УММАТИМ, УММАТИМ ДЕБ ЙИҒЛАГАН ЗОТ

УММАТИМ, УММАТИМ ДЕБ ЙИҒЛАГАН ЗОТ

Mimon.uz 2025-11-11 12:11:51 0

Ота-онамизни, ака-ука, опа-сингилларимизни, фарзандларимизни нега яхши кўрамиз? Чунки уларни яқиндан таниймиз, нима ёқтиришлари, нима кийишлари, қандай гапиришлари, қандай юришларини пухта биламиз. Қолаверса, ўртада ота-болалик, она-болалик, қондошлик, жигарлик ришталари ҳам бор.

Баъзан танимаган кишимиз билан оддий кўришсак, бирор киши келиб, ўша одамнинг биз яқиндан танийдиган танишимизнинг ўғли ёки укаси эканини айтса, ўртадаги масофа қисқариб, аввалгидан кўра яқинроқ масофада кўришамиз.

Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ота-онамиз, оила аъзоларимиздан кўра яхшироқ, яқинроқ таниймизми? Биз ахир у зот алайҳиссаломнинг умматларимиз.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам
• қандай инсонларни,
• қандай амалларни ёқтиришларини,
• хулқлари,
• либослари,
• оилавий ҳаётлари қандай бўлганини,
• фарзандлари,
• жуфту ҳалоллари кимлигини,
• фазилатлари қандай бўлганини,
• инсонлар билан қандай муомала қилишлари,
• насаблари,
• ташқи кўринишлари қандайлиги,
• қачон пайғамбарлик келгани,
• ваҳийни қандай қабул қилишлари,
• Маккада неча йил турганлари,
• Исро ва Меърож воқеалари қачон, қандай содир бўлгани,
• Мадинада қанча яшаганлари,
• неча ёшларида Рафийқул Аълога интиқол қилганларини биламизми?

Агар шуларни ихлос билан ўргансак, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ яхши кўриб қоламиз.

Ўзимизга савол берайлик:

"Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ яхши кўраманми ёки ота-онамними? Ёки фарзандларимними? Ёки оиламними? Ёки ака-укаларимними? Ёки опа-сингилларимними? Ёки пул, тижоратними? Ёки машинамними?"

Бу саволга нима дея оламиз? Бу кимнидир имтиҳон қилиш эмас, ҳар бир одам саволни ўзига бергач, ҳолатини ўзи билади.

Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай яхши кўришни саҳобаи киромлардан ўрганамиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ота-онамиздан, фарзандларимиздан, ўзимиздан ва барча инсонлардан кўра кўпроқ яхши кўрмагунимизча, иймонимиз комил бўлмаслигини ҳам унутмайлик!

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган ойларида у зот алайҳиссаломни кўпроқ, яқинроқ танишга уринайлик ва бу уринишимизни йил бўйи давом эттирайлик!

Аллоҳ таолонинг энг маҳбуб Расули бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яқинроқ танишга сабаб бўладиган китоблар:

• "Оламларга раҳмат Пайғамбар",
• "Тарихи Муҳаммадий",
• "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам",
• "Ислом тарихи",
• "Саодат асри қиссалари",
• "Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?",
• "Икки олам сарвари",
• "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт",
• "Пайғамбар атрофидаги кишилар"

Аллоҳ таоло барчамизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизни зиёда айлаб, суннатларига амалимизни пухта қилсин ва қиёмат куни у зот алайҳиссаломнинг шафоатларидан насиб этсин!

Роббимиз барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид