АҲЛИ СУННА ОЛИМЛАРИ

АҲЛИ СУННА ОЛИМЛАРИ

imon.uz 27-12-2019 661

Мавлоно Шайх Зафар Аҳмад ал-Усмоний (Аллоҳ таоло у кишини раҳмат қилсин) ҳаётлари ҳақида сўзлар эканмиз, биз устозимиз, улуғ ва мўътабар аллома Шайх Абдулфаттоҳ Ғуддаҳ (Аллоҳ у кишини асрасин) ҳазратларининг «Инҳоъ ас-сакан ила ман ютолиъу «Эъло ас-сунан» номли китобларининг кириш қисмида айтган сўзлари билан кифояланамиз. Бу китобга Шайх «Қавоъид фий улум ал-ҳадис» деб сарлавҳа қўйганлар. Мавлоно Шайх ал-Усмоний (Аллоҳ таоло у кишини раҳмат қилсин) у пайтда ҳаёт эдилар, шундай қилиб биз, биринчи бўлиб, Шайх Абдулфаттоҳ Ғуддаҳнинг гапларини иқтибос қиламиз (Аллоҳ у кишини асрасин), ундан кейин озгина мулоҳазаларимизни ҳам қўшимча қиламиз:

У [Зафар Аҳмад ал-Усмоний] билимдон, тасдиқловчи, изланувчи, тадқиқотчи, собит ҳужжат, шарҳловчи, ҳадис устаси, малакали ва кучли ҳуқуқшунос ва назариячи, тарихчи, ёзувлар мутахассиси, синчков, зоҳид ва ўткир қалб соҳиби, сўфий Зафар Аҳмад ибн Латиф ал-Усмоний ат-Таҳонавий 1310 ҳижрий санада Рабиъ ул-аввалнинг 13 кунида (1892 йил октябрь ойи) ота-боболарининг юрти, Ҳинд ерларининг энг мўътабар илм маркази бўлмиш Дор ул-улум Девбандда дунёга келдилар. У кишининг оналари уч яшарлигида вафот этган бўлиб, бувиларининг қўлида жуда гўзал тарбия олиб, вояга етдилар. Бувилари ҳожия ва солиҳа аёл эдилар. Шундай қилиб, у киши бувиларининг зуҳду тақво ва диёнатларидан баҳраманд бўлдилар. Беш ёшга тўлганидан кейин Девбанднинг катта ҳофизлари билан бирга «Қуръони карим»ни қироат қила бошладилар. Бу ҳофизлар орасида Дор ул-улум ўқитувчиларидан Ҳофиз Номдор ва у кишининг муовини Ҳофиз Ғулом Расул ва бувисининг иниси бўлмиш Мавлоно Назир Аҳмадлар бор эди. Етти ёшга тўлганидан кейин урду ва форсий китобларни мутолаа қила бошлади, ҳисобот ва математикага оид дарсликларни катта олим Мавлоно Муҳаммад Ёсиндан ўргана бошлади. Бу киши бугунги кундаги Покистоннинг етук алломаси, бизнинг устозимиз, улуғ олим, Карочининг Бош муфтийси, «Дор ул-улуми исломия»нинг асосчиси, Шайх Муҳаммад Шафиъ ад-Девбандийнинг отаси эди.

Сўнгра у киши тоғаси бўлмиш Мавлоно Муҳаммад Ашраф Али ат-Таҳонавийнинг (Аллоҳ сирини муқаддас қилсин) ҳалқаларига қўшилиш учун Девбанддан Тана-Бхаванга кўчиб келиб, маҳоратли олим Мавлоно Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Гангуҳий билан араб тилида сарф, синтаксис ва адабиёт ўқий бошладилар. Ҳаким ал-умма бўлмиш тоғасидан тажвид фанидан маълум даражада ва у кишининг «ат-Талхисот ал-ашр» тўпламларидан ҳамда Жалолиддин Румийнинг «Маснавий»ларидан таълим олдилар; оғалари Мавлоно Саид Аҳмад билан «ат-Талхисот»нинг бир қисмини ўқиб чиқдилар.

Бир оз вақтдан сўнг тоғаси Ҳаким ал-умма ўзининг йирик «Баён ал-Қуръон» асари билан машғул бўлиб қолганларидан кейин, уни Конипурга олиб келиб, Конипурда яшаб юрган вақтлари ўзлари ташкил қилган «Жомиъ ал-улум» мадрасасига ўқишга бердилар. У киши жиянларини ўзларининг энг нуфузли шогирдлари, Мавлоно Муҳаммад Исҳоқ ал-Бардавоний ва Мавлоно Муҳаммад Рашид ал-Конипурийларнинг таълимига топширдилар. Шундай қилиб, у киши бу устозлар билан ўша диёрларнинг мадраса дастурларида ўтилаётган қуйидаги ҳадис китобларидан сабоқ олдилар: «Саҳиҳ ал-Бухорий», «Саҳиҳи Муслим», «Сунани Абу Довуд», «Сунан ан-Насоий», «Сунан ат-Термизий», «Сунани Ибн Можа» ва «Мишкот ал-Масобиҳ» ҳамда бир қатор адабиётлар ва ҳадисшуносликка оид китоблар билан билимларини ошириб бордилар. У киши яна дастурдан ўрин олган фиқҳ, тафсир, адабиёт ва аниқ фанларга доир китоблардан сабоқ олдилар.

Шариат ва аниқ фанларда санадга эга бўлиб, ўз иқтидорлари билан бошқа талабалардан фарқланадиган бўлганларидан кейин, у киши Саҳоранпурга келиб, «Мазоҳир ал-улум» мадрасасига ўрнашдилар ва маърифатли, имом, муҳаддис, фақиҳ ва «Базл ал-мажҳуд фий шарҳи «Сунани Аби Довуд» муаллифи Мавлоно Халил Аҳмад ал-Саҳоранпурийдан ҳадис тинглай бошладилар. Ушбу ориф, муҳаддис ва имомнинг яқин шогирди бўлиб таълим олганларидан кейин, устозлари у кишига ҳадисда ва ҳадис фанларида ҳамда қолган аниқ ва ривоят қилиниб келаётган фанлардан ижозат бердилар. Шунингдек, у ўқишларининг юқори босқичларини тугаллаш учун 1328 ҳ. йили (1910 мелодий йил) санадга эга бўлдилар. Ўша пайти у киши жуда ёш, яъни ўн саккизда эдилар. Ҳеч ким [бу ёшда] бундай баланд чўққига чиқолган эмас,  энг ёрқин ва билимда танҳо талабалардан ташқари, албатта. Бу даврда у киши мантиқ ва муҳандислик ҳамда олий математика соҳасидаги айрим китоблар бўйича ҳам юқорида зикр этилган мадрасадаги устозларининг [маърузаларига] қатнашдилар, улар орасида мадраса маъмури Мавлоно Абдуллатиф ва Мавлоно Абдулқодир ал-Панжобийлар бор эди.

Ўзининг фазли, бемисл заковати ва ёрқин сиймоси туфайли у киши мана шу мадрасада ўқитувчи бўлиб тайинландилар. У киши бу даргоҳда етти йил давомида фиқҳ, [фиқҳ ва ҳадисшунослик] асослари, мантиқ, фалсафа ва бошқа фанлардан дарс бердилар. Сўнгра Тана-Бхавандаги «Имдод ал-улум» номли мадрасага ўтиб, таҳсилнинг [охирги] йилида ўтиладиган, номлари юқорида зикр этилган китоблардан ҳамда фиқҳ ва тафсирга оид китоблардан дарс бердилар. Шундай қилиб, у киши булардан фойдаланиб, янада юксалиб бордилар ва қўлларида бир қанча забардаст [олимлар] етишиб чиқди, улар эса илмларини ўша юртларда тарқатиб, инсонларга шариат йўлларини ёритиб бордилар.

Шундан кейин Мавлоно Ҳаким ал-умма у кишига фатво ва дарс бериш вазифалари билан бир вақтда «Эъло ас-сунан»ни ҳам тасниф қилиш вазифасини юкладилар. У киши барча бу вазифаларни аъло даражада бажардилар. «Эъло ас-сунан» устида қарийб йигирма йил ишладилар. Бу асарни 18 жилд қилиб туздилар ва кейинчалик яна иккита жилдда иккита кириш қисмни қўшдилар ва шундай қилиб бу ажойиб китоб йигирма жилддан иборат бўлди. Бу китобга яна бир алоҳида китобни илова қилиб қўшдилар, номи «Инжо ал-ватан ъан ал-издиро би-Имом аз-заман» бўлиб, унда Имом Абу Ҳанифа, у зотнинг шогирдлари, уларнинг шогирдлари ҳамда улардан кейинги фақиҳ ва муҳаддисларнинг ҳаёт ва ижодлари ҳақида жуда гўзал ва кенг маълумотлар берилган. Бу китобнинг биринчи қисми 1387 ҳ. йили (1967 мелодий йил) Карочида чоп этилган эди.

Кейинроқ эса Мавлоно Ҳаким ал-умма у кишига ал-Жассос томонидан ёзилган «Аҳком ал-Қуръон» услубида «Далоил ал-Қуръон ъала масоил ан-Нўъмон» асарини ёзишга буюрадилар. У зот бу асарни «Нисо сураси»да тугайдиган иккита жилддан иборат китоб қилиб тузадилар. Бу китоб ҳақида, фақиҳлар ва уламолар тилида айтганда: “Буни ўқиш узлуксиз роҳат бағишлайди, бунақанги китобни ёза билиш эса улуғ зафардир”, дейиш мумкин.

У киши Тана-Бхаванда яшаган вақтларида урду тилида бир нечта китоб ёздилар. Улар орасидан қуйидаги китоблар ўрин олган: «ал-Қавл ал-матин фи-л-ихфо би-омин» ва «Шаққ ал-ғайн ъан ҳаққи рафъ ал-йадайн», «Раҳмат ал-қуддус фий таржимати «Беҳжат ан-нуфус» ва «Фотиҳат ал-калом фи-л-қироати халф ал-имом», бу китобда у киши имомга эргашувчи барча намозларда, айниқса жаҳрий намозларда, фотиҳани қироат қилиш жоиз эмаслигини ҳужжатлар билан кўрсатадилар; махфий намозларда эса буни қироат қилиш жоиз, чунки бунга Имом Абу Ҳанифанинг ўзидан ҳам ривоят бор. Мен бир сафар Шайхнинг (Аллоҳ таоло у кишини асрасин) зиёратига борганимда, у киши шу нарсани зикр қилганларида, мен: “Бу Имом Муҳаммаднинг ҳам фикридир”, дедим. У зот: «Шундай, агар ҳатто Камол ибн ал-Ҳумом буни инкор қилсалар ҳам!”, дедилар. У зотнинг араб тилида «Кашф ад-дужо» деган китоблари бор; бу китоб алоҳида бўлиб чоп этилган ва фатво-сўровчиларнинг тоғаси Ҳаким ал-уммага берган саволларига у киши берган жавобларни ўзида жамлаган «ал-Фатово ал-имдодия»нинг бир қисми сифатида, ундаги фиқҳга ва бошқа фанларга оид масалаларни қамраб олиб, етти жилддан иборат катта бир асар ҳолига келган эди. Шайх Ҳаким ал-умма буни «Имдод ал-аҳком фий масоил ал-ҳалол ва-л-ҳаром», деб номлаганди.

Сўнгра у киши Бирманинг Рангун шаҳридаги «Муҳаммадия» мадрасасига кетдилар ва у ерда икки йил даъват, ваъз-насиҳат ва таълим бериш билан шуғулландилар. Ундан сўнг яна Тана-Бхаванга қайтиб келдилар, одамларни ўқитиш ва фатволар бериш билан бир вақтда «Далоил ал-Қуръон» асарини ҳам ёзишда давом этдилар.  Ундан кейин Покистон пайдо бўлгунча Шарқий Покистоннинг Дакка шаҳрига бориб [ҳозирги Бангладеш], у ерда ҳадис, фиқҳ ва [фиқҳ ва ҳадис] асосларидан университетда ўқитувчи бўлиб ишладилар. Кейинчалик у киши Дакканинг «Олия» мадрасасида бош мударрис лавозимига кўтарилиб, саккиз йил ўша ерда қолдилар. Бу ерда «ал-Қуръоният ал-арабия» университетини ташкил қилдилар, ҳозирги кунда бу даргоҳ Шарқий Покистоннинг Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмлар бўйича энг зўр билим даргоҳларидан ҳисобланади.

Бундан кейин у киши Ғарбий Покистонга, ҳозир истиқомат қилиб турган Синд диёридаги Ҳайдарободнинг Ашрафобод шаҳрига «Дор ал-улум ал-исломия»га бош мударрис бўлиб келдилар. Бу ерда ҳадисдан дарс бердилар, савол ва фатво сўровчиларга фатво бериш вазифаси билан шуғулландилар, толиби илмларга ўзларининг феъл-атвор, нутқи ва хайрли амаллари билан кўп манфаат етказдилар.

Аллоҳ у кишини умрларини узоқ қилсин, амаллари ва илмларига барака ато этсин, хизматлари ва ютуқлари янада давомий бўлиши учун мукаммал ҳимоя билан ҳар хил ёмонликлардан сақласин ҳамда Ўзининг розилигига мушарраф қилсин!

Аллома Абдулфаттоҳ Абу Ғуддаҳнинг (Аллоҳ у кишини асрасин) «Қавоид фий улум ал-ҳадис» китобининг кириш қисмидан келтирилган иқтибос шу ерда тугайди.

Мавлоно Шайх Зафар Аҳмад ал-Усмоний (Аллоҳ таоло у кишини раҳмат қилсин) «Қавоид фий улум ал-ҳадис» китоби устозимиз Аллома Абдулфаттоҳ Абу Ғуддаҳнинг (Аллоҳ у кишини асрасин) нашри бўйича чоп этилганда, ҳали ҳаёт эдилар. У вақтда Ашрафободнинг «Дор ал-улум ал-исломия» даргоҳида бош мударрис бўлиб, қарилиги, доимий хасталиклари ва қувватсизликларига қарамай «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан дарс берардилар. Бир куни менга шундай деб қолдилар: “Қачонки, хасталигим кучайганини сезсам, «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан дарс беришни кўпайтираман ва Аллоҳ таоло [буни] дардимга шифо қилиб қўяди”.

Ўзининг қарилиги ва хасталигига қарамай, у киши доимий зикрда ва нафл ибодатда эдилар. У киши барча намозлар учун масжидга қатнардилар ва бундан кўп дард ҳам чекардилар. Ҳаётларининг сўнггига бориб, кўпинча тиллари Аллоҳнинг зикридан намланиб турарди. 1394 ҳижрий йили (1974 мелодий йил) Рамазон ойида узлуксиз хасталиклари учун шифокорлар у кишига рўза тутишни ман этиб қўйишди, аммо у зот бунга кўнмай, шундай дердилар: “Аббос (разийаллоҳу анҳу) тўқсонга кирганларида ҳам, рўзадан кўп машаққат ва азият чексалар ҳам, рўза тутишни тўхтатмадилар, ҳовузчада сувда ўтириб ўтказсалар ҳам, аммо каффоратини (фидя) тўлашга рози бўлмадилар; шундай экан, мен қандай қилиб каффоратини (фидя) тўлашга рози бўлай?!”

Бу у кишининг ҳаётлари эди! Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин!

У зот 1394 ҳижрий йили (1974 мелодий йил) Зулқаъда ойида Аллоҳ таоло у кишининг руҳларини олгунча шундайлигича қолдилар.

Аллоҳ таоло у кишини Ўзининг раҳматига ва розилигига сазовор қилсин!

У кишининг ўғли отаси вафот этган санани ушбу оятнинг абжад рақамидан чиқарган экан: Дарҳақиқат, у “роҳатда, фароғатда ва сернеъмат жаннатдадир” (Қуръон, 56:89).

 Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний

Инглиз тилидан Маҳмуд Халил таржимаси

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид