ТАРАФКАШЛИК ЖОҲИЛИЯТ СИФАТИДИР

ТАРАФКАШЛИК ЖОҲИЛИЯТ СИФАТИДИР

imon.uz 2023-08-18 01:05:06 364

Бу маънодаги тарафкашлик ўз қавми ёки тарафи фойдасига ноҳақдан тарафкашлик қилишдир. Восила ибн ал-Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг расули, тарафкашлик нима?» дедим.
«Қавмингга зулмда ёрдам бермоғлигинг», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф биз «тарафкашлик жоҳилият сифатидир» сарлавҳаси остида ўрганаётган ҳадиси шарифлар мажмуасида келган тарафкашлик маъносини ўзига хос шарҳ қилиб бермоқда. Исломда тўғри маънодаги, ҳақ йўлдаги тарафкашлик тарғиб қилинади. Аммо зулмда тарафкашлик қилиш ман қилинади.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тарафкашликка чақирган биздан эмасдир. Тарафкашлик асосида қитол қилган биздан эмасдир. Тарафкашлик йўлида ўлган биздан эмасдир», дедилар».
Шарҳ: Бундан салбий маънодаги тарафкашликка даъват қилиш ҳам, унга амал қилиш ҳам ва унинг йўлида фидокорлик қилиш ҳам ҳаром эканлиги чиқади.

Суроқа ибн Молик ибн Жўъшум ал-Мудлажий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: бизга хутба қилдилар ва: «Сизларнинг яхшингиз ўз уруғини мудофаа қилганингиздир. Модомики, гуноҳ қилмаган бўлса», дедилар».
Шарҳ: Демак, гуноҳ ва зулм қилмасдан тўғрилик ва адолат ила ўз қавмига тарафкашлик қилиш яхши нарса.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз қавмига ноҳақда нусрат берса, (қудуққа) қулаб тушиб думидан тортилаётган туяга ўхшайди», дедилар». Ушбу тўртовини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Қудуққа тушиб кетган туяни думидан тортиб чиқариш мумкин эмаслиги ҳаммага маълум. Шунингдек, қавига ноҳақда ёрдам бериб тарафкашлик қудуғига қулаб тушган одамни қутқариш ҳам қийиндир. Аслда эса мусулмон одам ўз қавмидан ноҳақлик ва зулмни кўрган чоғида уларни бундоқ гуноҳдан қайтариши лозимдир. Ана ўшанда у савобга ноил бўлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид