130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
![Тил – қалб таржимони](https://imon.uz/uploads/news-2136.jpg)
Тил – қалб таржимони
imon.uz 2025-02-07 01:03:30 36Ислом дини тилга эътибор беришга ундашининг, уни бефойда ва гуноҳ сўзларга ишлатишдан қайтаришининг боиси шундаки, тил қалбга яқин жойлашган. Шу боис у қалб таржимони ҳисобланади. Қалб эса, имон масканидир. Демак, инсоннинг имони қай даражада бақувват, қалби қанчалик соф бўлса, унинг тилидан фақат ҳикматли, ширин гаплар чиқади.
Ўз навбатида, тил қанчалик ёмон гапларни кўп гапирса, инсоннинг қалби қораяди, натижада имони сусаяди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
عن أنس بن مالك قال: قال رسول الله ﷺ: لا يستقيم إيمان عبد حتى يستقيم قلبه، ولا يستقيم قلبه حتى يستقيم لسانه[رواه أحمد: 13071، وهو حديث صحيح].
"Банданинг токи қалби тўғри бўлмагунича имони тўғри бўлмайди. Шунингдек, то тили тўғри бўлмагунча қалби тўғри бўлмайди" (Имом Байҳақий ривояти).
قال يحيى بن معاذ : القلوب كالقدور تغلي بما فيها ، وألسنتها مغارفها ، فانظر إلى الرجل حين يتكلم ، فإن لسانه يغترف لك مما في قلبه ، حلو .. حامض .. عذب .. أجاج .. وغير ذلك ، ويبين لك طعم قلبه اغتراف لسانه .
Яҳё ибн Муоз айтади: "Қалблар ичидаги нарсалари билан бирга қайнаётган қозонга ўхшайди. Қалбнинг тили қозоннинг чўмичи кабидир. Кишига у сўзлаётган пайтда назар сол! Сабаби, унинг тили қалбидаги нарсани қуяётган бўлади: ширинми, аччиқми, чучукми, нордонми ва ҳоказо. Унинг тилидан чиқаётган нарса қалбининг "таъми"ни намоён этади".
Инсон ҳаётини ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, ихтилоф, адоват, ахлоқсизлик, фаҳш сўзлар ва турли ёмонликлар билан ўтказаётган бўлса, муаммо қалбнинг иллатидадир. Шу сабабли тилимиз қалбимизнинг софлигини иддао қилмасин, балки қалбимизнинг гўзаллиги тилимизда намоён бўлсин!