130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ҚИССАДАГИ ИБРАТ
imon.uz 2024-08-02 01:56:29 270Зубайр ибн Баккор айтади:
"Синглимнинг қизи хотинимга деди:
- Тоғам эркакларнинг энг яхшиси. Унинг иккинчи хотини йўқ, жорияларга ҳам ҳавас қилмайди!
Хотиним унга деди:
- Аллоҳга қасамки, мана бу китоблар мен учун учта кундошдан ҳам ёмонроқдир!".
Ҳижрий бешинчи асрда Миср амирларидан бири бўлган ибн Фотикнинг жуда катта кутубхонаси бор эди. У кўп вақтини кутубхонада ўтказар эди. Деярли у ердан чиқмас эди. Хотини уни китоблардан ниҳоятда қизғанар эди. Амир вафот қилгач, хотини жориялари билан кутубхонага кириб йиғлаб-йиғлаб барча китобларини жориялар ёрдамида дарёга оқизиб юборди. У китоблардан ана шу тариқа интиқом олди.
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Ахборуз зурроф вал мутамажинин" номли китобида келтиради:
"Фақиҳлардан Абдуллоҳ ибн Муҳаррам уйланди. Хотини унинг китоблар билан машғуллигидан сиқилар эди. Шунинг учун онасига бориб эридан шикоят қилди. Эртаси куни Абдуллоҳ ибн Муҳаррамнинг қайнонаси келди. Ибн Муҳаррам китоб ўқиб ўтирган эди. Қайнонаси унинг қўлидан китобни тортиб олиб ерга улоқтириб деди:
"Бу китоблар қизим учун кундошдан ҳам ёмон!".
Аслида китоб аёлнинг душмани эмас. Аёл бор йўғи эрининг ўзидан бошқалар билан машғул бўлишини ёқтирмайди холос.
Юқорида зикри келган Зубайр ибн Баккор, ибн Фотик ва Абдуллоҳ ибн Муҳаррамларнинг хотинлари бугун дўстлари билан ярим кечагача суҳбатлашиб ўтирган, ўртоқлари билан тоққа дам олгани кетган, ҳамнишинлари билан қаҳвахонада суҳбат қуриб ўтирган сиз ва биз кабиларнинг хотинларимизга ўхшашади.
Гап машғул бўлиш ҳақида кетаяпти, машғул қилиш ҳақида эмас.
Хотин эрининг яхши кўрадиган нарсалари ва истаклари борлигини билиши керак. Ўша нарсалардан у ўзини қидиради, саодат ҳис қилади. Эркак барча вақтини аёлига бера олмайди. Кун бўйи унинг олдида ўтира олмайди.
Аёлнинг ҳам ўз севимли машғулоти бўлади. Уни ҳам риоя қилишимиз лозим.
Эр-хотин ўртасида хос бир майдон бор. Уни яхши билиб олиш лозим. Уни билиш шерикка қарши чиқиш дегани эмас.
Эркак ҳам хотинининг эътиборга муҳтожлигини билиши керак. Аёл ўзини уй жиҳози каби ҳис қилишни ёмон кўради. Ишлар тўғриланишга муҳтож. Эркак хотинини унутиб юборар даражада ўзининг ишлари билан овора бўлмаслиги лозим. Бунинг акси ўлароқ ўз ишларини, севган машғулотларини ҳам ташлаб хотинининг олдида ўтириб олмаслиги ҳам лозим!
Абдулқодир Полвонов