Тунги таҳажжуд намозини ўқиш

Тунги таҳажжуд намозини ўқиш

imon.uz 2025-02-07 01:09:19 161

  Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) дан ривоят қилинади: 

     «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Тунги намоз икки ракъат-икки ракъатдандир. Тонг отиб қолишдан қўрқсанг, бир ракъат витр ўқиб, намозингнинг охирини витр (тоқ) қилгин».


     ИЗОҲ. «Таҳажжуд намозида ҳар икки ракъатда салом бериш - бу масалами ёки енгиллик учун айтилганми? 

     Имом Абу Ҳанифа: «Бу масала эмас, таҳажжудда енгиллик учун айтилган», дейдилар.


     Масала шуки, нафлларда икки ракъатда салом бериш авломи ёки тўрт ракъатдами?  

     Имом Шофиъий ва Имом Аҳмад: «Хоҳ туннинг нафли, хоҳ кундузнинг нафли бўлсин, икки ракъатда салом бериш авло. Агар тўрт ракъатда салом берса, ҳам жоиз. Албатта, икки ракъатда салом бериш авлодир», дейдилар.

     Имом Молик эса: «Кечаси бир салом билан тўрт ракъатда ўқиш жоиз эмас, аммо авло шуки, икки ракъатда салом берсин ва тўрт ракъатда салом бериш ҳам жоиз», дейдилар.

     Имом Аъзам айтадиларки: «Хоҳ тунги нафл, хоҳ кундузги нафл бўлсин, тўрт ракъатни бир салом билан ўқиш афзал. Икки ракъатда салом бериш ҳам жоиздир».

     Имоми Аъзамнинг иккита далили бор. Биринчи, кундузи ўқиладиган фарз намозлари: пешин, аср, ва кечки фарз намози - хуфтон ҳам тўрт ракъатлидир. Фарзлар авло бўлмаган кўринишда бўлмайди, янада яхшироқ ҳолатдагина бўлади. Иккинчи, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кундузи тўрт ракъатлик нафлларни ҳамиша бир салом ўқиганлари собитдир. Пешин намозининг аввалги тўрт ракъатини ҳам, гоҳо асрдан олдин ҳам тўрт ракъатни бир салом билан ўқир эдилар. Шу сабабдан бу афзалдир, кечки нафллар кундузги нафлларга қиёс қилинади, бас, тунги нафлларда ҳам тўрт ракъатда бир салом бериш афзалдир. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

«Тунги намозлар икки ракъат-икки ракъатдир» деган сўзлари масала эмас, маслаҳатдир, ишнинг салоҳи учундир, бу таҳажжуд ўқувчилар учун бир енгилликдир.


«Сунани Термизий» китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид