130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ЗАКАРИЁ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДУОЛАРИ
imon.uz 2024-12-20 04:47:31 7Қуръоннинг уч сурасида Закариё алайҳиссалом тилидан қилинган дуо баён этилган. Кекса Закариё алайҳиссалом бефарзанд эдилар. Аммо бу хусусда Аллоҳдан умидлари узилмаганди. Ўзлари ва аёллари фарзанд кўриш ёшидан ўтиб қолган бўлсалар ҳам сабр билан Аллоҳдан фарзанд сўраб дуо қилардилар. Имрон алайҳиссаломнинг ҳомиладор аёли туғилажак фарзандини холис ният билан ибодатхона хизмати учун назр қилади. Вақти-соати келиб қиз фарзанд дунёга келади. Унга Марям деб исм қўйишади. Аллоҳ уни жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстиради ва Закариё алайҳиссаломни унга кафил қилади. Ўша пайт ибодатхона бошлиғи Закариё алайҳиссалом эди. Закариё алайҳиссалом доимо Марямнинг озиқ-овқатидан хабардор бўлиб турар эдилар. Ҳар сафар Марямнинг олдига кирсалар унинг ҳузурида ризқ кўрар эдилар. Хайрон бўлган Закариё алайҳиссалом Марямдан: «Сенга бу қаердан келди?», деб сўрайдилар. Марям эса, «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деб жавоб қилган. Буни кўриб бефарзанд юрган Закариё алайҳиссаломда фарзандли бўлиш ҳаваси янгидан уйғонади ва Аллоҳга рағбат ва қўрқув билан дуо қилади:
«Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза фарзанд ато эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан» («Оли Имрон»,38).
Бошқа сурада Закариё алайҳиссалом ўзларидан кейин қавмнинг дину диёнатда собит қолишини истаб Аллоҳдан меросхўр сўраб дуо қилганлар. У зот алайҳиссалом тилидан қилинган ушбу дуода дуонинг бир нечта одоблари мужассамлашган: «У Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла. У: «Эй Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, эй Роббим, Сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман. Ва, албатта, мен ортимдаги қариндошлардан қўрқдим. Аёлим туғмас эди. Бас, менга Ўз даргоҳингдан бир валий-ортдан қоладиган ато эт. У менга ва Яъқуб оиласига меросхўр бўлсин. Эй Роббим, уни Ўзинг рози бўладиган қил», деди» («Марям», 3-4).
Ушбу оятда Аллоҳга хуш келадиган дуо шакли қандай бўлиши кераклиги яққол кўриниб турибди. Энг аввал, оламларнинг Роббисига камтарлик ҳис қилиб махфий дуо қилиш. Сўнгра У Зотнинг қаршисида ўзини ожиз билиш, У Зотнинг эшитувчи, қабул қилувчи эканлигини тилга чиқариш, ўз истакларини баён қилиш, ноумид бўлмаслик. Албатта, Пайғамбарларнинг ҳар бир ҳаракатида одамларга буюк ахлоқ намунаси бор. Закариё алайҳиссаломнинг дуолари ҳам бизларга қандай дуо қилиш кераклигини ўргатган.
Яна бир сурада Закариё алайҳиссалом тилидан қилинган дуо шундай баён қилинган: «Ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди» («Анбиё», 89).
Албатта, Закариё алайҳиссаломнинг дуолари қабул бўлди. Буни Аллоҳ таоло қуйидаги тарзда билдирган: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликка шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар» («Анбиё», 90).
«Эй Закариё, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга отдош қилган эмасмиз» («Марям», 7).