Рамазон ойининг Қуръон карим билан боғлиқ ўзига хос хусусиятлари бордир

Рамазон ойининг Қуръон карим билан боғлиқ ўзига хос хусусиятлари бордир

imon.uz 2025-03-13 11:43:38 7

Аллоҳ таоло айтади: “Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган", Бақара сураси, 185-оят.

 Шунинг учун  солиҳ салафларимиз Рамазон ойида Қуръон ўқишни кўпайтиришга катта аҳамият берганлар.

▫️Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳар куни Қуръонни бир марта хатм қилар эдилар. 

▫️Асвад ибн Язид Рамазонда ҳар икки кунда бир марта, Рамазондан ташқари эса ҳар олти кунда бир марта хатм қилар эдилар. 

▫️Саид ибн Жубайр ҳам ҳар икки кунда бир марта хатм қилганлар.

 ▫️Мусбиҳ ибн Саъид: "Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Рамазон ойида ҳар куни кундузи Қуръонни бир марта тўлиқ хатм қилар эдилар", дейди. 

▫️Имом Шофеъий эса Рамазон ойида намоздан ташқари олтмиш марта хатм қилганлар. 

▫️Қатода ҳафтада бир марта, Рамазонда ҳар уч кунда, охирги ўн кунликда эса ҳар кеча хатм қилганлар.

▫️Имом Зуҳрий Рамазон ойи кирса ҳадис дарслари ва илм аҳли мажлисларидан қочар ва мусҳафдан Қуръон қироат қилишга машғул бўларди. 

 Ибн Ражаб Ҳанбалий айтади: "Қуръонни уч кундан кам вақтда хатм қилиш ман қилинган, лекин бу доимий одат қилиб олишга тегишли. Аммо Рамазон каби муборак вақтларда ёки Макка каби муборак жойларда бўлса, кўпроқ ўқиш мақсадга мувофиқдир. Бу имом Аҳмад ва имом Исҳоқнинг ҳам сўзидир", деди.

Демак, Рамазон ойида фақатгина рўза тутиш билан чекланилмайди, балки у Қуръон ойи ҳамдир. Шунинг учун бу муборак ойда Қуръон ўқишни кўпайтириш ва унинг маъноларини тадаббур ва тафаккур қилиш фазилатли амаллардан. 


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид