ЖАННАТ АҲЛИ

ЖАННАТ АҲЛИ

imon.uz 2025-02-07 01:40:42 12

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва  салламнинг ҳузурларида ўтирган эдик: “Ҳозир  сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади”, – дедилар. Ансорлардан бир киши  соқолидан таҳорат сувлари томиб, чап қўлига ковушини кўтарган ҳолда кириб келди. Эртаси куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ўша сўзни айтдилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди. Учинчи куни ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ўша сўзни айтдилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди.

  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ўринларидан туриб кетганларидан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ҳалиги ансорийнинг ортидан бориб:

– Мен билан отам орасида нур чиқиб қолди.  Унинг олдига уч кунгача кирмасликка қасам  ичиб қўйдим, агар хўп десанг уч кунни сенинг уйингда ўтказсам, – деди.

– Майли, – деди ансорий». Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Абдуллоҳ айтиб юрар эди: “У билан бирга уч кечани ўтказдим. Бомдод намозига қадар ўрнидан турганини  кўрмадим. Фақат кўрпасини ёпинса ёки бир  ёнбошига ағдарилса, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилар ва “Аллоҳу акбар” деб қўяр эди. 

– Яхшиликдан бошқа сўз айтганини эшитмадим, – дейди Абдуллоҳ. – Уч кеча ўтиб бўлди, менга унинг амаллари оз кўринди.

– Эй Аллоҳнинг бандаси, мен билан отам ўртасида низо ўтгани йўқ, – дедим. –Лекин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳива саллам сен ҳақингда уч бора: “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади”, деганларини эшитдим. Уч марта ҳам сен келдинг. Шунинг учун сенинг амалларингни кўргани  уйингга киришни ихтиёр қилдим. Аммо сендан  бирор катта амал содир бўлганини кўрмадим.  Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  сен ҳақингда айтган сўзлардаги даражаларга  етиштирган амал нима ўзи? 

– У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа  нарса эмас, – деди ансорий.

  Мен ортимга қайтиб кетаётган эдим, чақириб:

– У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа  нарса эмас, фақат бундан ташқари, мен ҳеч  қачон бирор мусулмонга хиёнат ва фирибгарлик қилмадим. Бирорта мусулмонга Аллоҳ  таоло ато қилган яхшиликка ҳасад қилмадим, – деди”.

– Ҳа, мана шу экан сени (жаннат башорати  бўлишига) олиб келган! Мана шу экан бизларнинг тоқатимиз етмайдиган амал, – деди Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу».

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид