АГАР ШОШМАСА

АГАР ШОШМАСА

imon.uz 2022-06-10 11:22:53 322

Аллоҳ таоло саботли бандасини яхши кўради. Оиша онамиз розиёллоҳу анҳу айтадилар:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар, яна дуо қилдилар, яна дуо қилдилар”.

Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам дуо ҳақида шундай деганлар:

Сиздан бировингиз модомики, “Мен дуо қилдим, ижобат бўлмади-ку!”, дея шошилмаса дуоси ижобат қилинади.

Бу ҳадиснинг шарҳида имом Қасталоний айтади:

Ким дуодан чарчаса унинг дуоси қабул бўлмайди. Чунки дуонинг ўзи қабул бўлса ҳам, қабул бўлмаса ҳам алоҳида ибодатдир”.

Мўъмин киши ибодатдан чарчамаслиги лозим. Вақти келса Аллоҳ дуони албатта ижобат қилади. Ҳали вақти келмагандир эҳтимол. Ҳамма нарсанинг вақти бор. Эҳтимол қилинган дуонинг эвазини охиратда бериш учун бу дунёда ижобат қилишни тақдир қилмагандир. Эҳтимол янада сабот билан сўраши ва ёлвориши учун ижобатни кечиктираётгандир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларининг ёлворишини яхши кўради. Эшикни кўп тақиллатадиган киши албатта бир куни киради. 


Гоҳида эса дуо ҳали тавба қилиб улгурмаган гуноҳинг борлиги учун ижобат бўлмай туради. Бундай ҳолатда дарҳол ўзимизга қайтишимиз лозим. Дуонинг ижобатига ҳеч нарса гуноҳчалик халақит қилмайди.

Мусо алаҳиссалом бир куни саҳрога ёмғир сўрагани чиқдилар. Ёмғир ёғмади. Аллоҳ таоло: “Ичингизда тавба қилмаган бир осий бор. Уни орангиздан чиқаринг”, деб Мусо ҳалайҳиссаломга ваҳий қилди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг ваҳийсини кишиларга айтиб осий кишинининг ораларидан чиқиб кетишини сўрадилар. Бир неча лаҳзадан кейин ёмғир ёға бошлади. Мусо алайҳиссалом ҳалиги гуноҳкор чиқмасада ёмғир ёққанидан таажжубланиб Аллоҳдан бунинг сабабини сўрадилар. Аллоҳ таоло у осийнинг тавба қилганини айтди. Мусо алайҳиссалом унинг кимлигини сўрадилар. Аллоҳ таоло: “Эй Мусо! Гуноҳ қилганида яшириб, тавба қилганида шарманда қиламанми?!”, дея ваҳий қилди. 


Биргина маъсият билан бутун бир халқ ёмғирдан маҳрум бўлди. 

Гоҳида ижобат сен ўзингга зарарли нарсани сўраганинг учун кечикади. Сен сўраган нарсанг ортида қандай зарарлар ётганини билмайсан. Гўдак чиройли рангларга бўялган таблеткаларни қанд деб ўйлаб онасидан уни йиғлаб сўраса ҳам онаси таблеткани унга бермайди. Аллоҳ мисоллардан олийдир. Эҳтимол ана шу бола каби биз ўзимизга зарарли бўлган нарсани сўраб қўямиз. Унинг бизга зарарини билган Аллоҳ уни бизга бермайди. Бизни унинг зараридан ҳимоя қилади.


Кичкина қизча онасидан сўраяпти:

- Онажон! Аллоҳ менинг дуойимни эшитадими?

- Ҳа қизим, эшитади.

- Унда нега менга сўраган нарсамни бермайди?

- Чунки табиб бизга сўраган доримизни эмас, биз муҳтож бўлган доримизни беради!


Тобеинлардан бири Аллоҳдан доимо узоқ вақт ғазотда юришини дуо қилиб сўрар экан. Аммо Аллоҳ унинг дуосини қабул қилмабди. У дуосининг ижобат бўлмаганидан таажжубланибди. Кечаси тушида бир киши кириб унга деди: “Агар сен ғазотга чиққанингда асирга тушар эдинг. Асирга тушсанг насроний бўлиб кетар эдинг!”.


Доимо Аллоҳнинг ман қилиши ато эканлигига ишон!


Гоҳида дуолар вақти келмагани учун ижобат бўлмайди. Агар сен сўраган нарсангни вақтидан илгари олсанг у сенинг ҳалокатингга сабаб бўлиши мумкин. Борлиқни аниқ низом асосида яратган Аллоҳ қуёшни ҳам ўз вақтида жўнатади. Фасллар алмашишини инсонни даҳшатга соладиган аниқлик билан жорий қилади. У зот ижобат вақтини ва навини сендан яхши билади. 


Саҳобалар Маккада жиҳодга рухсат сўраб кўп дуолар қилишар эди. Рухсат эса Аллоҳ ирода қилган вақтгача кечикиб турди. Аллоҳ аввал бу умматни тарбиялади. Чунки ортида ақида бўлмаган қилич гоҳида интиқом қиличи ҳам бўлиши мумкин. Аллоҳ эса у қилични динига хизмат қилишини истади, мусулмонларнинг ҳавойи-нафсига эмас!


АбдулҚодир Полвонов

Миролим Мансур тайёрлади


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид