130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Солиҳ амаллар - саодат калити.
imon.uz 2024-10-04 01:28:52 137Ҳар бир инсон Аллоҳ таоло унга берган умрни ғанимат
билиб, солиҳ, хайрли амаллар билан ҳаётини зийнатламоқлиги лозимдир. Зеро,
Аллоҳ таоло Мўминун сурасининг 51-оятида:
«Эй Пайғамбарлар! Пок
нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал
қилаётганингизни ўта билгувчиман», деб ҳалол таомлардан ейишга ва солиҳ
аммаллар қилишга амр этган. Аллоҳ таолонинг Пайғамбарларга қилган буйруғи, уларнинг
умматларига ҳам қилган буйруғидир.
Ғофир сурасининг 40-оятида эса:
«Эркакдир, аёлдир, ҳар ким мўмин
бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар, у ерда
ҳисобсиз ризқланурлар», деган.
Демак, ким бўлишидан қатъий назар,
ҳар бир банда иймон келтириб, яхши амал қилса, шу туфайли жаннатга киради.
Ҳамда жаннатда беҳисоб ризқга эга бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинган ҳадсида:
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи
васаллам:
«Мўмин кишига унинг ўлимидан кейин
ҳам етиб турадиган амали ва гўзал ишларидан: ўргатган ва тарқатган илми, ортидан
қоладиган солиҳ фарзанди, мерос қолдирган Қуръони, бино қилган масжиди, ғариб
мусофирлар учун қурган уйи, оқизган ариғи ёки ўз молидан қилган жорий садақаси
бордир. Соғлик ва тириклик чоғида мазкур нарсаларни қилса, уларнинг савоби
ўлимидан кейин ҳам етиб туради», дедилар».
Ибн Можа, Байҳақий ва Ибн Ҳузайма ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шарифда Набийимиз соллаллоҳу
алайҳи васаллам мўмин банда дунёдан ўтганидан кейин, унинг ортидан савоблари
бориб турадиган бир қанча амалларни зикр қилмоқдалар.
Шундай экан, мўмин киши дунёдан
ўтганидан кейин таълим берган илми, ёзган
китоблари қурган илмий муассасалар, уларни жиҳозлагани, аҳли илмларга ёрдам бергани,
турли матбуот воситалари орқали илм тарқатгани боис унга савоблар етиб туради.
Қолаверса, ортидан қолган солиҳ фарзандларининг қилган дуо ва яхши ишлари,
тириклик чоғида ўзи ўқиб юрган Қуръонни бировга мерос қолдирган бўлиб, ўша
Қуръон мунтазам ўқиб турилса, ўша Қуръонидан, бино қилган масжиди модомики, ўша
масжид қоим экан, ундан ҳосил бўлган савоблар унинг ортидан етиб туради.
Аввалги вақтларда мусофирхона деб номланган бинолар бўлган. Ана шундай
мусофирхоналар барпо қилган бўлса, ундан ҳам савоби етиб туриши аниқ. Мусулмонлар
фойдаланиб турсин, деган ниятда ўзи ариқ қазиса ёки пул бериб, бошқа кишиларга
қазитса, молидан бечораларга садақа қилган бўлса, ана ўшалардан ҳосил бўладиган
савоблар ҳам унга ўлимидан кейин етиб туради.
Шунинг
учун ҳар бир мўмин тириклик ва соғлик чоғини ғанимат билиб, мазкур ишларни
кўпроқ қилишга ҳаракат қилмоғи, беҳуда, фойдасиз ишлар билан чалғимасдан,
бақадри ҳол динига, дунёсига манфаатли бўлган амаллар билан машғул бўлмоғи лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Жиззах вилоят вакиллиги матбуот
котиби Усмонали ОРАЛОВ