ЎЗИМИЗ ҲАМ МУЛКИМИЗ ҲАМ ОТА-ОНАМИЗНИКИДИР

ЎЗИМИЗ ҲАМ МУЛКИМИЗ ҲАМ ОТА-ОНАМИЗНИКИДИР

Mimon.uz 2020-11-06 11:46:04 1421

            Ота-она бўлиш Аллоҳнинг улуғ неъмати эканини англашнинг ўзи бахтдир. Ҳеч ким ўзи хоҳлаб ўғил ёки қиз бўлиб дунёга келмаганидек, ота-она бўлиш, кимга фарзанд бўлиш ҳам инсоннинг ихтиёридан ташқаридаги ҳодисадир. Афсус, буни ҳамма ҳам фикр қилиб кўрмайди. Бугунга келиб “отам камбағал”, “онам намоз ўқимайди” каби нотўғри тушунчалар таъсирида ота-онасига муносиб муомала қилмайдиган ёшлар учрайди. Албатта, бунда ота-онанинг ўз вазифасини бажаришда сустлик қилгани, фарзандига керакли тарбияни бера олмагани ҳам эътибордан четда қолмайди. Аммо, ўзини имонли санаган киши ота-онасига Аллоҳ буюрганидек муносабатда бўлиши шарт. Саодат калити бўлган Қуръон каримда Аллоҳ таоло буюради: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси 23 – оят). Фарзанд билсинки, бу оламга келиш эшиги ота-онадир. Бу оламдан чиқиш эшиги ҳам ота-онага қилган муомаласи билан ўлчанади.

Пайғамбар алайҳиссалом айтади: “Топган нарсаларинг, ҳатто сенинг ўзинг ҳам отангнинг мулкидирсан. Агар топган мулкинг етмаса, отанг сенинг ўзингни сотиб, пулини емоққа ҳам ҳақлидир!..” (Имом Ҳоким, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривоятлари).

Имом Ҳасан Басрий айтади: “Ота-онанинг розилиги учун ўзингнинг мулкингда бўлган ҳар бир нарсани, қўлингдаги молу мулкинг нима бўлса, барчасини икковларига аямасдан сарфлайсан. Шу билан бирга, иккови сенга нима буюрса, итоат қиласан. Илло, Аллоҳга маъсият (гуноҳ) бўладиган амрлари бундан мустасно”.

Аммо масъулият икки томонламадир. Донолар “илк ғиштни қийшиқ қўйса гар меъмор, ойга етса ҳам қийшиқ бўлгуси девор” демишлар. Бу меъмор ота-она десак хато бўлмас. Фарзандларимиз - бизнинг кўзгудаги аксимиз. Ким фарзандидан шикоят қилса, ўзининг хатосидан шикоят қилибди.

Оила эса манавият олийгоҳи. Эр-хотин ўзаро меҳрибон, ширинсўз, эътиборли бўлмоғи лозим. Айниқса, аёл илоҳий амрга бўйсуниш нияти ила эрига итоат қилмоғи керак. Тик қарамаслик, овозини кўтармаслик, гап талашмаслик каби гўзал хулқ ила яшаса, фарзанди  айнан ушбу одобларни ўрганади ҳамда отаси энг ҳурматли шахс эканини тушуниб етади.

Эр ҳам аёлини қадрига етмоғи, муҳаббат билан севмоғи, ҳар бир сўз ва ҳаракатидан яхшилик топишга ҳаракат қилиши керак. Бағри кенг, сўзлари босиқ, маъноли бўлиши лозим. Бунинг намунаси сифатида Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” китобидан кичик бир иқтибос келтирсак.

“Ҳазрат Ойша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда бирга  эдилар. Хотунлар одатларича бўйинларига осган зийнатлари бор эди, уни араблар “қулода” дейдилар. Бир манзилдан чиқиб, бўйинларига қараса, тақилмиш қулода тушиб қолмушдур. Буни Расулуллоҳга айтгач, шу жойда тўхтаб, ахтариш учун орқага икки одам юбордилар. Бу турган жойлари эса бир чўлу саҳро бўлиб, ўтган манзилдан сув ҳам олмаган эдилар. Йўл устида узун туриб қолганларидан, кун иссиғи ва сувсизлик кишиларни кўп малол қилди. Бир неча кишилар ҳазрат Абу Бакрга келиб, онамиз Ойша устидан шикоят қилдилар. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ хафа бўлиб, қизлари Ойша чодириға келдилар. Қарасалар, Расулуллоҳ Ойша онамиз тиззасига бош қўйиб, янгидан ухлаган эканлар. Ўзлари уйғонмагунча Пайғамбаримизни ҳеч нарса уйғота олмас эди. Чунки Расулуллоҳ уйқу ичида ҳам Аллоҳдин ваҳий олур эдилар. Ҳазрат Абу Бакр қизлари Ойшага қараб:

-  Сен бизни хижолатга қўйдинг: Расулуллоҳ бошлиқ бутун бир қўшин – аскарни сувсиз бир чўл жойда тўхтатдинг. Кишилар ичгали ва таҳорат қилгали сувни ҳеч қаердан топа олмадилар, бу қийинчиликларга сен сабаб бўлдинг, - деб онамиз Ойшани биқинларига икки – уч маротаба қаттиқ нуқдилар. Жонлари оғриган бўлса ҳам, Расулуллоҳнинг уйқулари бузулмасин деб қимирламади. Расулуллоҳ ҳам шул орада уйқудан уйғониб кетдилар. Қайси бир намознинг вақти кирган эди, таҳорат олмоққа сув сўрадилар эрса, анинг йўқлигини айтдилар. Бир таҳорат олгудек ҳам сув топилмади. Мана шул чоғда таяммум қилмоққа рухсат бўлиб, ушбу оят тушди: “Фалам тажиду моан фатаяммаму саъидан тоййибан” (Нисо, 43). Маъноси: “Таҳорат олмоққа, ғусл қилмоққа сув топмас эрсангиз, тоза тупроққа таяммум қилинглар”, демакдур.

Мана шул оят ҳукми ила сув йўқ ерларда ғусл, таҳорат ўрнида таяммум қилмоқ мусулмонларга фарз бўлди. Бу ҳукмнинг тушганига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп суюниб:

-  Эй Ойша, бу йўқолган қулоданг қандоғ қутлуғ нарсадурким, умматларим учун бундоқ кенгчиликка сабаб бўлди, - дедилар.

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ келиб:

-  Эй қизим Ойша, сенинг ҳар бир ишингдан бир баракот чиққай, - дедилар.

Ансор раисларидан Усайд ибн Ҳузайр келиб:

-  Абу Бакр Сиддиқ авлодида мусулмонлар учун кўп баракат бордур, - деб суюнчилик қилди. (285 – 286 - бет).

Эътибор қилинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу қандай яхши тақинчоқки унинг шарофатидан менинг умматимга енгиллик ояти Аллоҳдан тушди” – дедилар. Яъни жуфтим Ойша, оталари Абу Бакрга боғлиқ нарсалар ҳам хосиятли демоқчи бўлдилар.

Шунга ўхшаш бир ҳол бўлса биз қандай йўл тутган бўлардик? Савиямиз, тушунчамиз жавобимизда яшириндир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзанднинг ота-онасида уч ҳаққи бор:

1.      Туғилганда яхши исм қўйиш;

2.      Ақлли бўлганда илмни таълим бериш;

3.      Балоғатга етганда жуфтлаб - никоҳлаб қўйиш”, дедилар (Ровийси?).

Ислом дунёсида шайх, олим, аллома, муҳаддис, зоҳид, ҳофиз, имом каби номлар билан машҳур бўлган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизий (милодий 820-932 йй.) шундай ёзади: Аллоҳ таоло мени устозим – отамдан жудо қилганда саккиз ёш эдим. Мен илм олишга шу даражада берилиб кетган эдимки, китоб мутолаа қилиш мен учун асосий машғулот бўлиб қолганди. Ваҳоланки, тенгқурларим ўйин ўйнаш билан банд бўларди. Отамнинг ҳаракатлари туфайли мен бу ёшда «Илмул осор» («Ҳадис илми») ва «Илму рай» («Ҳанафий мазҳаби фиқҳи») билимларини тўлиқ эгаллаб олган эдим...

Демак, одатда ўйинқароқ бўлган ёш беғубор боланинг қалбида илмга иштиёқ ва муҳаббатни отаси уйғота олган ва инсоният тарихида буюк олимнинг тамал тошини, илк ғиштини қўйган.

Китобни тушуниш малакасига эга бўлган ёш қалб соҳиби ҳаётий воқеликда мантиқий ечим топа оладиган етук шахсга айланади. Буюк маънолар юкланган ҳадиси шариф ҳикматларини, Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримни тушуна оладиган малакага эга бўлади. Одам онгининг мукаммал бўлиб бориши айнан китоб мутолааси ёрдамида ҳосил бўлиши исботини топган ҳақиқатдир. Ҳозир компютер, қўл телефонлари орқали интернетга кириш имкониятига эга бўлган ёшларимиз, илм ва маърифат олишда интернетнинг қулайликларидан унумли фойдаланишяпти. Аммо интернетдаги маълумотлар ёлғон ва зарарли ҳам бўлиши ҳам мумкин. Шу сабабли фарзандимизнинг компютер билан мулоқотларини мунтазам назорат қилиб бориш ҳар биримизнинг масъулиятли бурчимиздир.

Интернетдан фойдаланаётган ёш бола қизиқувчанлиги ва тажрибасизлиги туфайли рўбарўсидаги даҳшатли хавф – хатарни сезмай қолиши мумкин. Интернетга устамонлик билан киритиб қўйилган ёвузлик, ҳаёсизлик, ахлоқсизлик каби иллатларни онгига юклаб олишини билмай қолади. Шунинг учун ота-она боласини тўғри йўналтира билиши бирламчи вазифадир.

Эй фарзандлар, “меҳр кўзда”, деган гап бор. Сиз ҳеч қачон ота-онангиз кўзларидан узоқда бўлманг. Ота-онанинг хатолари кечирилади, уларга тик қаралмайди, бегона кишиларга улар ҳақида шикоят қилинмайди. Ота-она фарзанд томонидан қалб билан севилади. Ақл билан эмас. Ақл ҳаддидан ошса, ўз эгасини адаштиради. Ота-онанинг танбеҳини ўзингизга оғир олманг, балки яхшилик дея қабул этинг. Билингки, бу оламда сиз учун жонини иккиланмай фидо қила олувчи энг яқинларингиз ота-онангиздир.

Абдумутал ОТАБОЕВ,

ЎМИ  Жиззах  вилоят  вакили  ўринбосари

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид