130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ёлғон – Аллоҳнинг ҳузурида «каззоб» деб ёзилиш сабабидир
imon.uz 2023-07-28 10:24:49 540«Каззоб» сўзи «козиб» – «ёлғончи» сўзининг муболағали сийғасидир. Яъни ўта ёлғончи деган маънони англатади.
Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлар ростгўйликни лозим тутинглар, чунки ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапираверса ва ростгўйликни исташда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида «сиддиқлардан» деб ёзилади.
Сизлар ёлғондан ҳазир бўлинглар, чунки ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса ва ёлғончиликни исташда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида «каззоблардан» деб ёзилади», дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида ростгўйлик ва ёлғончиликни таққослаб баён қилиб бермоқдалар.
Жаннатий бўламан деган одам ростгўй бўлиши керак экан. Ростгўйлик уни яхшиликка, яхшилик эса жаннатга бошлайди.
Мўмин банда ёлғонга яқин келмаслиги, доимо ростгўйликни ўзига лозим тутиши керак. Чунки бу иш жаннатга олиб борадиган омиллардан биридир.
Ёлғончилик эса фисқу фужурга бошлар экан, охир- оқибат банданинг дўзахга киришига сабаб бўладиган омиллардан бирига айланар экан. Бу хулосани доимо эсимизда сақлашимиз лозим. Зотан, Аллоҳ таолонинг ҳузурида «каззоблардан» деб ёзилиб қолиши ҳар бир банда учун чексиз мусибатдир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Ёлғон китобидан)