130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ёш авлодни китоб мутолаасига жалб этишнинг самарали услуб ва воситалари.
imon.uz 2024-10-02 02:39:31 115Ёшлар
келажагимиз, эртанги кунимизнинг суянчиғи бўлганлиги боис, уларни баркамол этиб
тарбиялаш, қалбларида ватанга садоқат, азалий қадриятларга чуқур эҳтиром
туйғусини сингдириш, улуғ алломаларимизни илмий меросларидан озуқаланишларида
ёрдам қўлимизни чўзишимиз лозим.
Фарзандларимиз
қалбида китобга муҳаббатни ёшлигиданоқ уйғотиб боришимиз мақсадга мувофиқ. Зеро
гўдаклигидан илм ўрганишга одатланга ёш ниҳол зурриётларимиз, умрини охирги
дамларигача илму-маърифат булоқларидан сув ичишда бардавом бўлади.
Аллоҳ таоло
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи юборган ояти каримада: “Яратган
Роббинг номи билан ўқи!”, деб марҳамат қилган.
Демак инсониятнинг
энг аввалги бажарадиган иши илм олиш, ўқиб ўрганиш ва ҳар бир ишни илм асосида бажариш экан. Илм
олиш борасида ворид бўлган ҳадисларнинг ҳисоби йўқ.
Пайғамбаримиз
соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Илм талаб
қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар. Ибн Можа ривоят қилган.
Ёш авлодни китоб ўқишга жалб
этиш учун аввало уларга ўзимиз яъни биз ота-оналар намуна бўлишимиз керак.
Бежизга “Қуш уясида кўрганини қилади”, дейилмаган. Фарзандларимиз кўрган
нарсаларига эргашадилар. Агар биз ота-оналарни китоб мутоала қилаётганларимизни
кўрсалар, албатта уларда ҳам китобга қизиқиш уйғонади. Зеро Жарир ибн Абдуллоҳ
розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан
кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр,
уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда
бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша
амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис
қилинмаган ҳолда ёзилиб туради”, деганлар”.
Муслим ва Термизийлар ривоят
қилишган.
Фарзандларимизга
намуна бўлиб, яхшиликка одатлантирадиган бўлсак, улар илм ўрганишиларига
сабабчи бўлишимиз билан бирга, кўпдан кўп ажр-савобга ҳам эга бўлар эканмиз.
Ёш
болаларимизни рағбатлантирганимизда ҳам уларга бераётган мукофатларимиз орасида
албатта қизиқарли, уларни ёшларига мувофиқ китоблар қўшиб беришимиз лозим.
Қолаверса
ўғил-қизларимиз орасида ким кўп китоб ўқишлик, ўқиган китобларидаги малумотлар
асосида савол жавоб қилиш мусобақаларини ўтказиб туришимиз ҳам фойдадан холи
эмас. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасини 148-оятида:
“Яхшиликларга
шошилинг”, деб кўрсатма берган.
Илмнинг қанчалик фойдали эканлигига Абу
Нуаъймнинг Муоз ибн Жабал розияллоҳу
анҳудан қилган ривоятини шу ўринда эслаб ўтсак янада манфаатлироқ бўлади,
иншааллоҳ:
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу
одамларни доимо илмга, Аллоҳ таолонинг зикрига даъват қилиб, шундай дер эдилар:
“Илм ўрганинглар!
Уни ўрганиш Аллоҳга тақводир.
Уни талаб қилиш ибодатдир.
Уни музокара қилиш тасбеҳдир.
Уни излаш жиҳоддир.
Уни билмаганларга ўргатиш садақадир.
Уни ўз аҳлига сарф қилиш қурбатдир.
У ҳалол ва ҳаромнинг белгисидир.
У аҳли жаннатнинг маёғидир.
У ёлғизнинг анисидир.
У ғарибнинг соҳибидир.
У хилватдаги суҳбатдошдир.
У хурсандчилик ва хафачиликда йўл
кўрсатувчидир.
У душманларга қарши силоҳдир.
У улуғларнинг зийнатидир.
У билан Аллоҳ таоло баъзи қавмларнинг
даражасини кўтарур ва уларни яхшилик йўлбошчилари ҳамда имомлари қиладир.
Уларнинг изларидан юрилар, ишларига эргашилар ва фикрларига суянилар.
Малоикалар уларга дўст бўлишга ошиқарлар ва қанотлари ила уларни силарлар.
Уларга ҳар бир ҳўлу қуруқ, ҳатто денгизнинг балиқлари-ю ҳайвонлари, қушларнинг
йиртқичи-ю оддийлари истиғфор айтарлар.
Чунки илм жаҳлдан қалбларни тирик
қилур, зулмдан кўзларга чироғ бўлур. Ахёрларнинг дунё-ю охиратдаги мақомлари
илмга қараб бўлур.
Унинг ҳақида тафаккур қилиш кундузи
рўза тутиш ва кечаси бедор бўлишга баробардир.
У ила силаи раҳм қилинур ва ҳалолу
ҳаром билинур.
У амалнинг имомидир. Амал унга
эргашувчидир.
Саодатлилар унга яқин бўлурлар.
Ашқиё (бахтсиз)лар ундан маҳрум
бўлурлар”.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Жиззах вилоят вакиллиги матбуот
котиби Усмонали ОРАЛОВ