Қотиб кетган қалблар учун малҳам

Қотиб кетган қалблар учун малҳам

imon.uz 2023-08-04 01:54:07 499

Бир ишчи дорихонага бориб, сотувчидан «Цемент учун малҳам борми?» деб сўради.

Сотувчи уни масхара қилиб, «Бор, тош учун ҳам, темир учун ҳам малҳам бор. Четникидан, тозасидан бўлсинми ёки ўзимизда чиққан, оддийсиям бўлаверадими?» деди.

Ишчи: «Четникини, сифатлисини беринг», деди.

Сотувчи масхара оҳангида: «Униси қиммат-да» дедию, хахолаб кулиб юборди.

Ишчи сотувчига қўлларини кўрсатиб, «Мен устаман, цемент билан ишлайман. Шунинг учун қўлим дағаллашиб, қизчамнинг юзини силай олмаяпман. Шунга, қўлни юмшатадиган малҳам бўлса, беринг демоқчи эдим. Пулини бир амаллаб тўлайман», деди.

Сотувчи бу гапни эшитиб, жим бўлиб қолди. У қўллари қадоқ бўлиб кетган бу ишчининг олдида ўзини ниҳоятда ҳақир санади, чунки анчадан бери фарзандларини бағрига босмаган, эркалатмаган эди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аъробий келиб, «Сизлар ёш болаларингизни ўпасизларми? Биз ҳеч ўпмаймиз», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар».

Шарҳ: Демак, жажжи болаларни ўпиш кишининг қалбида раҳмат борлигининг аломати экан. Аксинча, ёш болаларни ўпмаслик қалбда раҳматнинг йўқлиги аломати экан.

 Фарзанд ўстириш, уни тарбиялаш жуда машаққатли иш. Бола доимо меҳрга, раҳм-шафқатга муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда болаларга раҳмли бўлиш катта савобли иш даражасига кўтарилган. Бу улкан ҳақиқатни ҳеч бир ота-она зинҳор унутмаслиги керак.

Чинакам фақирлик – ҳамённинг эмас, қалбнинг бўшлигидир.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон, islom.uz

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид