Рамазон ойини кўтаринки руҳда ўтказиш вазифалари белгилаб олинди

Рамазон ойини кўтаринки руҳда ўтказиш вазифалари белгилаб олинди

imon.uz 2024-03-08 01:25:34 142

Шу йил 7 март куни Рамазон ойини кўтаринки руҳда ўтказиш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги туман-шаҳар бош имом-хатибларининг онлайн мажлиси ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев иштирок этди.

Йиғилишда хайру саховат, меҳр-оқибат мавсуми бўлмиш Рамазон ойини муносиб тарзда кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.
 Хусусан, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига ҳадялар улашиш, беморларнинг ҳолидан хабар олиш кабилар алоҳида қайд этилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам олис ва чекка ҳудудларда ёрдамга муҳтож оилалар ҳамда меҳрга муҳтож болаларга ҳадялар улашишни амалга оширишга чақирилди.   

Шунингдек, имом-домлаларга хатми Қуръонларни тартибли ўтишини таъминлаш, намозхонларга муносиб шарт-шароитларни ҳозирлаш ва Рамазон ойида Фатво марказидаги Кол марказ фаолиятини 12 соатли иш тартибига ўтказишга ҳам эътибор қилинди.

Сўзга чиққан нотиқлар муборак ой муносабати билан барча масжидларда ҳамда уларга туташ бўлган зиёратгоҳ, қадамжо ва қабристонларда мунтазам озодалик ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилиши учун масжидларда хавфсизлик чораларини кўриш, жумладан, электр, газ, транспорт ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда хонақоҳлар муҳофазасига эътибор қаратиш муҳимлиги таъкидланди.

Соҳа раҳбарлари томонидан ОАВда Рамазон ойини халқимиз учун меҳр-оқибат, тинчлик-осудалик ва шукроналик тимсоли эканини ўзида мужассам этган чиқишларни амалга ошириш ҳамда исрофгарчилик, боқимандалик кабилардан халос бўлиш бўйича чиқишлар қилишга урғу қаратилди.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид