Қуръони карим оятларида ёш авлодни соғлом ўстириш ҳақида

Қуръони карим оятларида ёш авлодни соғлом ўстириш ҳақида

imon.uz 31-05-2022 388


         Қуръони карим – Ислом динининг асосий таянчи манбаи. Мўъмин – мусулмонлар доимо ҳар бир иш, амалда уни дастурул амал деб биладилар. Дунё кўрки фарзандлар ва уларни баркамол  ўстириш хусусида Каломуллохда қандай кўрсатмалар мавжуд?!

Бугунги авлод тарбиясида ютуқлар қўлга киритилиши учун нималарга эътибор бериш даркор?! Қуръони карим ўн тўрт асрдан буён кишиларни ҳидоятга чорламоқда. Унда дунё ва охират яхшиликлари мужассамдир.

Ота-она доимо яхши, соғлом, солиҳ фарзанд умидида бўлмоғи лозим. Ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг дунёга келишлари воқеасининг ўзигина фикримиз далили бўла олади. Тақводор ота ва диёнатли, афифа онадан Нўъмон Ибн Собит р.а.га ўхшаган фарзанд туғилган. Имом Аъзам Ҳазратлари қиёматга қадар носоғлом эътиқод ва амалларга «дори ва дармон» бўладиган илмий мерос қолдирганлар.

Фарзандни соғлом ўстириш омилларидан бири, уни она сути билан озиқлантиришдир.  «Бақара» сурасининг 233 – ояти шу хусусда:

Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар (Бу ҳукм) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир....

Она сутиниг фарзанднинг соғлом ўсиши, ривожланиши борасидаги фойдалари хусусида илмий тажрибалар ўтказган олимлар ушбу ҳақиқатга яна бир карра тан бердилар. Гувоҳи бўлдики, бу ҳақиқат Қуръони карим оятларида акс этган.

Фарзандни ато этган Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган  қилиб тарбиялаш керак. Тарбиянинг навбатдаги босқичи, болани эмизиш давридадир. Гўдакнинг ҳакларидан бири ва оналарининг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг соғлом ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ.

Инсонпарвар дин бўлган Ислом норасида боланинг қаровсиз ва тарбиясиз қолиб кетишига йўл қўймайди. Унинг нафақа олиши отаси зиммасига юклайди. Динимиз ҳукмлари замирида тарбияси, соғлом камол топиш етарлича кафолатланган.   Қуръони каримнинг «Луқмон» сурасида Луқмони Ҳакимнинг ўғлига насиятлари баён қилинади.

13 . Эсланг, Луқмон ўғлига насият қилиб, деган  эди: «Эй  ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки, ширк улкан зулмдир».

17. Эй, ўғилчам, намозни мукаллам адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар) га сабр қил! Албатта, мана шу ишларнинг пухтасидандир.

18. Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин. Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас.

19.(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин. Чунки, овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар  овозидир.»

Ақлан етук авлод, аввало, ўзини яратган Роббисини танийди. Қолаверса, ота – онасига ҳам ҳурмат кўрсатади. Фақатгина бир масалада – тавхид масаласидан, ота – она ягона Аллоҳга ширк келтиришга мажбур қилсалар, уларга итоат қилинмайди. Бошқа ҳолларда, ҳаттоки, ота – она кофир бўлсада, дунёда уларга яхши муомалада бўлиш буюрилади. Инсон руҳий – жисмоний камолотининг сабаблардан бири намозни ўқишдир. Одамийлик табиатига зид бўлган иллатлардан кибр, мақтанчоқликни Аллоҳ таоло хуш кўрмайди. Инсон доимо ўзининг соф фитратини сақлаб қолмаги керак.

Шу жумладан, фарзандларимизни хам шу руҳда тарбиялаш мақсадга мувофиқ бўлади. Хулқи гўзал болалар униб – ўсиб, жамиятни, оилани, диёримизнинг кўркига кўрк қўшади. Яхши хулқ – соғлом авлод тарбиясининг муҳим қисми саналади.   

Фурқат САЙДУЛЛАЕВ

Ш.Рашидов тумани "Қангли"

жоме масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид