиз? Бу сафардан кейин шундай қилинг.


Улар сизнинг овозингизга, суҳбатингизга, меҳр тўла кўзларингизни кўришга ошуфталар. Дўстим, уларни бу бахтдан маҳрум қилманг!

Сизнинг суҳбатингиздан уларнинг қалблари қанчалик шодликка тўлишини биласизми? Ҳадислардан бирида “Фарзлардан кейин Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал – мўминнинг қалбига хурсандчилик киритишдир” дейилган. Энди ўша хурсандчиликни ота-онанинг қалбига киритиш ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Сиз бемалол телефонингизни ўйнаб ўтираркансиз, уларнинг диллари бу ишдан қанчалик озорланишини бир тасаввур қилиб кўринг. Соғинган боласи келсаю, уларни соғинмагандек телефонига тикилиб ўтирса. Ишонинг, бу ишингиз уларга жуда қаттиқ таъсир қилади.

Демак, бугундан бошлаб, иншаа Аллоҳ, бу айтилганларга амал қиламиз-а, шундайми? 

Ота-онамизнинг олдиларига борганимизда диққат-эътиборимиз уларда бўлади-а?

Телефонга муккасидан кетмаймиз-а? 

Барибир сизга қўнғироқ қилган, смс ёзган ёки телеграмда хабар жўнатган киши ота-онангиздан азизроқ бўлмаса керак!

Аллоҳ таоло барчамизга ота-онамизнинг хизматларини қилиб, дуоларини олиб, икки дунёда бахту саодатга эришишимизни насиб этсин, омин!


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид