130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

ТЕМИРДА ЯШИРИЛГАН СИР
Mimon.uz 2025-04-08 10:35:27 33Муқаддас Қуръонда бир кимёвий элемент Темир моддаси алоҳида зикр қилинади. Темир сўзини англатувчи Ҳадид деб номланган сурада шундай оятлар бор:
لَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلَنَا بِٱلْبَيِّنَٰتِ وَأَنزَلْنَا مَعَهُمُ ٱلْكِتَٰبَ وَٱلْمِيزَانَ لِيَقُومَ ٱلنَّاسُ بِٱلْقِسْطِ وَأَنزَلْنَا ٱلْحَدِيدَ فِيهِ بَأْسٌ شَدِيدٌ وَمَنَٰفِعُ لِلنَّاسِ وَلِيَعْلَمَ ٱللَّهُ مَن يَنصُرُهُۥ وَرُسُلَهُۥ بِٱلْغَيْبِ إِنَّ ٱللَّهَ قَوِىٌّ عَزِيزٌ
«… яна биз темирни тушурдик-яратдик. Унда куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир». (Ҳадид сураси 25-оят)
Оятда келган «Анзална» яъни «тушурдик», «нозил қилдик» иборасини кўчма маънода фойдаланиш учун, инсонга хизмат қилиш учун бердик деб ҳам таржима қилиш мумкин. Лекин бу иборанинг том маъносига, яъни темирнинг осмондан моддий тарзда тушурилишига эътибор қаратадиган бўлсак, унда биз бу оятда жуда муҳим ва нодир илмий тушунча мавжудлигини кўрамиз. Гап шундаки, ҳозирги кундаги астрономик ва геологик кашфиётларга кўра, ерда темир рудаси конларининг мавжудлиги, аммо уларнинг ер жинсидан эмас, балки коинотдаги улкан юлдузлардан ерга учиб тушганлигидан далолат беради. Оғир металлар коинотдаги маҳобатли, улкан юлдузларнинг ўзакларида шаклланади. Аммо қуёш системаси ва ундаги максимал ҳароратлар темир сингари элементни мустақил яратиш лаёқатига эга эмас. Темир фақат бир неча юз миллион даражадаги ўта юқори ҳароратда вужудга келиши мумкин. Бу эса темир бизнинг қуёшимиздан бир неча баробар катта ҳажмга эга бўлган, янги ва ўта янги юлдузлар деб аталган юлдузларнинг ўзакларида ҳосил бўлганлигини билдиради. Бундай юлдузларнинг ўзагида тўпланган темир чегаравий массага етган пайтда, улар бу юкни ўз қарида ушлаб тура олмайди, натижада темир моддаси юлдузни ичидан портлатиб юборади. Мана шундай портлаш натижасида ҳосил бўлган бўлаклар, таркибида темир моддаси бўлган метеоридлар коинот бўшлиғига сочилиб кетади. Кейинчалик бирор-бир самовий жисмнинг тортиш кучи таъсирида унинг сатҳига қулаб тушгунча самода учиб юраверади. Бу фикрлардан темир моддаси бизнинг сайёрамизда яралмаган деган хулосага келиш мумкин. Ўта янги юлдузларда ҳосиб бўлиб, сўнг метеоридлар ёрдамида Қуръонда жуда аниқ кўрсатилганидек, ерга нозил бўлган. Қуръон оятлари нозил бўлган еттинчи асрда бу далилни илмий тадқиқотлар билан аниқлашни умуман иложи бўлмаган. Ўша даврда бу маълумотлар ўзининг чексиз илоҳий ҳикмати билан бутун инсониятни ҳайратга солиб келаётган Қуръони Каримдагина талқин этилиши мумкин эди