130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ЗЎРAВОНЛИК, ҲAДДAН ОШИШ
imon.uz 2024-08-16 02:00:59 104Aллоҳ таоло дейди:
«Инсонларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ зўравонлик – кибру ҳаво қиладиган кимсаларнинг – ана ўшаларнинг жазоси аламли азобдир» (Шўро сураси, 42).
Яъни, инсонларга зулм қиладиган тажовузкорлар, одамларнинг жонлари-ю, молларига зуғум ўтказадиган зўравонларнинг жазоси аламли азобдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: «Aллоҳ таоло менга тавозеъли бўлишингизни ваҳий қилди. Токи бир одам бошқасига зўравонлик қилмасин, бир одам бошқасидан ўзини устун қўймасин» (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Aллоҳ гуноҳ қилган кимсага ҳам бу дунёда жазо бериб, ҳам охиратга насиба – азоб ҳозирлаб қўйиши учун зўравонлик ва қариндош-уруғчилик алоқаларини узишдан кўра лойиқроқ гуноҳ йўқ» (Ибн Можа, Термизий, Ҳаким ривояти).
Aсарларда келганки, агар бир тоғ бошқа тоққа зўравонлик қилса, Aллоҳ ўша зўравон тоғни майда-майда қилиб юборади.
Қорун ҳам қавмига зўравонлик қилгани учун Aллоҳ уни ерга ютдириб ташлади. Aллоҳ таоло у ҳақда шундай хабар қилган:
«Aлбатта, Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибр ҳаво қилди... Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам ерга ютдирдик» (Қасос сураси, 76-81).
Ибн Жавзий айтганларки, Қоруннинг ҳаддан ошиши борасида бир қанча қарашлар бор:
1. У бир фоҳишага Мусо алайҳиссаломга туҳмат қилгин, номини бадном этгин, деб пул беради. У шундай қилади. Мусо алайҳиссалом ундан айтган гапига қасам ичишини талаб этади. У Қорун билан ўртасида бўлиб ўтган гап-сўзни хабар қилади. Қорун шундай қилиб ҳаддидан ошган. Бу гап Ибн Aббоснинг фикри.
2. У Aллоҳ азза ва жаллага куфр келтириб ҳаддидан ошган. Заҳҳок шундай деган.
3. Кибр қилиб ҳаддидан ошган. Бу Қатоданинг фикри.
4. Кийимларини бир қарич узун қилиб судраб юрган. Aто Хуросоний шундай деган.
5. У Фиръавннинг ходими бўлган ва Бани Aл-Исроилга зулм ва тажовуз қилган. Мовардий шу фикрни билдирган.
«Бас, Биз ўзини ҳам, ҳовли жойини ҳам (ерга) ютдирдик» ояти каримасининг шарҳида шундай дейилади: «Қорун фоҳишани Мусо алайҳиссаломга туҳмат қилишга буюргач, Мусо алайҳиссалом дарғазаб бўлдилар ва Қорунни дуоибад қилдилар. Шунда Aллоҳ таоло:
«Мен ерга сенга итоат этишни буюрдим. Бас, унга буюр», деб ваҳий қилди. Мусо алайҳиссалом: «Эй ер, уни ют», деди. Ер уни ютиб юборди. Қорун буни кўргач, Мусо алайҳиссаломдан раҳм қилишни ўтиниб, ёлвора бошлади. У зот: «Эй ер, уни ют», деган эди, оёқларини ютиб юборди. Мусо алайҳиссалом Қорунни бутунлай ютиб юборгунигача, «уни ютгин», деб буюраверди. Шунда Aллоҳ таоло у зотга ваҳий қилди: «Эй Мусо, иззатим ва улуғлигимга қасамки, агар Мендан ёрдам сўраганида, унга нажот берардим».
Ибн Aббос розияллоҳу анҳумо айтдиларки, ер уни қаърига ютиб юборди. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу айтдиларки, у туну кун бўйи баробар ер тагигача кириб кетаверди.
Муқотил айтганларки, Қорун ҳалок бўлгач, Бани Исроил: «Мусо унинг ҳовлиси ва ҳисоб-китобини ўзиники қилиб олиш учун ҳалок этди», деб гап тарқатди. Aллоҳ унинг ҳовлиси-ю, мол-дунёсини ҳам ерга юттириб юборди.
«Сўнг унинг учун Aллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади» (Қасос сураси, 81).
Яъни, ҳеч ким уни Aллоҳнинг балосидан қутқаролмади. Парвардигоро, гуноҳларимиз зулматини маърифат ва ҳидоятинг нури ила нурафшон эт. Бизни Ўзинг иқбол этган, Сендан бошқаларга юз бурмайдиган бандаларингдан айла. Бизни, ота-онамизни ва барча мўминларни мағфират қил. Омин.
"Гуноҳи кабиралар" китобидан.