130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Йиғлайлик...
imon.uz 2024-02-01 12:26:20 408"Ҳеч эътибор берганмисиз, йиғлаган инсон юпангач, унинг юзига тикилганмисиз? Ҳатто, чақалоқлар бўлса ҳам майли. Менимча, йиғлаган инсоннинг юзи кулгидан тўхтаган инсондан кўра нурлироқ бўлади. Гўзалроқ бўлади. Нега?
Йиғлаш қалбни даволайди. Қалбни юмшатади. Инсоннинг йиғлаши унинг ўз ёри томон яқинлашмоғидир. Қалбини, қонини, жонини Унга фидо этмоқдир. Йиғламоқ англамоқдир.
Йиғласак кўзларимизга зарарми? Майли шундай бўлсин."
Кулгидан қалбларимиз қорайгандан кўра, кўр бўлсин кўзларимиз йиғламоқдан.
Йиғламоқ бу тилсиз, қалб билан гапирмоқдир. Йиғлаган қалбга Аллоҳ таолонинг ўзи меҳмон бўлади. Йиғлаб роҳат олишимиз балки шундандир.
Йиғламоқ бу нафс йўлларини кўз ёш билан ювмоқдир.
Келинг азизлар, атрофимизга, ўзимизга, қалбимизга холис боқайлик. Ана ўшандагина бизни йиғлатадиган ва йиғлашга арзийдиган ҳолатлар орасида қолганимизни янада яхшироқ англаган, ўзимизни йиғидан тўхтата олмаган бўлармидик.
Ҳаққини тўлиқ бажармай ўқиётган намозларимизга йиғлайлик.
Турли дунёвий ҳасрат билан эгилиб туришимизга ва буни намоз деб номлаётганимизга йиғлайлик.
Бизни яратган, гапиртирган, ризқ берган, ўлдирадиган ва сўроқ қиладиган Аллоҳ билан висол онларимиз бўлган саждаларимиздаги ҳолатимиз учун йиғлайлик.
Дунёларни ютиб юборса ҳам тўймайдиган нафсимиз учун ва бу нафсга қул бўлаётганлигимиз учун йиғлайлик.
Дуо қилинг, ижобат қиламан, деган, Раҳмон ва Раҳийм бўлган Аллоҳга дуо қилмаётганимизга йиғлайлик.
Сўраган нарсангизни бераман деб ваъда қилган Аллоҳ қаршисида, гўёки, бу ваъда бажарилмай қолиши мумкиндек, ундан мукаммал иймон, ихлос ва тақво сўрамаётганимиз учун йиғлайлик.
Баъзи амалларимизни гуноҳлигини ҳам билмасдан елкамизга ортиб олиб, тавбасиз Аллоҳ таолонинг рўпарасига чиқишимиз хавфи ичида яшаётганимиз учун йиғлайлик.
Тоғдек гуноҳларимиз кўрсатилганда, бу гуноҳларни қачон қилгандим, эй Раббим, деб турадиган Кундан бехабар ҳолда яшаётганимиз учун йиғлайлик.
Қуръон бизга етар деб, суннатга орқа ўгираётганлигимизга йиғлайлик.
Тилимизда ёдлаб олган, лекин маъносини билмайдиган, амал қилинмайдиган Аллоҳнинг сўзлари, токчаларимизда сувенир каби чанг босиб ётган Аллоҳнинг китоби, бизга даъво қилиши мумкинлигини билмаётганлигимиз учун йиғлайлик.
Бу муҳташам салтанат остида яшаб ҳам. ўзимизни улуғ ҳис қилишимизга йиғлайлик.
Йўқликдан борлиқни пайдо қилган ва абадий ҳаёт ваъда қилган Раббимиз учун бир кунда бир неча дақиқа ибодат қилишдан қочаётганлигимизга йиғлайлик. Қочиб охири қаерга боришимизни ўйлаб йиғлайлик.
Бир оёғимиз билан қабрда бўлсак-да, бойлик ортидан югураётганлигимизга йиғлайлик.
Аллоҳ таолони бор деб, гўёки У йўқдек яшаётганимизга йиғлайлик.
Келинг, ҳаммамиз бирга йиғлайлик.
Йиғлашга арзигулик ҳолатимизга кулаётганлигимизга йиғлайлик.