Рамазон тавба йўлидир

Рамазон тавба йўлидир

imon.uz 14-03-2025 8

Мусулмонга бу ойда қайтадиган энг катта манфаат – бу унинг Роббисига тавба қилиши, Унга қайтиши ва ўз нафсини ҳисоб-китоб қилиб, ўз тарихига қайта мурожаат қилишидир. Тавба эшиклари очиқ, Роббимизнинг ажрлари эса тортиқ қилинган, Унинг фазли эса атрофимизда кезиб юрибди. Аммо тавба қилувчилар ва истиғфор айтувчилар қаерда? Аллоҳ таоло айтади: “Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт” (Зумар, 53). 

Бу ой мағфират ва тавба ойидир. У сахийлик ва афв ойи. У барча қимматбаҳо нарсаларнинг энг қимматбаҳосидир. Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, Аллоҳ кундузи гуноҳ қилган киши тавба қилиши учун қўл(раҳмати)ни ёяди. Тунда гуноҳ қилган киши тавба қилиши учун кечаси қўлини ёяди, ҳатто Қуёш ботадиган ўрнидан чиққунича”. 

Бизнинг ёмонликларимиз кўп, Аллоҳнинг афви улардан кўпроқ. Хатоларимиз катта, Унинг раҳмати улардан каттароқ. Йўлдан тойилишимиз улкан, Унинг мағфирати эса улардан буюкдир!

Аллоҳ таоло тақводор бандалар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар” (Оли Имрон, 135). Улар гуноҳда билиб туриб бардавом бўлишмайди, хато қилишса эътироф этишади, гуноҳ қилишса истиғфор айтишади, ёмон иш қилишса надомат чекишади ва натижада, Аллоҳ уларни афв қилади. 

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Рамазонни топиб мағфират қилинмаганнинг бурни ерга ишқалансин!”. Мўмин агар катта гуноҳлардан четда бўлган бўлиб, Аллоҳ билан чин муомала қилса ҳар йили Рамазонда йилнинг гуноҳлари афв этилади. Йил давомида қилинган айб ва нуқсонлар Рамазонда тўғирланади.

Саҳиҳ ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Эй бандаларим! Албатта, сизлар кечаси ва кундузи гуноҳ қиласизлар. Мен барча гуноҳларни кечираман. Шундай экан, мендан мағфират сўранглар”. 

Биз инсонларнинг гуноҳ қилиб қўйиш табиати бор. Аммо бизларнинг орамизда тавба қилиб Роббисига қайтадиган ва ундан мағфират сўрайдиган ҳам, билиб туриб гуноҳида такаббурлик билан давом этадиганлар ҳам бор. Ҳидоятдан адашган, жабр қилган кишилар ана шу тавба қилмайдиган кишилардир. Тавбада чин бўлиш, гуноҳга қайтмасликка аҳд қилиш ва банда Аллоҳ билиб турган ҳолда қилган гуноҳлари учун қаттиқ надомат чекиши рўзанинг қабул бўлганлиги аломатларидандир. 

Рамазонда тавба қилмаган инсон қачон тавба қилади? Рамазонда Роббисига қайтмаса қачон қайтади? 


Оиз ибн Абдуллоҳ Қарний.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид