ҚЎПОЛЛИК БИЗДА ҚОЛИБ КЕТДИ

ҚЎПОЛЛИК БИЗДА ҚОЛИБ КЕТДИ

imon.uz 2024-02-23 01:46:41 312

Ҳазн ибн Абу Ваҳб Махзумий Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ундан исмини сўрадилар. У: "Исмим Ҳазн", деди. "Ҳазн" дегани "асабий", "оғир табиатли", "саркаш" деганидир.  Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен Саҳлсан", дедилар. Яъни, унинг исмини ўзгартирмоқчи бўлдилар. "Саҳл" дегани "осон", "енгил" деган маъноларни билдиради. Шунда Ҳазн: "Отам қўйган номни ўзгартирмайман", деди. 

Ҳазн ибн Абу Ваҳб буюк тобеин Саъид ибн Мусаййиб роҳимаҳуллоҳнинг бобоси бўлади. Саъид ибн Мусаййиб айтади:

"Бобом Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзгартиришларини қабул қилмагани учун бизда асабийлик, қўполлик ва саркашлик қолиб кетди".

  

Шунинг учун Саъид ибн Мусаййиб роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётига назар солсак, унинг илми ва фазлига қарамасдан анча оғир феълли ва саркаш инсон бўлганлигини кўрамиз.

Халифа Абдулмалик ибн Марвон Мадинаи Мунаввара зиёратига келди. Иссиқда дам олмоқчи эди, аммо уйқуси келмади. Қўриқчиларидан бирига:

"Бор! Масжиди набавийга қарачи, менга ҳадис айтиб берадиган бирор киши борми?", деди.

Қўриқчи масжидга борди. Саъид ибн Мусаййиб кишиларга дарс бераётган эди. Қўриқчи унга: "Сени мўъминлар амири чақираяптилар", деди. Саъид ибн Мусаййиб: "Менинг исмимни айтдими сенга?", деб сўради. Қўриқчи: "Йўқ. Менга ҳадис айтиб берадиган бирор кишини чақириб кел", дедилар.  Саъид ибн Мусаййиб роҳимаҳуллоҳ деди: "Унда бориб халифага айт, мен амирлар билан ўтирмайман".

Қўриқчи бориб Абдулмалик ибн Марвонга деди: "Келишдан бош тортгани учун бошини қилич билан чопмоқчи бўлдим". Шунда Абдулмалик деди: "Уни ўз ҳолига қўй. Биз Саъид ибн Мусаййибнинг номини эшитганимиздан бери у шунақа".

   

Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам агар олдиларига бирор исми яхши бўлмаган киши келса унинг исмини ўзгартирар эдилар. Яхши исмдан яхшилик умид қилар эдилар. Ҳудайбия сулҳида сулҳ тузиш учун мушриклар томонидан Суҳайл  ибн Амр келганида: "Бу Суҳайл ибн Амр. Ишингизга енгиллик бўладими дейман", деган эдилар. "Суҳайл" маъноси "енгил", "осон" деганидир.

Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига Қалил ибн Салт келди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ундан исмини сўрадилар. У: "Қалил", деди. "Қалил" дегани "оз" деганидир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен Касирсан", дедилар. "Касир" дегани "кўп" деганидир.

Бошқа бир куни Бани Ғифордан бир аёл боласи билан келди. Боласининг бўйнига тумор илинган эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам боланинг бўйнидаги туморни олиб отиб юбордилар ва унинг исмини онасидан сўрадилар. Онаси: "Боламнинг исми Соиб", деди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Унинг исми Абдуллоҳ", дедилар. "Соиб" дегани "ташландиқ", "дайди" маъноларини англатади.

Шундан сўнгра бола биров уни "Соиб" деб чақирса қарамайдиган бўлди. "Абдуллоҳ" деб чақирса қарар эди. Ундан: "Нега аввалги исминг билан чақирсак қарамайсан?", деб сўрашганда у: "Мен Расулуллоҳ номлаган ном билан чақирилсамгина ижобат қиламан", деган эди.

  

Болаларнинг оталаридаги ҳақларидан бири оталар уларга яхши ном қўйишларидир. Тоинки, катта бўлганларида номларидан хижолат бўлмасинлар. Қолаверса ҳар бир исмдан фарзандларимизга насиба бордир. Уларга яхши исмларни танлашимиз лозим!

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид