Қаерга кетяпсизлар?

Қаерга кетяпсизлар?

imon.uz 2023-07-07 01:44:02 405

Ярмук жангида ислом қўшинларидан бир қанча отлиқлар орқада қолдилар. Кейин улар сафларнинг ортида турган аёлларнинг олдига келдилар. Отлиқлар орасида Абу Суфён ҳам бор эди. Аёллар орасида эса, унинг хотини Ҳинд бор эди. Аёллар ўз олдиларига келган отлиқларни уруш сафидан қочганлар эканини билдилар. Улар баланд овозда: “Эй эркаклар! Қочиб, қаерга кетяпсизлар? Аллоҳнинг қўшинидан қайси тарафга қочиб кетмоқдасизлар? Албатта, Аллоҳ аҳволингиздан хабардордир. Шундай экан, Ундан қўрқинглар!” дейишди. 

Кейин Абу Суфённинг хотини Ҳинд чодир устунларидан бирини олди-да, эри минган отнинг бошига уриб: “Эй Сохрнинг ўғли! Душман билан жанг қилгани орқангга қайт! Аллоҳ таолонинг ризосига эришиш йўлида ўзингни фидо қил! Шояд шунда аввалги қилган гуноҳларинг кечирилса. Одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф бўлишга қизиқтирган, у зотга қарши урушиш учун кофир ва мушрикларга ёрдам берган кунларингни эсла!” деди. Бу гапларни эшитган Абу Суфён розияллоҳу анҳу уруш майдонига қайтди ва мардонавор жанг қилди.  


Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ҳаётидан минг бир қисса” 

китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид