130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Соғлом ақида - мустаҳкам эътиқод асоси
imon.uz 19-05-2020 783Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга
эришиш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу улуғ мақсад эса
Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини адо этиш билан ҳосил бўлади. Бу ҳақида
Қурони каримнинг “Зориёт” сурасининг 56-оятида шундай хабар берилган:
“Мен
жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”
Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти ҳам у
Зотни танишдир. Соф эътиқоддаги кишининг қилган озгина амали ҳам баракали бўлади,
яъни Аллоҳ таоло унинг тўғри эътиқоди барокатидан кўплаб мукофатлар ато этади.
Эътиқоди нотўғри кишининг эса, ибодатлари қабул бўлмайди. Шунинг учун аввало диннинг асли
ҳисобланган ақоид илмини ўрганиш муҳимдир. Ақоид илми деганда ислом шариатидаги
эътиқодий ҳукмларни ўрганиш тушинилади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
:
«Иймон - Аллоҳга, Унинг
фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон
келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедганлар.
Бу ҳадиси шарифда иймоннинг асослари баён қилинмоқда.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган
ҳадисда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам
ҳузурларига бир одам келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб
қилувчи нима?» деди.
«Ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк
келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга кириши; ким Аллоҳга бирор нарсани ширк
келтирган ҳолда ўлса, дўзахга кириши», дедилар».
Демак, банда Аллоҳга ширк келтирмасдан доим
эътиқодини тўғри қилиб юрадиган бўлса, ўзини дўзахдан сақлаган ва жаннатни
қўлга киритган бўлади. Чунки бандалар уч томонлама яъни, тили,
қалби ва барча аъзоларидан масъулдирлар. Ушбу аъзоларининг ҳар бири билан қилинган
ишдан бандалар қиёмат кунида ҳисоб – китоб қилинади. Инсон аъзоларининг энг
хатарлиси тил ҳисобланади. Аслида тилнинг иши қалбдаги каломга мувофиқ ёки
мувофиқ эмаслигидан қатъий назар мутлақо талаффуз қилиш ҳисобланади.
Ҳар бир ақли расо инсоннинг талаффуз қилган сўзларини
фаришталар ёзиб борадилар. Талаффуз қилинадиган сўзларнинг энг афзали шаҳодат
калимасини айтишдир. Сўнгра барча ишларда фақат рост сўзларни сўзлаш
ҳисобланади. Талаффуз қилинадиган сўзларнинг энг ёмони Аллоҳ таолога ширк
келтириш ва куфр бўлган сўзларни айтишдир. Кейин эса ёлғон, ғийбат ва
чақимчилик каби сўзлардир. Шунинг учун ҳар бир банда талаффуз қилаётган
сўзларига хушёр бўилиши лозим.
Бандалар масъул бўладиган иккинчи аъзо қалб
ҳисобланади. Қалбнинг иши мутлақо эътиқод қилишдир. Тўғри бўладими ё нотўғри
бўладими қалб қайси тушунчага боғланса, ўша тушунча эътиқод ва ақида деб
номланади. Шунинг учун қалб ҳеч қачон ақидасиз бўлмайди. Яъни мўмин кишининг
ақидаси иймон бўлса, кофирнинг ақидаси куфр бўлади. Ўзини гўё ҳеч нарсага иймон
келтирмайдиган деб ҳисоблайдиган кимсанинг ақидаси иймон келтириш лозим
нарсаларга иймон келтирмаслик бўлади. Қалбга тааллуқли муҳим ишлардан бири ният
ҳисобланади. Қилинаётган амалларнинг савобли ёки аксинча бўлиши ниятга боғлиқ
бўлади. Аллоҳ толога ва У нозил қилган барча нарсаларга иймон келтириш ҳар бир
ақли расо балоғатга етган мусулмон зиммасига фарз бўлган
эътиқоддир.
Бандалар масъул бўладиган
нарсаларнинг учунчиси қолган барча аъзолардир. Бандалар, фарз, нафл, мубоҳ
амалларни ҳам, гуноҳу маъсиятларни ҳам аъзолари билан амалга оширадилар.
Бажаришга амр қилинган амалларни бажарсалар, унга яраша савобга, бажаришдан
қайтарилган амалларни бажарсалар, унга яраша гуноҳга эга бўладилар.