ҚУРЪОНИ КАРИМ СУРАЛАРИДАГИ ДУОЛАР БИЛАН ШИФО ТОПИШ ҲАҚИДА

ҚУРЪОНИ КАРИМ СУРАЛАРИДАГИ ДУОЛАР БИЛАН ШИФО ТОПИШ ҲАҚИДА

imon.uz 2025-02-21 01:27:43 141

Фотиҳа сурасини ўқиб дуо қилиш. Бу сура Қуръони Каримдаги энг улуғ сурадир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эди. Ногоҳ у зот юқоридан бир овозни эшитди. У бошини кўтариб бундай деди: “Бугун осмондаги асло очилмайдиган бир эшик очилди. Бугун у эшикдан ҳеч бир вақт тушмаган фаришта тушди. У фаришта салом берди ва бундай деди: “Сенга берилган икки нур билан хурсанд бўл! Сендан аввалги пайғамбарга бу икки нур берилмаган эди. Бу икки нур: Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг охирги оятлари. Ҳар қачон улардан бир ҳарфни қироат қилсанг, албатта, сўраганинг берилади” (Имом Муслим ривояти).


Имом Бухорий Абу Саъид ибн Алмуаълло Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Сенга Қуръони Каримдаги энг улуғ сурани ўргатиб қўяйми? Бу “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн” сураси. Бу сура такрорланувчи етти оят ва Улуғ Қуръондир”.


Имом Байҳақий ва бошқалар Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадиси муборакда бундай дейилган: “Чиндан ҳам, Фотиҳа сураси ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир”.


Ибн Роҳавайҳ ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳудан бундай ривоят қилган: “Фотиҳа сураси Арш остидаги ганжинадан нозил этилган”.


Расул Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жалладан ривоят қилган ҳадиси қудсийда келади: “Аллоҳ таоло: “Намозни Ўзим билан бандам ўртасида икки қисмга бўлдим. Бандам учун сўрагани бўлади”, дейди. Агар банда: “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн”, деб айтса. Аллоҳ таоло: “Бандам Мени мақтади”, деб айтади. Агар банда: “Ар-Роҳманир Роҳийм”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам Менга сано айтди”, деб айтади. Агар банда “Малики явмиддин”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам Мени шарафлади”, деб айтади. Агар банда: “Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн", деса, Аллоҳ таоло: “Бу Мен билан бандам ўртасидадир, бандамга сўраган нарсаси бўлур”, деб айтади. Агар банда: “Иҳдинас сиротол мустақим. Сиротоллазина анъамта алайҳим, ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллин", деса. Аллоҳ таоло: “Бу бандам учун. Бандамга сўрагани бўлур”, дейди” (Имом

Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).


Имом Ҳоким Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Афзалул Қуръони: “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн”.


Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида бундай деб марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло

бир бандасига неъмат берса, банда бунинг муқобилида “Алҳамдулиллаҳ”, деб айтса, банда неъмат шукрини адо этган бўлади. Агар у буни иккинчи марта айтса, Аллоҳ таоло унинг савобини унга янгилайди. Агар банда учинчи бор “Алҳамдулиллаҳ”, деб айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради” (Имом Байҳақий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).


«Шифо оятлари ва маъсур дуолар» китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид