130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Йўлдаги озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш
imon.uz 2023-06-23 01:57:16 644Абу Барза ал-Асламийдан ривоят қилинади:
«Ё Расулуллоҳ! Мени жаннатга киритадиган амалга далолат қилинг», – дедим.
«Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла», – дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги буюк маънони қаранг. Бир саҳобий Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ўзини жаннатга киритадиган амални ихлос билан сўраяпти. Менга жаннат йўлини кўрсатинг, шуни қилсам, жаннатга кирадиган бўлай, деяпти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсаларни олиб ташла», деяптилар.
Демак, шу ишни қилсанг, жаннатга кирасан, деяптилар.
Одатда, одамлар эринчоқлик қилиб, йўлдаги озор берадиган нарсаларни олиб ташлашни унчалик хуш кўрмайдилар ёки «уни олсам, уст-бошим, қўлим кир бўлади, кўрганлар нима дейди» каби ҳар хил андишаларга борадилар.
Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг йўлидаги озор берувчи нарсаларни олиб ташлашни «жаннатга сабаб бўладиган амал», деб айтганлар. Бу каби ишларни «Мен ҳам шу ишни қилиб, жаннатга кирай», деган эътиқодда қилиш нақадар буюк, улуғ иш эканини бир ўйлаб кўринг.
Агар ҳамма мусулмонлар бу ҳадиси шарифдан бохабар бўлсалар ва ҳаммалари шу ҳадисга ихлос қилсалар, ҳаммалари жаннатга кириш пайидан бўлсалар, нима бўлишини тасаввур қилиб кўраверинг.
Агар шундай бўлса, кўча-кўйларимизда, майдонларимизда, юрадиган йўлларимизда ахлат, хас-чўп, тош ёки бошқа шу каби озор берувчи нарсалар ётармиди?
Бу ҳадисни мўмин-мусулмонларнинг ҳар бири билса, унга ихлос билан амал қилса, мусулмонлар яшайдиган ерлар, кўчалар дунёдаги энг покиза, энг шинам, энг гўзал, ҳеч қандай озорсиз, кўнгилни хира қиладиган нарсаларсиз бўлур эди.
Бироқ минг, миллион афсуслар бўлсинки, аслида бунинг тескарисини кўриб турибмиз. Мусулмон бўлмаган ўлкаларнинг кўчалари, майдонлари, хоналари, одамларнинг кийим-боши, маркабларини кўринг – улар худди ушбу ҳадиси шарифни билиб, тушуниб, унга амал қилаётганмикан, деган фикрга бориб қоласиз.
Аксинча, бизнинг кўчаларимиз, ҳовли-жойларимизга қарасак, бу ҳадисни ҳеч ким эшитмаган бўлса керак, эшитса ҳам, ихлос қилмаса керак, ёки амал қилмаса керак, деган гумонга бориш мумкин.
Аксига олиб, одамлар юрадиган йўлларга озор берадиган нарсаларни ўрнатадиган, қўйиб қўядиган ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин!
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одам йўлда ётган тиконнинг олдидан ўтиб қолди. «Албатта, мана шу тиконни олиб ташлайман, бир мусулмон одамга зарар бермасин», – деди. Бас, унинг гуноҳлари мағфират қилинди», – дедилар».
Шарҳ: Битта тиконни одамларга зарар бермасин», деб йўлдан олиб ташлаган кишининг гуноҳлари мағфират қилинибди. Энди кўпроқ тиконни ёки ундан каттароқ тўсиқларни, зарарли ва озор берувчи нарсаларни олиб ташлашнинг ҳукми қандай бўлишини ҳар бир одам ўзи ўйлаб, тушуниб етаверсин.
Абу Заррдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга умматимнинг амаллари намойиш қилинди. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам.
Умматимнинг энг яхши ишларидан бири йўлда ётган озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш эканини билдим.
Умматимнинг энг ёмон ишларидан бири масжидда кўмилмай қолган балғам эканини ҳам кўрдим», – дедилар».
Шарҳ: Мана шу ерда шариатимизда жамоат жойларида озодаликка, тозаликка, озор берадиган нарсаларни йўқотишга қанчалик кучли тарғиб борлигини кўриб турибмиз.
Ислом умматининг энг яхши амалларидан бири йўлдаги озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш экан.
Энг ёмон амал эса, юқорида айтилган озор берувчи нарсанинг одамларнинг кўз ўнгида туриши экан.
Бу ҳақийқатларни яхши тушуниб етишимиз, йўлдаги озор берувчи нарсаларни олиб ташлашга, озор берувчи нарсаларга сабабчи бўлиб қолмасликка ҳаракат қилишимиз керак бўлади.