Жаннат кийимларини кийиш

Жаннат кийимларини кийиш

imon.uz 2024-09-23 01:28:15 183

Мусулмон киши саховатли, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзувчи, дунёда яхши амаллар қилиб охиратда Аллоҳнинг улкан мукофатларини қўлга киритишни мақсад қилиши лозим.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмонга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизур.

Қайси бир мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари ила таомлантирур.

Қайси бир мусулмон сувсиз, чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ азза ва жалла уни раҳийқи махтумдан (жаннат шаробидан) сероб қилур», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда инсон ҳаётида доимий равишда эҳтиёж тушиб турадиган кийим, таом ва шароб ҳақида сўз кетмоқда.

Биринчи кийими йўқ мусулмонга кийим кийдириш:

Абу Нуъайм ривоят қилишича:

«Ҳиббон ибн Жузъ ас-Силмий отасидан ривоят қилган. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўша (мусулмон) асирни олиб келибди. У зот Жузъга икки чопон кийгазибдилар. Жузъ ўша ерда мусулмон бўлибди.

Сўнгра у зот унга:

«Сен Оишанинг олдига кирсанг, ўзининг олдидаги чопонлардан иккитасини беради», дебдилар».

У Оишанинг олдига кириб:

«Аллоҳ сенга нусрат берсин! Менга ўзингнинг олдингдаги чопонлардан иккитасини танлаб бер. Аллоҳнинг Пайғамбари менга улардан иккисини кийдирдилар», дебди. У қўлидаги узун мисвок билан кўрсатиб, мана буни, мана буни ол, дебди.

Иккинчи қорни оч мусулмонга таом бериш:

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ал-ғарро» деб аталадиган жомлари бор эди. Уни тўрт киши кўтарар эди. Чошгоҳ бўлганида чошгоҳ намози ўқилди. ҳалиги жомни келтирилди. Унда сарийд номли таом пиширилган эди. Унинг атрофига айланиб ўтиришди. Кўпайиб кетишганидан чўккалаб ўтиришди. Бир аъробий бу қандоқ ўтириш, деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло мени карамли банда қилган, мени жабрчи, қайсар қилмаган», дедилар ва гапларида давом этиб: «Атрофидан олиб енглар, ўртаси турсин, барака бўлади», дедилар.

Учунчи  сувсиз, чанқаган мусулмонга сув бериш:

Имом Табароний ва Ибн Асокир Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:

«Муҳожирлар Мадинага келишганда сув ёқмади. Бани ғифорлик бир кишининг Рума номли булоғи бор эди. Ундаги бир меш сувни бир мудд донга сотар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Ушбу булоққа жаннатдан бир булоқ», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг ҳам, аҳли аёлимнинг ҳам бундан бошқа нарсамиз йўқ. Бера олмайман», деди.

Бу гап ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга етди. У ўша булоқни ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олди. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, агар у булоқни сотиб олсам, у одамга қилганингиз каби менга ҳам жаннатда булоқ қиласизми?» деди.

«Ҳа», дедилар.

«Батаҳқиқ, мен уни сотиб олдим ва мусулмонларга тутдим», деди».

Мақола “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби асасида тайёрланди.

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид