"САЛАФИЙ"ЛАР ВА ҲУЛУЛ АҚИЙДАСИ

imon.uz 02-09-2021 352

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бугунги кунда, фақат ўзларинигина энг соф “тавҳид”га эътиқод қилишини таъкидлайдиган “салафий”лар Қуръон оятлари ва ҳадисларда келган муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маъносига асосланган ҳолда, Аллоҳнинг сурати, жисмоний тана аъзолари, тарафи, чегараси бор эканлиги (тажсим ақийдаси)га эътиқод қиладилар ҳамда бу бузуқ эътиқодларида уларга ҳамфикр бўлмаган мусулмонларни куфр ва адашувда айблайдилар. Шу билан бирга, улар Аҳли сунна вал жамоа мусулмонларига, яъни мотуридийлар ва ашъарийларга туҳмат қилиб, “улар Аллоҳ ўз зоти билан ҳар ерда мавжуд дейишади”, деб одамларни алдайдилар.

Бу ёлғон даъво билан, мотуридийлар ва ашъарийлар Аллоҳни махлуқотлар билан бирлашиб кетиши, яъни хулул (ёки ваҳдатул вужуд) ақийдасида эканлигига ўз илмсиз ишқибозларини ишонтирмоқчи бўладилар ва бунга эришадилар ҳам. Бунда улар, “ваҳдатул вужуд” ёлғон ақийдасига ишонувчи айрим сохта сўфийларнинг залолатларини мотурудий ва ашъарийларга нисбат беришни мўлжаллайдилар.

Лекин, аслида ким адашган хулул ақийдасида эканлигини билиб олишимиз учун, олдин ўзи ҳам салафий бўлган, кейинчалик буни катта адашув эканлигини тушуниб, Аҳли сунна йўлига қайтган ва бугунги кунда салафийларнинг залолатларини фош қилишда жонбозлик кўрсатаётган Шайх Сайф Алий Ал-Асрийнинг қуйидаги сўзларига эътиборимизни қаратайлик.

Шайх Сайф Алий ал-Асрий ўзининг «ал-Қовлу Тамам би исбати Тафвиз мазхабан ли Салафи ал-Кирам» китобида айтади: “Аллоҳни Зоти билан Аршнинг “устида” жойлашган деб таъкидлайдиган одамдан: “Аллоҳни махлуқотлар билан бирлашиб кетиши (яъни хулул) ҳақидаги ақийда тўғрисида қандай фикрдасиз?”, деб сўраймиз.

Агар айтсаки: “Бу очиқ адашувдир ва ҳақ йўлдан оғишдир”. Биз: “Бу масалада сиз Аҳли сунна билан ҳамфикр бўлдингиз. Лекин сизнинг бу эътиқодингиз, ўзингизнинг –“Аллоҳ Зоти билан Аршнинг устидадир”, деган сўзларингизга хилофдир”, деймиз. Агар у савол берсаки: “Қандай қилиб хилоф бўлар экан, нима учун?”. Биз жавоб берамиз: “Сизлар Аллоҳ таоло Зоти билан жойлашган деб белгилаётган “уст” деган тараф - яратилган ёки яратилмаган бўлиши лозим.

Агар сиз: “Барча тарафлар яратилгандир”, десангиз, сизнинг сўзларингиздан келиб чиқиб, Аллоҳ таоло яратилган махлуқотининг ичида (у билан бирлашган ҳолда) бўлиши керак – бу эса куфрдир. Агар сиз: “Аллоҳ жойлашган “уст” тарафи яратилган эмас”, десангиз, сиз Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ барча нарсанинг яратгувчисидир” (Раъд сураси 16 оят), деган сўзларини ёлғонга чиқараётган бўласиз – бу ҳам куфрдир.

Агар сиз айтсангизки: “Биз буни йўқлик (мавжуд эмас) тарафи деймиз, мавжуд (ҳаммага маълум) тараф деб айтмаймиз”. У ҳолда биз айтамизки: “Бу сўзингиз Аллоҳнинг мавжуд эканлигини рад қилишдир! Ақли расо одам, мавжуд бўлган нарса, мавжуд бўлмаган жойда мавжуддир дея оладими? Бу тўлиқ бемаънилик-ку!”.

Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий (229-321 х/844-933 м) "Ақида ат-Таҳовия"да айтадилар: ومن وصف الله بمعنى من معاني البشر فقد كفر. فمن أبصر هذا اعتبر وعن مثل قول الكفار انزجر وعلم أنه بصفاته ليس كالبشر . . وتعالى عن الحدود والغايات والأركان والأعضاء والأدوات، لا تَحْوِيه الجهاتُ الستُّ كسائر المُبتدَعات. “Ким Аллоҳ Таолони инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларникига ўхшаган сўзлардан тийилади ҳамда Унинг сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади”.

“У Зот чегаралар, ниҳоялар, бўлаклар, аъзолар ва асбоблардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмайди”

Ҳофиз Ибн Хажар ал-Асқалоний (773-852 х/1372-1449 м) “Фатхул Борий”да айтадилар: قال الحافظ إبن حجر العسقلاني في الفتح: قال القرطبي في المفهم قوله " إن الله يمسك " إلى آخر الحديث , هذا كله قول اليهودي وهم يعتقدون التجسيم وأن الله شخص ذو جوارح كما يعتقده غلاة المشبهة من هذه الأمة , وضحك النبي صلى الله عليه وسلم إنما هو للتعجب من جهل اليهودي “Қуртубий (578-656 х/1183-1258 м)

“Ал-Муфҳим”да айтадиларки, Аллоҳни маконни эгаллаши ва тана қисмларига эга эканлиги тўғрисида фикрларнинг барчаси яхудийларга тегишлидир. Улар Аллоҳни одамларга ўхшаш жисми ва аъзолари бор деб, ҳудди ушбу умматнинг мушаббиҳалари (Аллоҳни махлуқотларга ўхшатувчилари) сингари эътиқод қиладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудийларни жоҳилликларидан ажабланиб кулар эдилар” 

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид