Ота-онанинг ҳақлари.

Ота-онанинг ҳақлари.

imon.uz 09-10-2024 156

Эй фарзанд бир неча ойлаб қорнида кўтариб, дунёга келтиришда азоб чеккан, ҳеч нарсани билмайдиган гўдаклигингдан эмизиб, қучоғида тарбия қилган, қанчадан-қанча кечаларни ухлашинг учун бешигингни атрофида бедор ўтказган онангнинг зиммангда кўп ҳақлари бор. Сен онангнинг бундай қийналганларидан ҳеч бирини сезмагансан. Агар сенга касаллик етиб, соғлигинг ўзгарса ёлғиз онанг, ўлиб қолишингдан қўрқиб, хафа бўлиб, йиғлаб, атрофингда гир айланиб, тезроқ шифо топишлигингни Аллоҳдан дуо қилиб сўрайди. Эй фарзанд, онанг сенинг роҳатинг йўлида азоб чекканларини кўз олдинга келтиришинг ва барча яхшиликларингни уни рози қилишга сарфлашлигинг лозим.

           Сенинг зиммангда онанг каби отанг учун ҳам катта ҳақ бор. Чунки у сени борлигингнинг сабабчисидир. У сенинг роҳатинг йўлида ўз хоҳиш-истакларини четга суриб, оилани тарбия қилиш учун доимо машаққат чеккан. Онанг тайёрлаб олдингга келтирган таом ва кияётган кийимларинг, ўқийдиган китобларинг ҳаммаси отангнинг касбидан эканлигини билмайсанми?. Сен отангга яхшилик қилмоғинг ва уни яхши кўрмоғинг лозим. Ота-онангга яхшилик қилмоғинг Аллоҳ ҳузурида катта савобли иш бўлгани каби, уларга оқ бўлишлигинг гуноҳларнинг каттасидир. Аллоҳ таоло ҳақ сўзида айтади:

           “Уларга (Ота-онанга) уф дема, уларни жеркима ва уларга энг ширин сўзлардан сўзлагин”. (Исро сураси 23-оят).

           Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

           -“Дўстларим орасида яхшилик қилишлигимга энг ҳақлироғи ким?-деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

           -“Онанг”, дедилар. У киши:

           -“Сўнгра ким?”-деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

           -“Онанг” дедилар. У киши:

           -“Сўнгра ким?”-деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

           -“Онанг” дедилар. У киши:

           -“Сўнгра ким?”-деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

           -“Сўнгра отанг” дедилар.

Шеър:

Ким ота-онасига хурсандликда бўйинсуниб қилса эзгулик,

Қайтар унга ўғилларидан хизмат, бўлсин у хурсандлик-ҳафалик.

Кимки ота-онасига девоналикдан бўлса оқ,

Насиб бўлмас унга боласидан яхшилик қилқмоқ.


 Жиззах вилояти Набижон жоме масжиди 
имом хатиби Ҳакимжон Алибоев

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид