САҲОБАИ КИРОМЛАРНИ КУФРДА АЙБЛАШ, СЎКИШ ҲУКМИ

САҲОБАИ КИРОМЛАРНИ КУФРДА АЙБЛАШ, СЎКИШ ҲУКМИ

imon.uz 01-02-2020 626

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари пайғамбарлардан кейин Ер юзида қадам босган энг улуғ зотлардир. Улар муқаддас динимизга амал қилиб тарқатувчи, уни қўллаб-қувватловчи ёрдамчилар эдилар. (Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин). Қалбида иймони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббати бор кишилар албатта саҳобаи киромларни яхши кўради, уларга муҳаббат қилади. Саҳобаи киромларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қанчалар вафодор, нақадар садоқатли эканини, ўзлари, фарзандлари ҳатто ота-оналаридан устун қўйганини биргина Ул Зотнинг бир оғиз сўзларига “ота-онам сизга фидо бўлсин”, “жоним сизга фидо бўлсин” деб муҳаббат ва латофат ила жавоб берганликлари кўрсатиб беради. Уламоларимиздан бири Аллоҳ таоло ўз каломи шарифида нозил қилган …اللَّهُ أَعْلَمُ حَيْثُ يَجْعَلُ رِسَالَتَهُ… “…Аллоҳ пайғамбарликни қаерга қўйиш (раво кўриш)ни яхши билувчидир…” (Анъом сураси 124-оят) ояти борасида шундай дейди: “Аллоҳ таоло саҳобаи киромларни шу қадар улуғ бир фазл, буюк шараф эгаси қилганки, бу фазлу шарафга ҳеч бир кимса ета олмайди. Чунки, Аллоҳ таоло Ўз динини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ила мукаммал бўлиши ва қиёматгача давом этишини ирода қилган. Ана шу инсонларнинг энг яхшиси, кўнгилларнинг энг маҳбуби бўлган Зотга эса саҳобаи киромларни дўст, суҳбатдош, сафдош, ҳимоячи қилиб танлаб олди. У Зотнинт меросхўри, шариатининт давомчилари ва тарқатувчилари қилиб сайлади. Бу – энг олий фазл, мана шу Бани Исроил пайғамбарлари орзу қилган шарафдир”. Бироқ, мусулмонлар орасида ҳам турли оқимлар таъсирига тушиб қолган, натижада саҳобаи киромларни ёмон кўрадиган, уларни куфрда айблайдиган (Аллоҳ асрасин), уларни ҳақоратлайдиган кимсалар учрайди. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари мана шундай кимсалар борасида қандай ҳукм қилганларидан хабардор бўлиш мақсадида фатво китобларига юзланамиз. Саҳобаи киром (розияллоҳу анҳум) ларни улуғ, фазилатли деб эътиқод қилиш динимиз томонидан белгилаб қўйилганлигига аҳли сунна вал-жамоанинг жумҳур уламолари иттифоқ қилишган. Саҳобаи киромларни таҳқирлаш, сўкиш борасидаги ҳукмларни бир неча ҳолатларда ўрганиб чиқамиз: 1. Саҳобаи киромларга куфр нисбатини бермасдан ҳақоратлашнинг ҳукми: Жумҳур уламолар ижмоси: Кимда ким саҳобалардан бири ёки бир баъзиларини “бахиллик, қўрқоқлик, илми ёки тақвоси озлик” (Аллоҳ сақласин) каби уларнинг динига, адолатига путур етказмайдиган сўзлар ила ҳақоратласа фуқаҳоларниг иттифоқига кўра кофир бўлмайди, лекин уларга одоб бериб қўйиш лозим бўлади. Саҳобаи киромларни барчасини сўкиш борасида эса шофеъий мазҳаби уламоларидан бири имом Субкий: “саҳобаи киромларнинг баъзиларини сўкувчиларнинг фосиқлиги борасида хилоф йўқ. Аммо уларнинг барчасини сўкиш куфрдир”, деганлар. Чунки, бу – динни етказувчиларни таҳқирлаш, уларни таҳқирлаш динни таҳқирлаш демакдир. Саҳобаи киромларни саҳоба бўлганликлари учун сўкиш аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига биноан куфрдир. Бу борада бизнинг ҳанафий мазҳаби ақидаси – мўътабар китобларимиздан бири бўлмиш имом Тоҳовийнинг “ақийда ат-Тоҳовийя” китобида “…улардан нафратланиш куфр, нифоқ ва туғён (тўғри йўлдан тойилиш)дир”, деб келтирилганига биноан куфрдир. Имом Субкий ўзларининг “Фатаво” ларида “Саҳобаларни саҳобий бўлганликлари учун сўкишда уларнинг ҳақларини енгил санашлик ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқиш борлиги учун куфрдир”, деганлар. Саҳобаи киромларни саҳоба бўлганликлари учун эмас балки, бошқа сабабларга кўра сўкиш борасида аҳли сунна вал-жамоа уламолари турли фатволар беришган. Мазҳабимизда ҳам бу борада турли фикрлар айтилган бўлиб, баъзи уламолар мазкур турдаги ҳақорат фисқ ва бидъат, деса, бошқалари куфр ва залолат дейишган. Биринчи гап саҳиҳроқ. Бундан ташқари бошқа манбаларда “сўкувчи кишига қаралади, агар унда унинг гапларида куфрга далолат қиладиган аломатлар топилмаса у фосиқ ва бидъатчидир, илло акси бўлса у кофирдир” Аммо шайхайн (икки шайх) Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳу ларни сўкиш бундан мустисно. Чунки уларни сўкиш куфрдир. Ибни Обидийн раҳимаҳуллоҳ “Ҳошия” (4/236)да шундай дейдилар: “Фатавойи Баззозийя” китобида “Хулосатул-фатаво”дан шундай нақл қилинади: “Агар рофизий икки шайхни сўкса, уларни лаънатласа у кофирдир. Агар (лаънатламасдан) Али (р.а.)ни улардан устун қўйса у мубтадиъ (бидъатчи)дир. Бу ундан тавбаси қабул қилинмайди, дегани эмас”. 2. Саҳобаи киромларга куфр нисбатини бериб (Аллоҳ сақласин) сўкишнинг ҳукми: Саҳобаи киромларни “бирор киши саҳобийларнинг барчаси ёки улардан бирини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин кофир бўлишган, ёки муртад бўлишган, ёки улар фосиқ (Аллоҳ сақласин) деса, кофир бўлади. Чунки бундай киши Қуръони каримнинг бир неча оятларидаги саҳобаи киромларнинг фазли, улардан Аллоҳнинг рози эканлиги борасидаги оятларни ёлғонга чиқарган бўлади”. Бунга аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг барчаси иттифоқ қилишган. Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни саҳоба эканини инкор қилишнинг ўзи билан кофир бўлади. Чунки бунда Аллоҳ таолонинг ﴿ إذْ يقول لصاحبه ﴾ “(Муҳаммад) соҳиб (ҳамроҳ)и (Абу Бакр)га…” оятини инкор қилиш мавжуд. (яъни мазкур оятда Аллоҳ таолонинг Ўзи Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни соҳиб деб атаган) Хулосада шундай келтирилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳуларнинг халифаликларини инкор қилиш куфрдир”. Эҳтимол бу ердаги (халифалик сўзидан) мурод Уларнинг халифаликка ҳақли эканлигида хилоф қилишдир. Бу эса саҳобаи киромларнинг ижмосига қарши чиқишдир”. (“Ҳошияту Ибни Обидийн” 1/561). Абулмаъолий ал-Олусий раҳимаҳуллоҳ Саҳобаи киромларни куфрда айблаш борасида шундай дейдилар: “Саҳобаи киромларни иймони, сидқи комил бўлгани ҳолда, нифоқ ва тойилишнинг заррача аломатлари йўқ бўлишига қарамасдан ўргимчак иниданда заифроқ шубҳалар билан уларга нисбатан лаънат айтмоқликка бориш очиқ-ойдин куфрдир…” Шундай экан ул муборак Зотлар тўғрисида сўзлаганда эҳтиёт бўлмоқ, ҳурмат ила номларини тилга олмоқ ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги бурчидир. Аллоҳ таоло барчаларимизга саҳобаи киромларни севиш, уларнинг тутган йўлларидан муҳаббат ила лозим тутмоқликни насиб айласин. Уларга, уларнинг адолатига, фазлу шарафига нисбатан қалбимизда бирор шубҳа тушиб қолишидан Аллоҳнинг ўзи сақласин. Ахматқулов Элёржон, Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси.

Манба: http://ahlisunna.uz/sahobai-kiromlarni-kufrda-ayblash-sukish/                                 
Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид