130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

Саховатли Зотнинг бандаларига нидоси
Mimon.uz 2025-05-30 01:41:33 15Фузайл ибн Иёз розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳар кеча тун қоронғисида Аллоҳ азза ва жалла шундай нидо қилади: «Мендан-да саховатлирок ким бор?! Халойиқ Менга исён қилади, зеро,Мен уларни кўриб, кузатиб тураман. Гўёки улар Менга осийлик қилмагандек, Мен уларни ётоқларида ҳам ҳимоя қиламан, худди улар Менга нисбатан бирор гуноҳ қилмагандек, уларни сақлайман. Осий ва гуноҳкорга ҳам фазлу марҳамат, сахийлик билан муомала қиламан, гуноҳкорга ҳам илтифот кўрсатаман.
Масалан, ким Менга дуо қилди-ю, Мен дуосини ижобат қилмадим? Ёки ким Мендан сўради-ю, мен унга сўровини бермадим? Ким Менинг эшигимга келди-ю, уни ортга итардим? Мен илтифот кўрсатувчиман, фазл Мендандир. Мен сахийман, сахийлик Мендандир. Мен Каримман, карам Мендандир. Гуноҳкорни гуноҳидан кейин кечириш Менинг карамимдандир, тавба қилувчига худди гуноҳ қилмагандек ато қилавериш Менинг карамимдандир.
Махлуқотларим мендан қаерга қочадилар? Қаерда гуноҳкорлар Менинг эшигимдан қувилмоқда?!» Исроилиёт ривоятларидан бирида (яъни яҳудий ва насронийларнинг ўзларидан олдин ўтган умматлар, анбиёларнинг қиссалари ҳақидаги ривоятларида) айтилади: «Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Қийинчилигу балолардан халос бўлиш учун Мендан ўзгадан умид қилинадими? Ҳолбуки, балою офатлар, мусибатлар Менинг қўлимда-ку! Ахир Мен ҳамиша барҳаёт ва бандалар ишининг тадбирини қилиб турувчи Қойюм Зотман-ку! Мендан ўзгага умид боғланадими? Тонг саҳарлаб Мендан ўзгадан умид қилиниб, эшиги қоқиладими!? Ҳолбуки, хазиналар калити Менинг қўлимда, эшигим эса дуо қилувчилар учун доимо очиқ бўлса.
Мендан бало-офатларни (аритишимни) умид қилган ва Мен ундан балоларни аритмаган ким бор?! Улкан мусибатларни (кетказишимни) Мендан сўраган ва Мен енгиллик бермаган ким бор?! Ёки Менинг эшигимни қоққан ва Мен эшигимни очмаган ким бор. Орзу-истакларни рўёбга чиқарувчи Мен бўлсам-у, нега орзу-истаклар менга етиб келмасдан тўхтаб қолади?! Мен бахилманмики, бандам Мени бахилга чиқармоқда?! Дунёю охират саодати ва барча фазлу карам Менинг қўлимда бўлса, умид қилувчилар нега Мендан умид қилмайдилар?! Мендан ноумид бўлмай, фақатгина Ўзимдан сўрасалар бўлмасми?! Агар еру осмон аҳлини йиғиб, улардан ҳар бирига - бу дунёда бутун махлуқотга берганим миқдорича мулкни алоҳида-алоҳида берсам ва ҳар бирининг жамики истакларини рўёбга чиқарсам ҳам мулким зарра миқдорича камаймайди. Мен қойюму тадбиркори бўлган мулк қандай камайсин, ахир? Эҳ, Менинг раҳматимдан ноумид бўлганлар қанчалар зиён кўрибди! Эҳ, Менга осийлик қилиб, гуноҳ ишларга журъат қилганлар қанчалар пушаймон бўлибди!»
«Солиҳлар ҳаётидан сара нақл ва хабарлар» китобидан