Уч юз ёшда вафот этган йигит

Уч юз ёшда вафот этган йигит

imon.uz 2024-03-01 01:52:53 567

Нуҳ айлайҳиссалом бир аёлнинг йиғлаётганини кўрдилар ва ундан: «Нега йиғлаяпсиз», деб сўрадилар.
Аёл: «Кичик ёшдаги ўғлим ўспиринлик пайтида вафот этди», деди.
Нуҳ алайҳиссалом: «Ўғлингиз неча ёшда эди», деб сўрадилар.
Онахон: «Уч юз ёшда эди», деб жавоб берди.
Нуҳ алайҳиссалом аёлнинг маҳзунлигини бироз енгиллатиш мақсадида: «Агар, ёшлари олтмишдан ошмайдиган уммат орасида яшаганингизда нима қилар эдингиз», деб сўрадилар.
Аёл: «Олтмиш йил яшайдиган кишилар ҳам бўладими?», деб сўради.
Нуҳ алайҳиссалом: «Ҳа», деб жавоб бердилар.
Аёл: «Шу қисқа муддат ичида уларнинг орасида Аллоҳга исён қиладиганлари ҳам бўладими?», деб сўради.
Нуҳ алайҳиссалом: «Уларнинг кўпи Аллоҳга исён қилувчи бўлади», дедилар.
Аёл: «Умрлари қисқа фурсатдан иборат бўлишига қарамай, уларнинг орасида дунёга қизиқадиганлари ҳам бўладими?», деб яна савол берди.
Нуҳ алайҳиссалом: «Ҳа, кўпларининг ягона ғами дунёга муҳаббат бўлади. Жуда озчиликлари охират ҳақида фикр юритадилар», дедилар.
Аёл яна : «Арзимас ишлар деб, талашиб тортишишлар бўладими уларда?, деб сўради.
Нуҳ алайҳиссалом: «Улар арзимас сабабларни деб бир-бирлари билан уришадилар», дедилар.
Аёл: «Улар шу қисқа умрлари мобайнида ўзларига кулбалар ҳам қурадиларми?», деб сўради.
Нуҳ алайҳиссалом: «Улар  юз йилларни мўлжаллаб, қасрлар қурадилар. Сўнг қасрларни тарк этиб, қабрларга жўнаб кетадилар», дедилар.
Шунда аёл: «Вой шўрим, агар мен ўша уммат орасида бўлганимда умримни дарахт соясида ўтказган, ҳаётим бўйи Аллоҳ азза ва жаллага сажда қилган бўлар эдим», деди.

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид