САХИЙЛАР САХИЙСИ

САХИЙЛАР САХИЙСИ

Mimon.uz 2025-05-30 01:18:58 80

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу сахийлиги билан машҳур эди. Кунларнинг бирида бир боғ ёнидан ўтиб қолди. У ерда бир қул ишлар, хурмоларни йиғар эди. Боғ хўжайинининг ўғли унга икки дона кулча келтирди. Хизматчи кулчаларни ейиш учун энди ўтирмоқчи бўлганида тилини осилтириб, думини ликиллатиб бир кучук келиб қолди. У бир кулчани кучукнинг олдига ташлади. Жонивор кулчани паққос тушириб, яна думини ликиллата бошлади. Хизматчи иккинчи кулчани ҳам кучукнинг олдига ташлади ва туриб ишини давом эттирди.

Бу воқеани кузатиб турган Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу қулнинг бу ишидан ажабланиб, ундан сўради:

– Нима учун икки дона кулчани ўзинг емай кучукка бердинг?

Хизчатчи деди:

– Одатда бу ерларда кучуклар бўлмайди. Бу жониворни бу ерга фақат очлик бошлаб келган. Шу боис кулчаларни унга бердим. 

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу деди:

– Энди нима қиласан?

Хизматчи деди:

– Оч ҳолда кун ўтказаман.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар деди:

– Одамлар мени сахий деб билишади. Бу хизматчи мендан ҳам сахий экан.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу қулнинг хўжайини олдига бориб, уни сотиб олишини айтди. Қулнинг хўжайини:

– Нега уни сотиб олмоқчисан? – деди.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу кўрган-кузатганларини айтиб берди ва уни сотиб олиб озод қилмоқчи ҳамда боғни ҳам унга олиб бермоқчи эканини айтди.

Қулнинг Хўжайини деди:

– Сен унда биргина шу хислатни кўрдингми? Биз ҳар куни унда ажойиб ҳолатларни кузатамиз, – деди ва уни Аллоҳ розилиги учун озод қилганини ҳамда боғни ҳам унга ҳадя қилганини айтди.


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид