Қўшнилар

Қўшнилар

imon.uz 2024-08-28 03:55:18 173

Динимизда ҳар бир инсон ўз қўшнилари ила аҳил бўлиш, уларга озор бермаслик, яхши муносабатда бўлиб, уларнга қўлидан келгунича  яхшиликларини аямасликка тарғиб қилинган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим», деганлар».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадисдан қўшнига яхшилик қилиш, мурувват кўрсатиш қанчалик такидланган амал эканлиги очиқ аён бўлибтурибди. Жаброил алайҳиссалом қўшнига яхшилик қилиш тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шу қадар қаттиқ таъкидлаганларидан, у зот қўшни мерос ҳам олармикан, деб ўйлаган эканлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинганбошқа ҳадисда:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг икки қўшним бор. Улардан қай бирига ҳадя қилай?» дедим.

«Сенга эшиги яқинига», дедилар».

Демак, қўшнининг ҳаққи уйи яқинлигига қараб турли даражада бўлар экан. Энг яқин қўшнининг ҳаққи энг кўп бўлар экан. Агар қўшинилардан бирига ҳадя қилиш нияти бўлса, уларнинг эшиги яқинидан бошлаш яхши экан.

Қўни-қўшнига яхшилик қилишда, ҳадя беришда эшиги яқинроқ бўлган қўшнидан бошлаш керак экан. Агар бир қўшнини ташлаб, ундан кейингисига ҳадя берилса, ўртадаги қўшнининг кўнглига: «Мени ёмон кўрса керак, бўлмаса, ён қўшни бўлиб туриб, шунақа қиладими?» деган шубҳа тушиб қолиши мумкин.

Ҳеч бир вақтда қўни-қўшниларга озор бермаслик лозим. Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!» дедилар.

«Ким? Эй Аллоҳнинг Расули!» дейилди.

«Қўшниси ёмонлигидан эмин бўлмаган одам», деб марҳамат қилганлар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Муслимнинг ривоятида:

«Қўшниси ёмонлигидан омонда бўлмаган одам жаннатга кирмайди», дейилган.

Уламоларимиз бу ҳадисда қўшнисига ёмонлик қилишни ҳалол ҳисоблаган одам кўзда тутилган, деганлар.

Қўшниларига озор бериш, зулм заҳмат қилиб уларни дилини оғритиш инсонни жаннатга киришдан маҳрум қилиб қўйиши мумкин экан.

Демак, қўни қўшнилар билан чиройли муомилада бўлиш, уларга яхшиликлар, ҳадияларни аямаслик мақсадга мувофиқ ва ажри мукофати кўп амаллардан экан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид