ЗУБАЙР ИБН АВВОМ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

ЗУБАЙР ИБН АВВОМ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

imon.uz 2024-11-28 10:52:20 129

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг оналари Софийя бинти Абдулмуттолиб бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари эди. Яъни, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммаларининг ўғли эдилар.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Қурайш қабиласининг Асад уруғидан бўлиб, у кишининг кунялари Абу Абдуллоҳ эди.

Зубайр ибн Аввом ёшлигидан от миниб, чавондозлик ва паҳлавонликка мойил бўлиб ўсди. У кичик ёшдалигидаёқ кишилар орасида ўзининг мазкур сифатлари билан шуҳрат топган эди.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи «Табақотул Кубро» китобида зикр қилишича, Зубайр ибн Аввомнинг онаси Софийя бинти Абдулмуттолиб кичиклигида отасидан етим қолган ўғли Зубайрни қаттиқ калтаклар эди. Одамлар ахир уни ўлдириб қўясан-ку, жигарини эзиб юбординг-ку, болани ҳалок қилдинг-ку, десалар, мен буни пишсин деб, катта бўлганда лашкарларни ортидан эргаштирсин деб ураман, дер эди.

Бир куни Маккада кичкина Зубайр ибн Аввом бир катта одам билан муштлашиб қолди. У ўз рақибини уриб, қўлини синдирди ва ер тишлатиб қўйди. Ҳалиги одамни кўтариб кетишаётиб Со­фийя­нинг олдидан ўтиб қолишди. У одамлардан:

«Бунга нима бўлди?» деб сўради.

«Зубайр билан муштлашди», дедилар.

Бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Ахир ўғил тоғага тортади-да. Зубайр ибн Аввомнинг тоғаси кимсан шери Худо, саййиди шуҳадо Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу эди.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Исломни биринчи бўлиб қабул қилган еттиликка кирадилар. У киши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейин, тўртинчи ёки бешинчи бўлиб, Исломга кириш бахтига муяссар бўлганлар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўшанда ўн беш-ўн олти ёшда эдилар. У киши Аллоҳ таолонинг инояти ила ёшликдан Ислом таълимотлари асосида ўсдилар. Дастлабки мусулмонлар Аллоҳ таолонинг дини йўлида тортган барча машаққат ва қийинчиликларга баробар шерик бўлдилар.

Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё»да Абуласваддан келтирган ривоятда жумладан қуйидагилар айтилади:

«Зубайрнинг амакиси уни бўйрага ўраб, осиб қўяр ва олов ёқиб, унга тутунни киритиб, куфрга қайт, дер эди. Зубайр бўлса, зинҳор куфр келтирмайман, дер эди».

Ушбу ривоятдан мушриклар мусулмонларни диндан қайтариш учун турли-туман азоб-уқубатларни ўйлаб топиб, ишга солганларини билиб оламиз. Бировни бўйрага ўраб осиб қўйиб, остидан ўт ёқиб, унинг тутуни билан қийнаш фақат ўта ваҳший жамоа аъзоларининг хаёлига келиши мумкин, холос. Шундоқ бўлса ҳам иймон ҳаловатини татиб қолган мусулмонлар азоб-уқубатларга чидаганлар. Ана ўшалардан бири Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу эдилар. У киши ўта иссиқ об-ҳаволи Макка шароитида ўз амакиларининг бўйрага ўраб осиб, тагларидан олов ёқиб азоблашларига мардонавор чидабгина қолмай, мушрик амакининг қилаётган беҳуда уринишларидан кулиб, ўз иймонлари билан фахрланганлар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Дорул Арқамда олиб борган яширин диний дарсларда ҳам фаол иштирок этганлар.

Ёшликларидан чавандозлик, шижоат ва баҳодирлик сифатлари билан кўзга кўринган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан кейин ана ўша олижаноб сифатларини дину диёнат йўлида ишга солдилар.

Ибн Асокир келтирган ривоятда Саъийд ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Аллоҳнинг йўлида биринчи бўлиб қилич ялан­ғочлаган киши Зубайр ибн Аввом розияллоҳу ан­ҳудир. Бир куни у чошгоҳ пайтида ухлаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатл қилинибдилар, деган гапни эшитиб қолди. Бас, у қилич яланғочлаб, шиддат билан чиқиб келди. Унга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуч келиб қолдилар ва:

«Сенга нима бўлди, эй Зубайр?!» дедилар.

«Сизни қатл қилинганингизни эшитдим», деди.

«Нима қилмоқчи эдинг?» дедилар.

«Аллоҳга қасамки, Макка аҳлидан дуч келганини қиличдан ўтказмоқчи эдим!» деди.

Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига хайрли дуо қилдилар».

Оз сонли, ўта заиф мусулмонлар ҳар томондан ҳужумга учраб турган таҳликали бир пайтда ўн беш ёшли мусулмоннинг кўрсатган жасоратини қаранг! Ўзи ҳам, дини ва оз сонли шериклари ҳам таҳликада турган бир пайтда дуч келган душманнинг бошини узаман деб қилич яланғочлаб чиқиш ўзи бўладими!? Бунинг учун иймон бутун вужудидан мустаҳкам жой олган, Аллоҳ таолонинг дини учун жон беришга тайёр юракка соҳиб одам бўлиш керак. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ана шундоқ зотлардан эдилар.

Мушрикларнинг душманликлари ҳаддан ошиб кетгач Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан Аллоҳ учун, дину диёнат учун Ҳабашистонга ҳижрат қилган биринчи муҳожирлар ичида ана шу энг ёш, энг шижоатли Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар.

Имом Заҳабий «Ислом тарихи» китобида қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Ҳабаш аҳлидан бир қавм Нажошийнинг мулкини талашиб қолди. Нажоший унга қарши юриш қилди. Ораларида Нил дарёси бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари:

«Ким бориб, урушда ҳозир бўлиб бизга унинг хабарини келтиради?» дедилар.

Шунда Зубайр ибн Аввом ўртага чиқиб:

«Мен бориб, сизларга ишончли хабарни келтираман!» деди ва ёш бўлишига қарамай, бу хавфли хизматни ўз зиммасига олди.

Унга бир мешкобни шишириб бердилар. Зубайр ибн Аввом уни кўксига қилиб, дарёнинг уруш бўлаётган нариги тарафига сузиб кетди. У қаршидаги қирғоққа ўтиб, уруш бўлаётган жойга борди. Аллоҳ азза ва жалла Нажошийга душмани устидан нусрат берди. Зубайр ибн Аввом ўз биродарлари ҳузурига кийимини силкитиб, суюнчи, Нажоший ғолиб бўлди, Аллоҳ унинг душманини ҳалок қилди, дея югуриб келди. Мусулмонлар бу ғалабадан шод бўлдилар ва кўнгиллари қувончга тўлди. Улар Зубайр ибн Аввомнинг шижоатига тан бердилар».

Кейин у киши Маккада ҳолат яхшиланибди, деган хабарга ишониб қайтгач, иш бошқача эканини билиб, яна Ҳабашистонга қайтган ва икки ҳижрат соҳибларидан бўлганлар.

Зубайр ибн Аввом Ҳабашистондан иккинчи марта Маккага қайтиб келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилаётган эдилар

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид