130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Сабрнинг мукофати
imon.uz 07-04-2020 587Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам Пайғамбар қилиб юборилганларидан бошлаб инсонларни Аллоҳнинг бирлиги ва У Зотга ибодат қилишга чақирдилар. Баъзилар иймонга кирди, баъзилар иймондан юз ўгириб кофир бўлди.
Иймон келтирганлар орасида улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг онаси Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам бор эди. Умму Сулайм ўғли Анас ибн Моликка иймон ва тавҳид илмларини ўргатарди. Лекин эри иймонни қабул қилмагани сабабидан буни ёқтирмасди. Умму Сулайм эри кофирлигидан ғоятда хафа эди. Бир куни эри уйидан ғазаб қилиб чиқди ва кофирлигича ўлди.
Умму Сулайм боласининг тарбиясида ёлғизланиб қолди. Бир муддатдан сўнгра Абу Талҳа совчи бўлиб келди. Абу Талҳа ҳали иймонни қабул қилмаганлиги учун Умму Сулайм ундан маҳрга мол ҳам, бошқа нарса ҳам хоҳламаслигини, балки иймонни қабул қилишини ва унинг исломи маҳр бўлишини айтди. Абу Талҳа ҳам бу таклифга рози бўлди. Исломга кирди ва унга уйланди.
Умму Сулаймдан Абу Талҳа фарзанд кўриб қалби саодатга тўлди. Лекин бир куни ўғли қаттиқ касал бўлиб қолди. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу уйидан ишга ва Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васалламнинг олдиларига илм талабида чиқар, ишлари битгач ўғлини ҳолатини кўриш учун уйига шошилар эди. Бир куни Абу Талҳа уйидан чиқиб кетганида боласи ўлди. Умму Сулайм уйидагиларга ўзи хабар қилгунича Абу Талҳага ҳеч ким айтмаслигини талаб қилди.
Абу Талҳа уйига қайтгач, боласининг ҳолини сўради. Умму Сулайм у тинч ва хотиржам, деди. Абу Талҳа шифо топибди деб ўйлади, Умму Сулайм эса боласининг ўлганлигини қасд қилиб айтганди. Умму Сулайм эрига таом тайёрлади. Эри еб ичиб, ухлаб дам олди ва аёлидан шаръий ҳаққини олди. Тонг отгач Умму Сулайм боласи ўлганини хабар қилди.
Абу Талҳа ғазабланган ҳолда чиқиб Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб Расулуллоҳга аёли билан юз берган ҳодисани айтди. Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам табассум қилиб иккисининг ҳаққига Аллоҳдан уларнинг бу кечаларини барокатли қилишини сўраб дуо қилдилар. Умму Сулайм бу кеча Абу Талҳадан хомиладор бўлганди. Вақти соати етганда чиройли бола туғди. Умму Сулайм катта ўғли Анас ибн Моликдан бу туғулган боласини Расулуллоҳнинг олдиларига озроқ хурмо билан олиб боришини буюрди.
Анас ибн Молик болани Расулуллоҳнинг олдига олиб келганида Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам олиб келган хурмони чайнаб боланинг оғзига солдилар ва хурмо аралаш тупуруклари билан Расулуллоҳ барокатлари етиши учун танглайини кўтариб қўйдилар. Сўнг унинг исмини Абдуллоҳ деб атадилар .
Бу қиссани ривоят қилувчи ровий айтади: “Абдуллоҳ катта бўлиб уйланди ва тўққизта фарзандли бўлди. Болаларининг ҳаммаси ҳофизи Қуръон бўлиб етишди”.
Қиссадан олинадиган фойдалар:
1 Она бор ҳаракатини фарзандининг тарбиясига сарфлаши.
2 Дин, иймон дунё матоларининг барчасидан қимматроқ. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо барча нарсани қурбон қилиб маҳри ислом бўлишига рози бўлди.
3 Мўмин балоланганида Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиши лозим. Мўминга руҳини ва қалбини Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиш даражасига тараққият топдириши мустаҳаб.
4 Мусулмон Аллоҳнинг тақдирига рози бўлса Аллоҳ унга йўқатганидан зиёдасини беради.
Бухорий ривоят қилган. 5470
Усмонали Оралов